Шодли ва қайғули пайтларида дилини кудуратдан тозалаб, соф дўстликни сақлаб қолган киши чин дўст ҳисобланади. Абу Али ибн Сино.

Абдул Боқий

Абдул Боқий. Ўйноқи юрагимни не қилсам экан?

Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

Ижодий фаолияти.

Адабиётга меҳр қўйиб, тўрт-беш ёшидан қалам тутган Абдул Боқийнинг ижод намуналари тахминан 1994-йилдан бошлаб туман, вилоят ва республика миқёсидаги Оммавий ахборот воситаларида эълон қилина бошлаган. Жумладан, «Чортоқ ҳақиқати» газетасида мақола ва шеърлари, «Халқ иродаси», «Ўзбекистон овози», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Фарғона ҳақиқати», «Кўнгил кўчалари», «Аёл қалби» каби газеталарда, «Шарқ юлдузи» журнали, «Тамаддун» алманахида шеърлари эълон қилинган.

Абдулла Боқийнинг «Кечиккан баҳорим», «Мўъжазгина мўъжиза», «Сийрат ҳудуди», «Номсиз» китоблари чоп этилган. Ижод намуналари «Чортоқ антологияси», «ХХI аср Наманган адабий бўстони» тазкираларига киритилган.

Неомодернчи шоир, ёзувчи, шунингдек, иқтидорли матбаа дизайнери Абдул Боқий 2009-йилдан буён Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ўлмасой Нишонова билан биргаликда тўрт нафар фарзандларини тарбиялаб келишмоқда.

Меҳнат фаолияти.

Дастлаб Тошкент шаҳрида «Кўнгил кўчалари» газетасида Реклама агенти сифатида ишга қабул қилиниб, фаолияти давомида дизайнерлик, сўнгра Масъул котиб лавозимларига тайинланади. Кейинчалик «Аёл қалби» газетаси таҳририятида дизайнер ҳамда масъул котиб лавозимида фаолиятини давом эттиради. 

Йиллар ўтиб «Олий хўжалик суди Ахборотномаси»га дизайнерлик вазифасига ишга ўтган Абдулбоқи кейинчалик Бош муҳаррир ёрдамчиси лавозимида, кейин эса Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ҳуқуқ ва бурч» журнали таҳририятида турли лавозимларда ишлаган. Ундан сўнг «Интеллект» газетаси таҳририятида Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттирган. 

ДИЛХАТ

Турмуш ўртоғим, кўз-қорачиқларимнинг онаси, оилам бекаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ўлмасой Нишоновага...

Айрилганни айиқ ер,
Бўлинганни бўри ер,
Тулки нима деса дер,
Бутун бўлайин, жоним,
Ишқдан бунёд қасрингга
Устун бўлайин, жоним.

Мушук бўлиб миёвлаб
Яшамоққа тобим йўқ,
Муҳаббатга вафодан
Бошқа бирон жавоб йўқ...
Арслон бўлиб яшайин,
Бўлсам майли вафога
Тутқун бўлайин, жоним.

Сўнмасин кўздан нуринг,
Бўлай фаҳринг, ғуруринг,
Ишқдан бошқаси бекор,
Муҳаббат бекати*да
Турғун бўлайин, жоним.

Севикли бир ёр бўлиб,
Ва бахтга дучор бўлиб,
Ҳам Номус, ҳам Ор бўлиб,
Фахр-у, ифтихор бўлиб,
Умидинг кўзларида
Учқун бўлайин, жоним.

11.01.2025-й.

СУКУНАТ ЖАРАНГИ

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир...
(Азиз Саид сатри)

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир...
Қулоқни қоматга келтириб...
Жаранглар Сукунат жаранги...

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир...
Ўйлар учар, хаёллар учар...
Узоқми-яқинга...
Ўтмишга, келажакка...
бугундан, хозирдан нарига...
Рўёлар ортидан эргашар илҳом,
Қоғознинг бағрини тирнайди қалам,
Тандирдан узилар янги шеър...
Тун. Қайдадир сўз чархланаётир...

Тун. Қайдадир нимадир чархланаётир...
Ўзини унутиб девона кўнгил
Ўзлигини излаб йўл солар
Тонг сари...
Тун бўйи ичини ит тирнар...
Кетолмайди ўзидан нари...
Фалсафа сочилар тунни тўзғитиб...
Сафсата! 
Ёлғондир бари!
Авжга минар Мен ва Мен жанги...
Тун. Қайдадир фикрлар чархланаётир...

18 ‎ноябрь ‎2025-й.

ҲАЙҚИРИҚ!

Оғриқ, оғриқ, оғриқ...
Зирқирайди танам,
Тунда оғриқ, кунда оғриқ,
Қалбда оғриқ, ақлда оғриқ,
Ақлга сиғмайдиган оғриқлар
Қуршаб олган етти томондан...

Сўлда оғриқ, ўнгда оғриқ,
Тушда оғриқ, ҳушда оғриқ,
Юрагимда отнинг дупури,
Томиримда оқар қизил ҳавотир
Гупуриб...

Қалбда оғриқ, ақлда оғриқ,
Туйғуларда, ҳисларда оғриқ!
Фақат виждон оғримаяпти
Термулиб турибди жимгина 
Саккизинчи томондан...

Саккизинчи мўъжиза...

12.03.2026-й.

