Шодли ва қайғули пайтларида дилини кудуратдан тозалаб, соф дўстликни сақлаб қолган киши чин дўст ҳисобланади. Абу Али ибн Сино.

Шоир ким? Шеър нима?

Шоир ким? Шеър нима?

Шеърият. 

Буни ҳамма турлича тушунади. Ким учундир бу бутун ҳаёт, ким учундир шунчаки бир эрмак. Яна ким учундир, бу яна нимадир. Лекин ҳеч бир таъриф тўғри келмайди.

Аввалдан келишиб олайлик: мен адабиётшунос, олим, ёки ўзидан ақлли олим ясаб олган ҳаваскор эмасман. 

Шунчаки, баъзида шеър ёзиб тураман. Бу мақола эса ўзим каби ҳаваскорларга, шеъриятга қизиққанлар учун, ўзим учун ёзилган, субъектив фикрлар.

Кимдир қайсидир фикримга қарши бўлса, бемалол, ўз фикри ҳақида истаганча мақола ёзиши мумкин. Менга ҳам фойдаси тегиб қолади.

Шоир ким? Шеър нима?

Бу икки саволга жавобни Усмон Носирнинг “Яна шеъримга” сонети орқали жавоб топишга ҳаракат қилдим. Сиз ҳам аввал ўқиб кўринг. Вақтингиз бўлса, бир неча марта ўқинг. 

Усмон Носир

ЯНА ШЕЪРИМГА
(Сонет)

Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг, гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда.

Юрагимнинг дарди — нақшисан,
Қилолмайман сени ҳеч канда!
Ўт бўлурми ишқи йўқ танда?
Дардимсанки, шеърим яхшисан.

Сен орада кўприк бўлдинг-да,
Гейне билан ўртоқ тутиндим.
Лермонтовдан кўмак ўтиндим.

Бутун умрим сенинг бўйнингда.
Саҳарда қон тупурсам, майли.
Мен — Мажнунман, шеърим, сен — Лайли!

Шеър нима ҳақида?

Мен учун Усмон Носирнинг “Яна шеъримга” сонети аввалига шеър ҳақида эди. Кейин шоир ҳақида бўлди. Кейин ҳаммаси чалкашиб кетди.
Кейин топдим. Шеър - бу шоирнинг, инсоннинг қалби. Бу тасдиқни сонетнинг ҳамма қисмида топиш мумкин. 

Бир бошдан кетдик:

Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг, гуллар шарманда.

Шоир ўз шеърини, ёки таъкидлаганимдек, қалбни гўзаллигига ишора қиляпти. Гул гўзаллик рамзи, боғ эса яхшилик, эзгулик тимсоли. Лекин қалб гўзаллиги шундай бир неъматки, хар қандай боғни гўзалроқ қилади. Нима учун “гул” эмас, “гуллар”? Чунки, ҳар гул ҳам гўзал, ифорли бўлавермайди. Нима учун шарманда? Чунки, ташқи гўзаллик билан (ташқи кўриниш, сохталик, ниқоб) қалб гўзаллиги олдида мақтаниш шармандаликдан бошқа нарса эмас.

Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда.

Узоқ фикр билдирмайман. Шоир яна бир бор урғу беряпти, қалб фақат бир инсонгагина тегишли эмас. Қалб кенгроқ оламни ўз ичига олади. Шоир урғу беряпти: қалб бу тириклик, ҳаёт мазмунини ифодаловчи унсур.
Қисқа қилиб айтганда, “яшасанг, гўзал қалб билан яша” демоқчи.

Кейинги тўртлик қалб тушунчасини, ҳаёт тушунчасини, яшаш тушунчасини янада кенгайтиради. Бу ҳақда тўхталиб ўтирмайман. Буни тушунтиришим учун, аввал шоир кимлигини ўқувчига тушунтиришим керак. Ҳаракат қилиб кўраман.

Шоир ким?

Усмон Носир ҳақида интернетдан, унинг шеърларидан кўп нарса топиш мумкин. Жуда кўпчилик ўқиган, билади, ҳатто туғилган йилини, жойини, вафот этган кунигача ёддан биладиганлар бор. Лекин уларнинг ҳаммаси шоирни танийдими? Мен эса танимайман. Сабабини сонетнинг кейинги 3 сатрида тушунтириб бераман.

