Ўзига жалб қилувчи асосий хусусияти: Ишончлилик
Сиз бошқалар ҳал қилувчи онларда сизга суяниши мумкин бўлган инсонсиз, сиз бошқаларлар енгилиб четга чиққан вазиятларда ҳам таслим бўлмайсиз. Чунки қайсарлик муваффақиятга эришиш учун муҳим сифатлардан бири саналади, шунинг учун ҳам сиз кўпинча муваффақиятга эришасиз.
Сиз янги ерларга биринчи бўлиб қадам босувчи кашшоф эмассиз, балки уларнинг ортида келиб, уйлар қуриб, шаҳарлар барпо этувчи, унумдор боғлар яратувчи, бир қарорли инсонсиз. Агар сиз юлдузлар гардишининг иккинчиси, Бузоқ буржи остида туғилган бўлсангиз, сизда аниқ қайсарлик феъли бор. Сизнинг асосий кучингиз сабр ва тинмасдан олға интилувчи ҳаракатингизда. Сиз мақсад сари интиласиз, сизнинг чексиз сабрингиз воқеа ҳодисалар моҳиятини кўриш, уларни муваффақиятга айлантириш имконини беради. Сиз – аввал бошидан ҳаракатсиз қояни ва енгиб бўлмас кучни англатасиз.
Бузоқ – мўътадил, ўзгаришларни хушламайдиган бурж. Сизни бирор бир янги ёндашувларга ундаб бўлмайди. Сизга нотаниш ҳатти ҳаракатлар сизда ноқулайлик ва қўрқув ҳиссини уйғотади. Сизни ўзингиз яхши билган муҳитда ўзингизни кўпроқ қўрқмас ва хотиржам ҳис қиласиз. "Агар ҳаммаси яхши кетаётган бўлса, нимага янгилик киритиш керак?" деган гап сизнинг ҳаётга қарашингизни айнан ифодаси.
Сизда ўзингизга яраша феъл атвор борлигини ҳамма билади, аммо сиз кўпинча бунга урғу бермайсиз. Бир ходим ўзининг Бузоқ буржи остида туғилган раҳбари ҳақида шундай деганди: "Ҳеч ким уни жаҳлдан ўзини йўқотиб қўйганини кўрган эмас, аммо унинг ҳам сабр косаси борлигини ҳеч ким унутмайди". Умуман олганда сиз тинч ва сабрли инсонсиз, сизни жаҳлингизни чиқариш учун анча уриниш керак бўлади. Аммо сиздаги осойишталик ва кўнгилчанлик ортида портлашга тайёр турган вулқон қайнаб туради. Ўтлоқда тинч ва осуда ўтлаб юрган буқа каби сиз ҳам ҳеч кимни безовта қилмайсиз, лекин сизни синаб кўришга уринганлар учун бу жуда катта хато бўлиши мумкин.


Агар ҳеч ким сизнинг жаҳлингизни чиқармаса, сиз жимгина гуллар ифорига маст бўлиб юраверасиз. Сиз меҳрибон, ғамхўр ва муҳаббатга тўласиз, чиройли ва нафис нарсалардан завқланиб яшайсиз.
Сизга ҳукмдор бўлган Венера – қадимий афсоналардаги муҳаббат ва гўзаллик илоҳаси – сизга бадиий истеъдод берган, ранг ва шаклга, санъат ва мусиқага бўлган иштиёқни тақдим этган. Бузоқ буржи вакиллари бетакрор ва нафис бадиий дидга эга. Улар қимматли нарсаларни дарҳол ажрата олишади ва шу сабабли кўпинча улкан завқ билан турли коллекцияларни йиғадилар. Бу ажабланарли эмас, чунки улар икки «молиявий» буржнинг бири остида (иккинчиси Қисқичбақа буржи) туғилганлар ва моддий бойликлар улар учун алоҳида аҳамият касб этади. Бу бурж вакиллари учун бойлик, қимматли ашёлар, мол-мулк ва пуллар нафақат бор, балки уларга эга бўлиш зарур, улар қанча кўп бўлса, шунча яхши, деб ҳисоблашади.