ҲАЙҚИРИҚ 2

Ўйноқи юрагимни не қилсам экан?
«Жим тур!», дея койигани қўрқаман
ахир
юрагим жим туриб қолса
Тўртта норасидам – тўрт жуфт қора кўз
Қолмасин сағир...

Ҳар гал 
типирласа, эрк истаб
кўкрак – қафасимда 
оппоқ тўшли ялангбош бургут
бўғзимга тиқилса ҳаяжон..
Ҳаяжонми? Ҳа-я жон...
Томиримда – Зангор йўлакларда
гупуриб...
қон – қип-қизил ҳавотир
... туйғуларга улашса туғён
Юракда бошланса ғалаён, исён
«Жим тур!», дея койигани қўрқаман
ахир
Тўртта норасидам – тўрт жуфт қора кўз
Қолмасин сағир...

Ўйноқи юрагимни не қилсам экан?
Ўйнаб-ўйнаб, ўйлаб-ўйлаб,
Дунёнинг дардини (симириб)
Борки густохликни опичиб,
«пишқириб ётган», (семириб) –
«Котта холамнинг ўғилларини»
«Ғамини еб»...
Хориб-хориб, толиб-толиб
Тинчиб қолармикин ўзи...
Кўзин юмармикин ё бир куни
Миллатнинг заволин кўрмай деб...

Ўйноқи юрагимни не қилсам экан?
«Жим тур!», дея койигани қўрқаман
Ахир, 
ҳали ёзмаган шеърларимни 
кимга ташлаб кетаман ? –
миллатни, адабиётни,
одамзотни, инсониятни...
жимгина жиловлаб нафсониятни 
Жим турмоқ – ҳиёнат, Жим турмоқ – Ўлим!

Қачон содир бўлар
Саккизинчи мўъжиза?!

25.03.2026-й.

ЭРТАКЛАР ШАҲРИГА ХУШ КЕЛИБСАН, ЁР...

Нега ишонмайсан...
Билсанг, бунда бахтдан қурилган қаср,
Феруза гумбазли, девори зумрад,
остонаси тилло, дарвозаси нур...
Бунда барча жоннинг иқболи баланд,
Бунда барча кўнгил бахтидан масрур...

Эртаклар шаҳрига хуш келибсан, ёр...

Нега ишонмайсан...
Бунда гуллаб турар муҳаббат боғи,
Висолдан куйланар такрор кун-у, тун...
Бу боғда барчанинг бағридир бутун...
Дилингни ўртамас ҳижроннинг доғи...

Эртаклар шаҳрига хуш келибсан, ёр...

Нега ишонмайсан...
Бу ерда бўрининг оғзи қон эмас,
Қўйлари беҳадик ўтлар чўпоннинг...
Йиртиб қўйилмайди бунда чопонинг,
Мискиннинг таоми қаттиқ нон эмас...

Эртаклар шаҳрига хуш келибсан, ёр...

Нега ишонмайсан...
Бунда барча қалбда бордир диёнат,
Ор, номус, андиша, садоқат, вафо...
Кимса бир-бирига кўрсатмас жафо,
Кўнгилчи кўнгилга қилмас ҳиёнат...

Эртаклар шаҳрига хуш келибсан, ёр...

Нега ишонмайсан, Ишониш керак,
Энг муҳим жиҳати шудир шеъримнинг.
Бунда суиистеъмол қилинмас ишонч,
Бунда ҳислар инжа, туйғулар инжу...
Ғурури топталмас бунда эрларнинг...
Эртаклар шаҳрига хуш келибсан, ёр...

20.11.2024-й.

КАТТА ҲАЁТ

Катта ҳаёт,
катта шаҳар,
катта ташвишлар
Эзғилайди майда одамларнинг кифтини...
майдаланган туйғуларни тутиб кафтида
кезинади руҳлар, шарпалар...
совуқ нигоҳлардан безиган кўнгил
исингиси келар шеърнинг тафтида...

шеър айтишга...
шерлар чиқар катта саҳнага
шерюраклар ҳақда айтиб афсона...
шеърдан,
шерлардан,
шерюраклардан
дарак йўқ... (дарак борми, хабарин беринг)
(кимларга қолди Кун,
кимга тун...
Бўлишгиси келмас кимарса)

Адабиёт...
Мадҳчиларнинг мадҳидан ортиб
Майда кўнгилларни тимдалар яна
Рақамлар.
Кимда бир, кимда тўққиз...
Кимдадир тўққиздан биргача,
Мен эса излайман «ноль»лар қийматин.
Жодугар рақамлар сеҳрига
мубтало кўзлар туман-туман
Туман босган.
Барчаси оч, руҳлар яланғоч
Кайфияти бир аҳвол шарпалар. 
Дафъатан, овқат иси келар
Қай бир тарафдан
Оломон ёприлар, "емиш"и томон
"Овқат, Овқат..!"
Гўдак кўзларида таажжуб сурати.
Туйқус, ҳайқириқ~!
"Тўхтанглар... Ахир у Одам-ку! Ягона одам!"...

22.04.2025-й. Тошкент.

ЭРОЗИЯ 

Бир гул кўрдим гулзорим уза, 
Энг чиройли гулимни уза
Чаккасига тақдида... кетди
Лабин буриб, кўзини суза...

Гулим гулнинг кўнглин тўлдирди, 
Гул эса гулимни сўлдирди... 
Бу не савдо, қандай кўргулик, 
Гўзал гўзалликни ўлдирди...

27.05.2025-й. 