Сен орада кўприк бўлдинг-да,
Гейне билан ўртоқ тутиндим.
Лермонтовдан кўмак ўтиндим.

Шоир нимадир демоқчи бўлган, лекин айтолмаган, ёки сатрлар етмаслигини билган. Шунинг учун осонгина Гейне билан Лермонтовга ишора қилиб қўя қолган. Мен эса на Гейнени, на Лермонтовни кўп ўқиганман. Уларни ҳам танимайман. Демак токи уларни таниб, билмас эканман, Усмон Носирни билишга ақлим етмайди. 

Бу муболаға. Шоирни унинг шеърларидан, ижодидан таниш мумкин. Шоирни танимай туриб уни тушуниб бўлмайди. Бир шеърини ўқимай туриб, бошқасини бир сатридан нотўғри хулоса қилишингиз мумкин. Агар раҳматли Муҳаммад Юсуфни битта шеърини ўқиб математикани ёмон кўрган экан деб ўйласангиз, сабабини бошқа шеъридан топасиз. Вақти келиб бу ҳақда ҳам ўз фикримни ёзаман.

Бутун умрим сенинг бўйнингда.
Саҳарда қон тупурсам, майли.
Мен — Мажнунман, шеърим, сен — Лайли!

Мана бу сўнгга сатрларда шоир нафақат қалбни, балки ўзини, ижодини, ғояларини ва курашини ифода этади. Ҳаётда қандай ғоя билан яшашини, бунинг учун нималарга тайёрлигини, қисмат қандай бўлиши мумкинлигини ошкор ёзмасада, аниқ тиниқ ифодалаб беради. Бунинг учун шоир яшаган даврни билиш, ёки “Лайли ва Мажнун” достонини англаш етарли эмас. Шоирни бошқа шеърларини ўқиш керак.

Шеър нима?

Мана энди шеър нима деган саволга жавоб беришим керак. Хафа бўлманг. Жавобим йўқ.  Усмон Носирнинг “Яна шеъримга” сонетида шеър бу қалб, ҳаёт, яшаш дейилган.
Мен учун шеър - бу ниманидир, кимнидир, қандайдир фикрни, ғояни ўзида мужассам этган санъат асари, ижод маҳсули. Шеърда аниқ ғоя, мақсад, фикр, кимдир, нимадир бор. Эътибор беринг, ҳаммасини бирликда ёздим, кўпликда эмас. 
Афсуски, мен ўзим ҳам шеърларимда битта ғояни ичига яна бир нечта кимнидир, ниманидир қўшиб қўяман “сахийлигимдан”. Оқибатда, шеърларим ўйнаб юрган болалардек, даштда юрган сурувдек, сочи ёйиқ сулувдек чиройли, маъноли кўринсада, фикрни жамлашга, бир аниқ маъно топишга, шеърни танишга, у билан дўстлашишга имкон бермайди.

Мақсадим нима?

Мақсадим, кимгадир ақл ўргатиш. Кимгадир устозлик қилиш. Кимгадир ўзимни кўрсатиб қўйиш. Бу камтаринлик қилиб, ўзимни айблаш эмас, балки бор ҳақиқат. 

Нима учун айнан шеърият мавзуси?

Шоирмисиз, ҳаваскормисиз, бекорчимисиз, ёзган нарсангиз қалбингиздан чиқсин. Ғояси бўлсин. Мақсади бўлсин.

Сизнинг минглаб ёзган сатрларингиздан мен ўзимга нимадир олмасам, бошқалар айтгандек сиз ҳам минг бор такрорланг, фойдаси йўқ.

Тўғри, янгилик қилолмайсиз, чунки шеърият минг асрлардан бери ҳар мавзуни титкилаб чиққан. Лекин қалбдан чиққан нидони, садони ҳамма эшитади, такрор ва такрор эшитади, тушунади, англайди ва айтади.

Мен учун шоир ким, шеър нима, битта шеър мисолида тушунтириб бердим. Қолгани ҳар бир ҳаваскорнинг ўзига ҳавола.

Омон бўлинг!

(c) Али Ал Меҳр.
15 Январь, 2024 йил.

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?