Сиздаги онгли прагматизм (ҳамма нарсага амалий фойда жиҳатидан қараш) ва ижодий романтика уйғунлиги атрофдагиларни ўзига ром қилади. Бузоқ буржи замин барқарорлигини Венера эстетикаси билан уйғунлаштириб, ҳаётнинг нозик қирраларини юқори баҳолай оладиган масъулиятли ва барқарор шахсни шакллантиради.
Сиз муваффақиятингизнинг асосий калитларидан бири - бу ижодий ҳис қилиш ва мақсадга эришишдаги қатъиятнинг бетакрор уйғунлиги эканлигини ҳар доим билиб турасиз. Сиз барча соҳаларда барқарорлик ва ишончга интилиб яшайсиз, булар сиз учун асосий тамойиллардир. Сиз ишда, муҳаббатда, оилада ва уйда барқарорликка интиласиз. Бошқалар қитъалар бўйлаб саёҳат қилишлари, ҳар томонга югуришлари ёки ўз жуфтларига хиёнат қилишлари мумкин. Сиз эса ўз уйингизда, ўзингиз тўплаган нафис ва қимматбаҳо ашёлар орасида, садоқатли турмуш ўртоғингиз ёнида ўзингизни бахтиёр ҳис қиласиз. Сиз қатъиятлисиз, одатда севган инсонларингизга содиқ қоласиз.
Сиз табиатан ҳис туйғуларга бой, таъсирчан инсонсиз. Сиз беҳуда сарф-харажат қиладиган киши эмассиз, шунинг учун муҳаббатингизни қимматбаҳо совғалар орқали ифода этишга мойил эмассиз, меҳнат орқали топилган ҳар бир тийин сиз учун қадрли. Сиз қалбингиз амрига итоат қилишни хоҳлайсиз, аммо ҳис-туйғуларингизни очиқ-ойдин намойиш қилиш сиз учун қийин, кўнглини, сирини бировга очмайдиган инсонсиз.
Сиз билан яшаш ҳамиша ҳам осон эмас. Баъзан сиз ҳаддан ташқари қатъий, камгап, тежамкор, ўз фикрида қаттиқ туриб оладиган ва шубҳаланувчан бўлиб қолишингиз мумкин. Сизнинг сукунатингиз ортида ҳасад ва рақобат туйғулари ҳам яширинган бўлиши мумкин. Сизни ўрнингиздан қўзғатиш қийин, баъзан шикоят қилишингиз, дангаса бўлиб қолишингиз мумкин. Сизда катта миқдорда қувват бор, аммо уни ўзгалар истагига қараб эмас, фақат ўз хоҳишингизга қараб сарфлайсиз.
Венера Бузоқ буржи вакилларининг ижтимоий томонини алоҳида ажратиб кўрсатади. Нотаниш одамлар билан сиз кўпинча уялиб, босиқлик билан муомала қиласиз, лекин яхши мезбон бўлиш қобилиятига эгасиз. Ҳурмат қиладиган инсонларингизни хурсанд қилиш сизга ёқади. Сиз Арслон ёки Тарози буржи вакиллари каби енгил табиатли ўйин-кулгуларга берилмайсиз, аммо сиз яхши таомлар, яхшигина шарбатлар ва дабдабали муҳитни қадрлайдиган инсон сифатида танилгансиз. Қулайлик ва фаровонликнинг фойдали эканига чуқур ишонасиз.
Бузоқ буржи остида туғилган инсонлар ишонч ва тўғри ақл, сезгирлик ва ҳиссиётларнинг жозибали уйғунлиги ҳосиласидир. Ҳар бир Бузоқ буржи вакили, биринчи қарашда амалиётчи ва ташқи кўринишда ҳиссиздек кўринган инсон ичида, ташқи дунёга чиқишга интилаётган романтик хаёлпараст инсон яшайди.