КАРРОЗИЯ

Минг йиллик симирди мовий қонимиз, 
Нокаслар топтади шуҳрат, шонимиз,
Минг йилликлар уза омон жонимиз, 
Бу кун замонамиз... 
Омон-омон... 
Бир ўй кемиради фикримни ҳамон ~
Буюк миллат эдик, буюк халқ бўлдик, 
Қачон Эл бўламиз бир тану бир жон...

Бир қўлимиз пора бериб,
бир қўлимиз олса пора, 
Бизнингку иш битар-у, жигарлар пора-пора... 
Жигаримиз жигари оро йўлда қолса-ю, 
Эл бўлиб ярамасак, Жигарларнинг корига, 
Қўл силтасак борига...
Қандайин замонмиз... 
Омон-омон... 
Бир ўй кемиради фикримни ҳамон ~
Буюк миллат эдик, буюк халқ бўлдик, 
Қачон Эл бўламиз бир тану бир жон...

30.05.2025-й. 

БУЗИЛГАН ТАРОЗИ...

Ёз бўйи тентираш бўлди юмуши
Панд бердими инстинкт, ички туйғуси
Қишда ухлолмаса айиқда не айб
Оч қоринга ахир келмас уйқуси...

Баҳор кетиб кузда келарди қарға,
Қағ-қағлаб юрарди қиш-қаҳратонда...
Йўлини тополмай юрибди ҳамон
Қирқ даража иссиқ, ёз-саратонда...

Бўриларнинг ҳамон ошиғи олчи
Қўрада кўп ҳали юввош қўзи-қўй...
Бўрибосар бирпас мизғиб олса бас
Овлоқда бошланар базму-жамшид, тўй...

Арслон ўрин олди қизил китобдан
Куни туққан сиртлон беор, бесубут...
Ола қанотларнинг даври келдими
Нега кўринмайди биронта бургут...

06.01.2025-й.

Кўк юзини тўсган дарахт шохларин
орасидан мўралайди ой...
Шом қазо бўлмасин, турақол, – дейди, –
кун келиб намоздан сўраласан, ҳой!
Кун келиб инсофдан сўралганда бой...

Кун келиб инсофдан сўралганда бой
Албатта мансабдан сўралар тўра,
Яхшилик қилишга улгуриб қолгин, 
Тур, дўстим! Тур, ошна! Тур, жўра!
Сендан ҳам сўралар касбингга кўра...

Кўк юзини тўсган дарахт шохларин
орасидан мўралайди ой...

31.07.2025.

ЎРГИМЧАК ОВИ

Бир томонда
Тармоқ...
отиб қармоқ 
ва ёки солиб сиртмоқ
онгимни забт этмоқ қасдида
Фатҳини бошлади сунъий интеллект*
Камлик қилаётган эди
Чаласаводлик...

Иккинчи томонда 
Қадри ошди
Темир-терсакнинг 
Қадримдан баланд
Эй, Думалоқ қамар,
Кулча юзли, Ой!..
тандирнинг Думалоқ оғзидан чиққан
дўмбоққина, Думалоқ...
қора буғдойдан бўлган кулчаларимдан
қадрлироқ бўлди
темир-терсак
ва унинг думалоқ
шиналари...
виззиллаб ўтар 
кўнглим кўчасини чангитиб...

Виззиллаб ўтар 
Тасаввур тезлигида
Эртанги кун...
Э-воҳ, 
Ҳамма ерни тутиб кетган
Сунъийлик,
Ҳатто гулларнинг ифори ҳам
Сунъий таралган,
Муомала сунъий,
Қош-кўзлар, қарашлар,
Лаблар ҳам, бўсалар ҳам...
Туғишни истамаган аёлнинг
Боласи ҳам сунъий – Вакумда яралган...
Сурагатларнинг қорнида эса
Дубликатлар – аппаратдан тарқалган...
Қарагим келмайди учинчи томонга...

Тўртинчи томондан
Мен сени излайман, Оддийлик...
Ва мактуб битаман дўстимга,
Кабутар топилмас олиб кетгани,
Яна тармоққа талпинаман...
Қаерларда қолдинг, эй қоғоз мактуб?!

Баллистик каллаклар визиллар
Қуроллар чалади сибизға
Бешинчи томонда!
Қушлар учмай қўйган,
Учолмайди ҳам
Дронлар, ракеталар учган осмонда...
Осмоннинг ранги қип-қизил,
Қон қусаётган Заминнинг
Фиғони фалакда аксланган...

Олтинчи томондан 
Бир нигоҳ қадалган
Менга, сенга, унга ҳам...

* Жасур Исроилнинг «Соғинч» шеъридаги сатрлардан кенг фойдаланилди. 

02.05.2026-й., с. 00:35 мин.

Кузги тенгкунлик ҳақида баллада

(Полиптих)

1

Тирик бўлиб, тирикмасман,
Ўлик бўлиб, ўликмасман,
ё қошмас, ё киприкмасман –
Ватанда туриб, э-воҳ,
Ватансиз юрибман-о...

минг битта ўй бошимда,
татим йўқдир ошимда
кун айланиб кундошимга
ёнғоқ чақар қошимда
йўқдир бир сирдошим-а
ватанда туриб, э-воҳ,
ватансиз юрибман-о...

18-сентябрь, 2026-й., 00:23


2

Ана, кимдир бармоғида санаяпти,
Яна кимдир тақдирини саннаяпти,
Қурғур Ҳаёт мени ҳамон санлаяпти,
Тонгни,
Бахтни,
Ишқни,
ва Толе кулишини
интизор кутганим санада...

