Ўзига жалб қилувчи асосий хусусияти: Қувноқ иштиёқ, Энтузиазм.
Сизнинг содиқлигингизга шубҳа йўқ: сиз аввало ўзингизга содиқсиз.
Ҳар бир Арслон буржи вакилининг ўзига хос қироллиги бор.
Бу қироллик катта ёки кичик бўлиши мумкин, кимдир учун бу ўз хонадони, ўз уйи, яна кимдир учун эса суюкли инсони, кимгадир қандайдир ижодий асар ёки ўзининг иш фаолияти, карьераси. Қандай бўлмасин, сиз бу қиролликнинг ягона, инкор этиб бўлмас ҳукмдори ҳисобланасиз. Арслонларнинг ўзларига бўлган юксак ишончлари уларни худди тоғ чўққисини ўраб турган булутлар каби доимо ўраб туради. Бошқалар ўз мақсадига эришгунча, Арслонлар машҳурлик чўққисига чиқиб улгуришади. Сизнинг ҳар бир ҳаракатингизда драматик истеъдод акс этади, бутун ҳаётингиз эса театр томошасига ўхшайди.
Бу театр саҳнасида сиз ўз ролингизни қидиришингизга ҳожат йўқ. Чунки сиз бу ролни аллақачон аниқлаб олгансиз. Сиз – нигоҳингиз етган барча нарсанинг ҳукмдорисиз.
Сиз бирор хонага кирганингизда, ичингизда, яширинча, барча сизни тик туриб, бир овозда «О, хуш келибсиз!» деб кутиб олишларини хоҳлайсиз. Зиёфат ва тадбирларда сиз тезда барчанинг диққат марказига айланасиз. Зукко, қувноқ, гапга усталиги билан танилган Арслон ҳар қандай тадбирга жон киритишга қодир туғма шоумен. Сиз худди қувват билан тўйинган магнит каби одамларни темир парчаларидек ўзингизга тортиб оласиз.
Сизнинг қуёш буржингиз сизга драматик актёрлик қобилияти ва умумий диққатни ўзига жалб қилиш маҳоратларини ато қилган. Ёрқин ва ифодали шахс бўлганингиз сабабли, сиз кундалик ва зерикарли нарсаларни ёқтирмайсиз. Ҳар доим қувончли ҳаяжон излайсиз, ва уни ҳаётнинг ўзи тақдим этмаса, ҳаяжонли дамларни ўзингиз яратишга ҳаракат қиласиз. Сиз ҳамиша барча ишларингизни кенг кўламда амалга ошириш учун туғилгансиз.


Меҳмонларни ўз қасрингизга (сиз уйингизни қасрдек, шохлар саройидек кўрасиз) таклиф қилганингизда, уларни ҳақиқий шоҳона тарзда меҳмон қиласиз. Сиз аъло даражадаги меҳмондўст мезбонсиз.
Кимдир иккинчи даражали ўлжани қабул қилиши мумкиндир, аммо бу Арслон учун мутлақо мос келмайди. Юлдузлар буржларининг энг ҳукмдор белгиси остида туғилган Арслон учун баъзи нарсалар "ҳаддан ташқари яхши" бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳашамат унга ҳаводек зарур. У гўзал ҳаётдан баҳра олишга шунчалик тайёрки, унинг нархи ҳақида ўйлаб ўтирмайди. Арслонлар одатда савдолашишмайди: улар бирор нарсани хоҳладиларми, унга эга бўлишлари шарт.
Сиз учун ўз обрўингиз жуда муҳим. Арслон буржи аёли ўз банк ҳисобида бир неча сўм қолган бўлса ҳам, ҳашаматли янги либос сотиб олиш учун маблағ топади. Арслон буржи эркак эса кредит картасида катта қарзи бўлса ҳам, шаҳарнинг энг яхши ресторанидан жой банд қилиши мумкин. Арслон буржи вакиллари буржлар ичидаги энг серхаражат, серчиқим инсон бўлишади (улардан кейин Тарози буржи вакиллари туришади).
Саховатли, меҳрибон ва олийжаноб бўлганингиз учунми, сиз бошқа инсонларнинг ёмон нияти ҳам бўлишига ишонишингиз қийин. Агар сизни ранжитишса, тезда тегишли жавоб қайтарасиз, лекин шу билан бирга осонлик билан кечириб ҳам қўйишингиз мумкин, сиз гина сақламайсиз. Сиз севишни, қувонишни ва ҳаётдан чин маънода баҳра олишни биласиз. Сизни Қуёш бошқаради, шунинг учун ҳам сиз доимо бошқалар ҳаётига бироз нур киритишга интиласиз. Бу, шубҳасиз, сизнинг энг жозибали фазилатларингиздан биридир. Сиз кўп жиҳатдан худди Қуёшга ўхшайсиз: ҳаётни жонлантирасиз, туганмас қувват ва магнитдек ўзига тортиш кучига эгасиз. Мунажжимлар Арслон буржини мангу болалик деб аташади: сиз ҳар бир ондан завқ олиб яшайсиз, ҳеч қандай шарт қўймасдан ўзгаларга ўз меҳрингизни, мурувватингизни тақдим этасиз.