манман деган ман-манлар
нега йўл бермадилар,
казо-казо Казолар
нега қўл бермадилар,
Қўрқдиларми? Қўрқдилар...
ўзиб кетишимдан ё,
узиб кетишимдан ё...
Дунё бўлганда бунёд
улар шундай яралган
дарду, ғами – мол, дунё...
менга дунё керакмас,
менинг ўзим бир дунё,
билмадилар нокаслар
мен эса бўлдим дарё...
ва Толе кулишини
интизор кутганимда
Қурғур Ҳаёт мени ёмоон санлаяпти...

Қара, жоним, тонг отмоқда...
Жоним оғрир...
қақшаб-қақшаб...
Жоним, тонгга етганингда,
Жоним тонгга етармикин...
Қурғур ҳаёт нега ҳамон санлаяпти...

Қара, жоним, тонг отмоқда...

19-сентябрь, 2026-й., 21:50


3

Шамол, шамол...
Шошилма бунча,
Йиқилиб тушмагин дейман-да,
Ва ёки шамоллаб қолмагин яна...
Шамол, шамол...
Ўпкангни қўлтиқлаб,
бунчалар шошиб,
келяпсан қайдан...

Шамол, шамол...
Бунча ҳапқирмаса юрагинг...
Соғиниб, энтикиб келганинг ростми...
ёки сен ҳам татиб олдингми
мен ичган – муҳаббат майидан...

Шамол, шамол...
Бошингдаги рўмолинг қани,
Баҳорда мен ҳадя қилган,
Бодом гулли, ҳарир рўмолинг...
Учириб кетмасин...
Бегона шамол...
Ўчириб кетмагин...
Иккимиз босиб ўтган 
Тақдир йўлидаги изларимизни...
Шамол, шамол...

Оёғим оғрияпти зирқираб...

20-сентябрь, 2026-й., 23:44


4

Ловуллайди оловранг олов
Ўчоқнинг қучоғида
Қизариб пишар лақм
Кимнингдир ўчоғида...
Кимдадир обиёвғон,
Ва кимдадир атала...

Ҳақиқат! 
Диёнат!
Борлигинг ёлғон...
Инсофнинг ўлгани рост!
Эй кўнгил,
Мен тўйдим...
Тўйдим баридан...
Энди мени Бахт сари ета(к)ла!

Негадир уйқум қочди...

21-сентябрь, 2026-й., 02:59


5

Негадир уйқум қочди,
Ёмон туш кўрдимми ё...
Тушмиди, ё ўнгмиди,
Ўнгмиди, ё сўлмиди...
Кўнгил отли бошпанам
Қуриб кетгур, чўлмиди...
Ташнаман...
Бахтга ташна...
Толеим кулармикин...
Ҳов анави кўринган
Тонгга элтар йўлмикин...
етар энди, йиғлама!
Умиду, орзуларим
Кўз ёшга хўўўп чўмилди...

Сусамбилга кетсаммикин...

21-сентябрь, 2026-й., 03:21


6

Сўксалар сўкилмайсан,
Тепсалар тебранмайсан,
Тўласан, тўкилмайсан...
Бунча нафсинг оч сенинг,
Ўрнингда мустаҳкамсан,
Ҳайкал!

Ҳайкал,
Атрофингда чарх уриб,
Чах-чахлаган олақанотлар
Сап-сариқ тумшуқларини
Ялоғимга суқиб,
чўқиб, чўқиб...
Борки луқмамни тортиб олсалар ҳам
Парвоинг фалак, жим туриб...
Олқишлайсан...
Савлатингдан айланай сени...

Тонг отмоқда... 

21-сентябрь, 2026-й., 04:03


7

Эски қозон, эски ўчоқ...
Эскирдингку...
энди эсинг киргандир-а...
Эсингдами... 
қучоқ-қучоқ
Гуллар ўтин бўлганди-а... 

(Сунбулаю, сунбула, 
Ўраб олай гул билан,
Мани кўнглим сан билан, 
Сан кетарсан ким билан.)

эски ўчоқ, эски қозон...
обиёвғон пишдими...
эллик, олтмиш қадам ўтгач
галги ҳудуд қишникими...
тўкилмоқда битта-битта
кўзларимдан соғинч – хазон...

(Ўчоқ бошида - қумғон,
Атрофи - баланд қўрғон.
Севганимга етолмай,
Юрак-бағрим бўлди қон.)

обиёвғон, обиёвғон…
эски ўчоқ, эски қозон...
дунё – бозор, ҳислар арзон,
висол излаб кўнгил сарсон,
ишқдан бўлак...
бари ёлғон...

(Мен бу ерда ўт ёқсам,
Фарғонада тутуни.
Бу дунёда бормикан
Юрак-бағри бутуни?)

Эски қозон, эски ўчоқ...
олов нега лов-лов эмас...
Туйғуларнинг тафти сўниқ,
Обиёвғон – палов эмас...

(Бу дунёда бор бўлса
Юрак-бағри бутуни,
Қоғоздан ўчоқ ясай,
Гулдан бўлсин ўтини!)

Сентябрь...
Йигирма иккига қарсак чалганда
Бошланарми Кузги тенгкунлик,
Бошлансинда бизга кенгкунлик
Бошлансин-а, ризқи бутунлик...
Эски қозон, эски ўчоқ...
Обиёвғон – жонга тегди...
дилга баҳор қайтармикин...
Сунбулани айтармикин...

энди эсинг киргандир-а...
сунбулажон, сунбула...

21-сентябрь, 2026-й., 11:06

Тушдаги туш

Тушимда туш кўрибман... 
Эмишки...
мен қиролу, сен қиролича... 
Чўчиб уйғониб кетдим, 
Қарасам... 
ухлаб қолган эканмиз тахтда... 
Ёнимда сен ~ қиролича...
Хурсанд бўлиб кетдим, 
Хайрият ~ туш экан...

Ўнгда... 
бари қойилмақом ~
Зўрдан зўр ~ олиймақом...
Чапда
Манглайи шўр, қўли қадоқ, 
Сабрни еб, тоқатни ичган,
Тирикликчун барига кўнган ~
Мойил мақом ~ авом...

Зерикдим... 
Тонг отай деб қолди... 
Англадимки, 
Бари рўё, бари туш...
Уйғониш керак... 
Эй, сен ~ қиролича, 
уйғон... Ўзингни уйғот, 
Ёнимга туш, биргаликда 
Ўнглашимиз керак
Мувозанатни...

Тонг отмоқда...

24-сентябрь, 2026-й., с. 16:37 мин. 

Нисбийлик тенгламаси

«Ўткинчи дунё», деманг
Ўтгувчи биздир аслан...
Ер номли фазовий кемада
Ўз ўқига ўралашиб, шамс теграсида
Гирдикапалак...
Кутгувчи –
Кейинги (сўнги) бекатин,
кейинги фаслин...
 
умрни ҳам ўткинчи деманг...
қаранг...
биз ўтиб боряпмиз...
умримиз чизиғи бўйлаб,
бўлғур, бўлмағурни ўйлаб...
ўйнаб-ўйнаб...
қотиб қолган Вақт оралаб...
 
Вақт ?!
Нисбий тушунчами?
Бўлса бордир...
Менингча: вақтнинг ўзи йўқ нарса,
Йўқлик эса мавжуд...
Мавжудлик эса Абсурд
Абсурдлик –
лотинча аб («ташқари»)
ва сурдус («гунг» ёки «кар»)
демакки – гунгликдан –
гап-сўздан ташқарида...
тасаввур кенглигида...

тасаввур кенглигида...
барчаси мавжуд...
тасаввур кенглигида барчаси реал...
реаллик эса – мавҳум...
мавҳумлик эса – аён...
Яратганнинг ўзига!

Яратган –
Йўқдан бор қилгувчи,
Ва илкида тутиб тургувчи,
Қодирим, Карами кенгим,
Энг ёруғ тонгларни насиб эт бизга...
Тавалло...
Тавалло...
Тавалло...

Бу дунё – ўткинчи!
Умр – ўткинчи!

26.09.2026. 11:40

Нисбийлик тенгламаси 2

Умр – чизиқ...
Сенга, менга, унга
чизиб қўйилган...
кимдадир тик, кимдадир қия,
кимда ётиқ,
кимдадир эгри,
кимдадир букри...
баъзан кесишади,
туташади – тақдирот нуқтасида...
ва ёки паралел давом этади
ўхшаш тақдирлар –
бир-биридан мутлоқ бе хабар...
бир нуқтада...
Ўз ўқига ўралашиб, шамс теграсида
Гирдикапалак...
Учиб ўтаётган
Ер номли фазовий кемада
Ва ёки
Паралел дунёда...
Яна билмадим...
 
Биламдим...
Билмаслик –
Донолик фалсафаси-ку...
Йўқ, файласуф эмасман,
Донолик ҳам қилмоқчи эмасман...
Шунчаки...
Ўйлаб қоламанда гоҳида...
Реал ҳаётда –
реаллик – ростлик,
ростлик – ҳақиқат...
бормикин
аслида
Ҳақиқат – боғлиқку
Баҳолашингга
қайси ракурсдан
Шунчаки...
Ўйлаган ўйларимни битдимда...
 
Ҳақиқат –
Тарози палласи...
Қай бири оғир келса – қуйида,
Юксакликка интилар – енгил-елпилар...
Ҳақиқат –
Мен англай олмаган – тенгсизлик...
Фемиданинг кўзлари боғлиқ...
Мувозанат, тенглик
Нимага боғлиқ?! ...
Маат, Алетейя, Веритас...
Бари ёлғон...
Ёлғонлиги Ҳақиқат!
 
Бари ёлғон...
Бари ўткинчи...
Овутма мени, Ҳаёт,
Зерикдим, Тўйдим
Ёлғонларингдан...
Шунчаки
Паралелни олиб вертикалликдан
Горизонтал қўйиш қийинми?..
Тенглик хосил бўлиши тайинку...
Нисбатан ...
 
Зерикдим, Тўйдим...
Эй, Карами кенг, Қодирим,
Бир ишқ бер
Қўлимдан тутиб
Етакласин Бахт сари
Теглик,
Кенглик сари...
Тонг сари...
Эй, Қодирим, Карами кенгим,
Энг ёруғ тонгларни насиб эт бизга...
 
26.09.2026. 13:33

Ўлик шоирлар жамияти

(Трагедия) 

(Фильмдан сўнг...)

Шоир ўлса ...
Фожеа эмасдир, балки
Қайта яшайверади
Асарларида,
Юракларда...
Онгда, шуурда...
Лек ўлик шоирлар кўпайган юртда
Таназзул, таназзул
Яна таназзул...