Арслон буржида туғилган инсондан кўра яхшироқ дўстни орзу қилиб бўлмайди. Агар сиз унга тўғри ёндашсангиз (масалан, мақтасангиз), у сиз учун деярли ҳамма нарсани қилишга тайёр бўлади, лекин бунинг эвазига сиздан мақтов, юқори баҳо ва ҳурмат кутади. Ғурурингиз – сизнинг энг нозик хислатингиз. Сизнинг “мен” тушунчангиз ҳурмат эмас, балки таъзим қилишни талаб қилади, мақтов эмас эмас, балки олқиш ва мафтункорлик истайди. Ҳаддан ташқари мақтов эшитганда, унинг самимийлигига ҳеч қачон шубҳа қилмайсиз.
Фақат ўзингизни ўйлашингизга қарамай, сизга ўзингиздан бирор бир нарса бериш имкони бўлган инсонлар керак – ҳатто фақат уларнинг сизга нисбатан озгина эътирофини олиш учун бўлса ҳам. Бироқ, бундан кўпинча сизнинг ўзингизга бўлган муҳаббатингиз азият чекади, чунки бошқалардан ўзингизга мақтов сўраб олишга ғурурингиз йўл қўймайди. Сизнинг сирингиз шундаки, сиз доимо кимгадир керак бўлишингиз шарт.
Бизнесда сиз раҳбарсиз. Ҳокимиятга интиладиган яна бир бурж – бу Тоғ эчкиси буржи вакиллари, лекин улар мансаб зинапоясидан босқичма-босқич, сабр-тоқат билан кўтариладилар. Арслонлар эса ўзларини фақат юқори лавозим учун туғилган деб ҳисоблашади. Сизнинг профессионал фаолиятингизда намоён бўладиган жуда фойдали фазилатлардан бири - бу ҳар доим фойдали инсонлар билан осон танишиш қобилияти, ички сезгиси.
Сиз учун норасмий мулоқотнинг афзаллиги кундай равшан, сизнинг жамоа билан бирга ишлашингиз якка бир ўзингиз ишлашингиздан кўра самаралироқ. Сиз буйруқларни эшитишдан кўра буйруқ беришга мойилсиз, аммо бунга шунчалик самимият ва иштиёқ билан ёндашасизки, бошқалар сизга мамнуният билан бўйсунадилар.
Сиз меҳнатсевар инсонсиз, ҳеч қачон бошқалардан ўзингиз қилолмайдиган нарсани талаб қилмайсиз. Сиз қийин вазифалардан қочмайсиз ва қаршиликлардан, курашлардан қўрқмайсиз. Ҳатто қўрқувни енгиб, керакли ишни амалга оширасиз, акс ҳолда ўзингизга бўлган ҳурматингиз пасайиб кетади. Сиз ўз қадрингизни севасиз, аммо шафқатсиз эмассиз. Сизга керак бўлган нарса – бу ҳамманинг эътибори.
Сизнинг ажойиб хусусиятларингиздан бири – сиз аҳмоқона қоидаларга бўйсунишдан бош тортишингиз.
Ҳаётдаги бир хиллик сизни тезда зериктириб қўяди ва сиз ўзингизни жуда ҳам бахтсиз ҳис қиласиз. Бироқ бу азоблар узоқ давом этмайди, чунки сиз шунчаки уларга бардош беришдан мутлақо бош тортасиз. Сиз омадга қатъий ишонасиз ва тезда тушкунликдан чиқиб кетасиз.
Арслон буржи вакилларини ёқтирмаслик қийин масала (гарчи имкони бўлса ҳам). Ҳа, баъзан сиз ортиқча ўзидан фахрланувчи, ўзига ортиқча ишонган инсон каби кўринасиз. Ҳа, сиз маслаҳат беришни, одамларга қандай яшаш ўргатишни яхши кўрасиз. Лекин, буржингиз Арслон каби, баъзан бекорчи ва дангаса бўлишингиз ҳам мумкин. Сиз машҳурлик нурлари остида мулойим эркаланишни ёқтирасиз. Сиздаги илиқлик, самимият ва қувноқ табиат кўпчиликнинг кўнглини эритади, бундай хислатлар олдида жим туриш жуда ҳам қийин. Арслонларсиз дунё анча зерикарли бўлар эди.