Ўлик шоирлардан безган жамият
Ёшлари...
Кўзларимдан тўкилган унсиз хитоблар,
Зерикдим...
Анъанавийлик,
Сохтакорлик,
Пахта*корлик,
Тубанликдан...
Келинг, биргаликда
Тузамиз «Ўлик шоирлар жамияти»ни
Ва сафар қиламиз
Эркинлик сари...

Ўлик шоирлардан безган жамият
Ёшлари...
«Ўлик шоирлар жамияти»га
Кириш учун ўлиш шарт эмас...
Шунчаки...
Чек қўйинг конформизмга!
Қулоқ солинг...
Ички овозингизга...
Мустақил фикрланг...
 «Кунни ушлаб қолинг»
Лаҳзани тутинг...

О-оҳ! «Велтон» !!!
Консерватив завод...
Қолипингни синдирганда
Джон Китинг
Ва унинг
«Ўлик шоирлар жамияти»
Қайта тирилганда,
Ўлик шоирлардан безган жамият
Ёшлари...
Овозини баралла қўйиб
ШЕЪР ўқиганда...
Сезилиб қолдими ноқислигинг..?!

Ўлик шоирлардан безган жамият
Ёшлари...
Назар солинг дунёга
Бошқа ракурсдан...
Ўзликни англанг!
Ўз йўлингизни
Ўзингиз танланг...

О-оҳ! Нил Перри,
«Ўлик шоирлар жамияти»га
Кириш учун...
ўлиш шарт эмас эди...

27.09.2026-й., 00:06

Эврилиш

Ҳамма тик туриб
Кузатганда ҳақиқатни
Жимгина
Мен
Кузатаман ёнбошлаб олиб –
Бошқа ракурсдан
Дунёни, ҳаётни
Англашга ҳаракат қиламан
Ҳақиқатни
Борлиги ўзи ҳақиқатмикин...

Йўқ...
Барчаси иллюзия...
Бари алдов...
ҳаммаси ёлғон...
Дея ҳайқираман...
Лекин...
Овозимни эшитмас
Кимарса...
Одамлар жим...
Сукут ва сукунат оралиғида...

«ёлғон дунё» деймизку
Ахир ўзимиз...
Иллюзионистлар,
Кўзбўямачи,
Кўзбойлағичлар...
Ўзимиз тан олган Ҳақиқатлар*га...
Ишонч билан
Имконият яратиб беришларига
Ўрганиб қолганмиз...
Кўникканмиз...

Мана ҳақиқат!!!

Йўқ...
ҳақиқатни
Шизофренияга чалинганлар,
Руҳи хасталарга
Баралла айтиш...
Йўқ...
...
Кулгилими?..
Йўқ...
Ачинарлими?..
Ачиниш етарлими?...
Йўқ...
Ечим топиш керак...

Мана ҳақиқат!!!

Эврилиш —
Шунчаки
томошабин бўлишмас...
Синиқ кўзгудан нигоҳни узиб...
Ўз ичингга йўл сола олиш...
Ўзлигингни англаш...
Ўзликни топиш...
Эврилиш...

Мана ҳақиқат!!!

28-09-2026. 15:07. 

Тунгги қуёш

Биласизми...
Тунда ҳам қуёш чарақлаб туради,
Сиз уни кўрмайсиз
Сиз кўрмайсиз ...
фақат...
қуёш кулиб боқади...
ҳамма вақт
биз миниб олган Ер сайёрига...
анов юлдузларингиз...
унинг бир томчи нурини
акслантиради холос,
Усиз йилтирай олмаслар,
Ўрганиб қолганлар тайёрига...
биз «Тун» дея ном қўйиб олган
паллада
қуёш чарақлаб туради...
биласизми...
кўриш учун
ўзгартириш керак
ракурсни...
тасаввурни...
тасаввур қиляпсизми...
Тунда ҳам қуёш чарақлаб туради...

тасаввур қиляпсизми...
Навоийдан сўз очсалар
Кулгим қистайди...
Ва Ачинаман...
Навоийни ўқиб ...
Олим* бўлганлар...
Ўз сўзини унутганлар,
Аниқроғи,
Айтар сўзи,
Ўз фикри –
Мустаққил фикри йўқларга...
Яна ҳам аниқроғи,
Ўзлиги йўқларга
Ачиниш керак...
тасаввур қиляпсизми...
анов юлдузларингиз...
қуёш нурини
акслантиради холос...
Бу менинг шахсий фикрим...

тасаввур қиляпсизми...
фонограмма ортидан
эшитилаётган
бўғиқ овозни...
бўғилган овозларнинг
ингранишини...
эркинлик истаган овозларни...
кенгликни қумсаган овозларни...
тасаввур қиляпсизми...
қарсаклар чалиб...
қўллаб-қуваватланган
биз овоз берган...
фонограммалар...
ялтираган анов юлдузлар...
қуёш нурининг акси...

Тасаввур қиляпсизми?!

29-09-2026. 16:50.

Оч айиқ ҳақида эртак

Қорни оч эди айиқнинг,
Егулик излаб
Кезиб чиқди тоғ ўрмонини...
Ҳеч вақо йўқ...
Аксига олиб,
эга чиққан
Анави – ғалати мавжудотлар –
Одамлар...
Ҳамма жойга ...
тўсиқлар қўйиб ташланган...
муҳофизотнинг у томонида
мўл-кўлчилик...
истаклар муҳайё...
ушоғлиқ орзулар...
Орзулар..?...
Йўқ ...
орзу нелигин билмаслар,
истаганларини қиладилар
шунчаки...
Қорни оч эди айиқнинг...

Қорни оч эди айиқнинг...
Ҳеч вақо йўқ...
Тирикчиликка ...
Қўрғон атрофида жимгина
Илинжини опичиб
Кезинарди...
Анави – ғалати мавжудотлар –
Шавқатнинг,
Меҳр-оқибатнинг
Юксак Намойишкорлари
Саҳоват кўрсатдилар...
Кимдир бир челак пўчоқ,
Бошқа бири
Ит емаган бир ҳовуч суяк,
Яна кимдир
бир товоқ қилтаноқ...

Қорни оч эди айиқнинг...
Ва тик туриб
Икки оёқлаб,
Лапанглаб чопа кетди
Анави – ғалати мавжудотлар –
Ланг очиқ оғизлари билан
Термулиб турардилар...
Оо-оо!
Ҳаёт!
Энг катта театр...
Ҳамма томошабин!
Қарсаклар ёғилар...
Қорни оч эди айиқнинг...

О-о, Ҳаёт!
Яна қандай синовларинг бор?!
Ёввойи табиатнинг
Табиати ёввойи
Дил бандига...
Айиққа аталган...
...
Қорни оч эди айиқнинг...
На куларди ва на йиғларди...
Маҳлуқлар!...
Шунчаки...
Бўғзига тиқилган ўкирик
Баралла янгради ...
Эркинлик!!!

Қорни оч эди айиқнинг...

30-09-2026. 11:30

«Калипсо»

Тонг отяпти... 
тонг...
уйга кетгим келяпти...
қўллларимни қўйиб юбор...
Калипсо...
юзи силлиқ, музқалб...
сув париси...
келтириб беришим керакми ё
тайгадан
парилар ковушини..?
Занчирни уз...
кетгим келаяпти!!!

Калипсо –
ишққа ташна...
висолга ташна...
о-о, маккора...
алдовларга кўмиб...
севги билан кўзимни боғлаб,
айирмоқчисан...
ақлу хушимдан...
о-о, Калипсо...
тушдаги ўнгмисан...
ёки ўнгимдаги тушмисан...
Дарвозангни оч
синдирмасимдан...
қўйиб юбор қўлимни!
кетишим керак...

Тонг отяпти...
Тонг...
Калипсо...
ботиқлик тубида...
яшириб қўйилган ҳисларим...
орзуларим...
Жиловлашга
уринма
ўзингга мафтун этишга...
соҳта ваъдалар билан...
тўхтаб қолган вақт оралиғида

кетишим керак...
Тонг сари...

Калипсо...
ёввойи орхидея...
«Венера шиппаги»ни
келтириб бермайман барибир
шимолий ярим шардан...
Эркинлик учун
сенга туҳфа беришга
мажбур эмасман!

о-о, Калипсо...
юзи силлиқ...
музқалб... Калипсо...
Сатурн (Зуҳал)нинг троян йўлдоши
Троядан от олган...
Огигия оролининг
етти йиллик тутқуни...
Итакага қайта олган
Одисей...
Керак эмас абадий ёшлик...
ўртанган юракка
соғинчдан –
Она Юрт,
Эркинлик дея...

Она Юрт,
Эркинлик дея...
о-о, Калипсо...
Кариб денгизидан таралган наво
уйғотмоқда...
Дилларни, Дунёни...

Тонг отаяпти...

07-октябрь, 2026-й., с.01:36мин.

Ҳисобчига

Ҳей!..
Жаноб ҳисобчи,
Рақамлардан бошингни кўтар.
Қулоқ сол...
Булбул сайрамоқда...
Бир дам танаффус қил,
Умрингда бир бор
Тўйиб-тўйиб нафас ол тоза ҳаводан...
Сен ҳам дилбандисан
Шу Табиат...
Шу ҳаёт,
Тонгни, наҳорни...
Яккаш
Рақамлар қуршовида қолдирма
Умр берган баҳорни...
Қара...
Ташқарида
Ўз кўнглинг кутар...
Ҳей!..
Жаноб ҳисобчи...

09-10-2026. 20:10.

Умид хроникаси ёхуд Катарсис

(диптих)

Толеим кулмоқда...
Нолимайман, йўқ... 
Ҳаётимдан, тақдиримдан... 
Борим шу... 
Бори шу... 
Толеим кулмоқда
Устимдан
Ҳамон ...

00:35. 11-Октябрь, 2026-й.


Тонг яқин, наҳор яқин...
оз қолди...
қуёш кулиб боқади
мен томон
ҳали замон...
сен ҳам куласан, эй юрак...
бахт менга
бахт келтирган он...

00:52. 11-Октябрь, 2026-й.

Эскизлар ёхуд Икки дақиқа сукунат

(диптих)
 
Йўқ, мен кашанда эмасман...
Шунчаки...
Чекаман...
Ҳасрат...
Ташлаш керак...
Ортга назар...
Олдга қадам...
Ишонч билан...

07.10.2026-й., 02:19


Сизнинг ҳам уйқунгиз учдими...
Тонг олдидан
Ухлаб қолмаслик
Муҳим...
Уйғотишингиз ...
Қуёшни эркалаб...
Эрталаб...

07.10.2026-й., 02:21

Севги эскизи ёхуд изхорсиз муҳаббат тасвири

(диптих)
 
1. Сўзсизлик

Биз учрашган ўша ёмғирли кунда,
Осмон жим эди...
Юрак гумбурларди кўкрак қаърида,
Бироқ,
тилларга кўчмади энг буюк дунё...
Нигоҳлар тўқнашди –
сониялар тўхтади...
Сўзлар керак эмасди –
бахтни айтмоққа.
Бир лаҳза ичида англадик барин...


2. Сукунат

Энди орамизда масофалар бор,
Ва оғир сукунат чўкар хонага.
Аммо ўша туйғу яшар...
соғинчда,
Айланиб улгурган ширин нолага...
Йиллар ўтса ҳамки, ўша жимликда
жаранглайди такрор ва такрор –
Сенинг овозинг...
сен ҳам пайқадингми, англаяпсанми –
Икки айро йўлда юрсак-да
ҳамон
Бизни боғлаб турар ўша ёмғирлар...

15:03. 11-октябрь, 2026-й.

Тун ва Кун ҳақиқати ёхуд Акс имоцияси

(Фалсафий диптих)
 
1. Оқ

Қуёш уйғотади мудраган тонгни,
Тонг...
олиб келар умидларни
янгидан янги ...
бошланади
елиш, югуриш...
Ҳаёт ҳаракатда...
катта саҳнада
Кундуз — ҳақиқатни тўсувчи парда,
Кўкда рақс тушади оппоқ булутлар.
Бунда сирлар яширин, ниқоби баланд,
ўз ролини ўйнар одамлар.
Шовқин ичра йўқолган қадамлар...


2. Қора

Тун!
ниқоблар ечилар бир-бир,
Юлдузлар кўзидан тўкилади нур.
Одам ўз-ўзила қолар рўбарў,
Ва сохта дунёдан чекинади жим...
Қоронғу бағрида уйғонар ҳаёт...
Қитирлайди – қора қалам
Ва ёки сиёҳли ручка...
Оппоқ қоғоз юзига сочилар
Поема...
Энг содиқ туйғулар учади тилдан.
Кундузи айтилмай қолган дардларим,
Сизиб чиқа бошлар чарчаган дилдан.

15:04. 11-октябрь, 2026-й.

Тинган лаҳзалар ёхуд Илинж синиқлари

(диптих)

Йўқ...
Майхўр эмасман...
Шунчаки...
Ичаман...
Ғамларни...
Кўзёшларни...
Қотиб қолган лаҳзаларни...
Кўзага солиб
Тиндираман...
Ана, яна майда лаб... 

13.10.2026-й., 12:12


Сизнинг ҳам уйқунгиз учдими...
Ооо, бедорлик муборак бўлсин... 
Бефарқликнинг, 
Бефарқларнинг...
Бети қурсин ...
Киприкларга илинган
илинжларни,
Томчиларни...
Синдириб... 
Сочиб юборайлик
Яна майдалаб...

13.10.2026-й., 12:18

« ... Бир банкирин туваги тилло
... Бир шоири медалхўр дунё
Нимасига куямиз, ўйна
"Чалинг Багдадурига"* ».
(Жасур Исроил)

(P.S. Ижодкор дўстимизнинг юқоридаги шеърини ўқигач, «У замонлар ўтиб кетди» фильмини такрор томоша қилдим...)

ҚУРИЁТГАН ДАРАХТЛАР АРИЯСИ

ёхуд ШЎРПЕШОНАЛАР ХРОНИКАСИ

(Диптих)

1

Нимасига куямиз...
Ўйнанг, дўстлар,
Мен ҳам ўйнайман
Мисралар устида
сўзлар билан...
эй Машшоқлар,
Чалинг Багдадурига...

Вааҳ!
Эй шоир...
Кел бугун ичамиз,
Аламимиздан...
Сув бўйида қаққайиб
Сувсизликдан қуриётган
Дарахтлар учун ичамиз...

Киприкларда қотиб қолган
Томчилардан тайёрланган
Шароб келтирдим...
Келинглар ичамиз,
Май биздан,
«Пури да марили» (нон ва туз) сиздан!
Нимасига куямиз...
Келинглар ичамиз...


2

Эй бақақорин, туваги тилло,
Шўрвачию, медалхўр(а)лар...
Эй карқулоқ княгина,
Ва бебурд князнинг ҳамтовоқлари
Тўралар...
барҳам берилганку ахир
Лаънати крепастнойликка,
У замонлар ўтиб кетди...
Билиб қўйинг,
Эрта бир кун сиздан ҳам ҳисоб сўралар...

Вааҳ!
Асакангиз кетармиди
Бироз қайишсангиз
Шўрпешоналарга...
Орзулар қабристони узра
Тентираётган кабутарларга
Тирик кўнгилларга
Бахт беринг,
Имкон беринг,
Эркинлик беринг!!!
уларга
Ордона орденлар керакмас...
Озроқ нон, бир кўза май
Ва бир бўлак пишлоққа қаноат қилиб
Ҳалол ризқ топишни истаганларга
Имкон беринг,
Эркинлик беринг!!!

21:29. 15.10.2026-й.

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?

  • Аталадан чиққан суяк

    Гапда суҳбат авжида улфат
    Гап суққанди “Куйган юрак” деб,
    Жаҳли чиқди улфатларини,
    “Аталадан чиққан суяк” деб.