Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.
Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.
Дастурхондан кўнгли тўқ, савдо қилар картага,
Қиммат бўлса ачинмас, байрам хам бир мартага.
Ароқ, вино, шампан бор, колбаса-ю, шоколад,
Писта, бодом ўрнини боса олар мармелад.
Олма, анор ўрнига шарбат олса бўлади,
Нон ўрнига торт қўйса дастурхони тўлади.
Лаҳм гўштдан умид йўқ, картага бор суяги,
Сон бўлмаса тоси бор, бел бўлмаса, кураги.
Арафага ош тарқатса, қўшнилардан кўнгли тўк,
Окорочка солинса не? Ким хам дерди бунга йўқ?
Девзирага хуши йўқ, қиммат, нақдга беради,
Оқ гуручда ош қилса, кўкрагини керади.
Салатига турп, карам, бодиринг ҳам кетмайди,
Бўш чўнтакка ошни кўп еганингга етмайди.
Фақат битта муаммо, болаларга кўнгли бўш,
Карнавалга юр деса, нима қилар, айтинг, хўш?
Кейин яна ҳайит кун, қайга қочар бечора,
Ҳайитликнинг ўрнига қанд беради, начора?
TEFAL олар хотинга, яраб қолар бир борга,
Яна хотин етаклаб чиқмаса бас бозорга.
Яна ҳам тушунади, Матмусани хотини,
Киймас тўнин тескари, минмас жаҳл отини.
Тушунади дўстлари, тушунади ёронлар,
Чойхонага бормаса, кулар фақат ёмонлар.
Қурбонликка картада ўнта қўйга етади,
Ҳар бир қўйдан беш фоиз, афсус, текин кетади.
Ўйлар яна Матмуса ҳурматига яраша,
Меҳмон келса уйига, ёқмайдику тараша.
Электрдан қарзи йўқ, газ пулини тўлаган,
Газ трансдан, чироқни ўчмасига улаган.
Чироқ ўчса кўнади, юрт бошига келган тўй,
Шам ёқса ҳам бўлади, чидаб исига бадбўй.
Фақат елиб югурар, уй иситиш куйида.
Кўмирлари тугаган, чўп қолмаган уйида.
Ўт пуркашнинг ўрнига газ трубалар тортар чанг,
Газ сўргичга нақд пул йўқ, Матмусанинг холи танг.
Нима бўлса бўлади, байрам йилда бир марта,
Қарз олади қўшнидан, гаровига сўм карта.
Фонар олар шам ёқмай, ёқар энди тошкўмир,
Бу байрамни қўшниси эслаб ўтар бир умр.
Қўшни шўрлик билмайди, сўм картанинг фойдасин,
Ахир у ҳам билмайди пул олишнинг қоидасин.
Матмусага нима ғам, байрам кутар беташвиш,
Қўшнисига қолди гал пул ўйида бош қашиш.
Аё дўстлар, янги йил, келар ҳайит яқинлаб,
Қарз берсангиз картага олинглар деб фаҳмлаб,
Яна ёздим Матмуса ҳангомасин эслатиб,
Яна сизни Матмуса кетмасин деб йиғлатиб.
27 декабрь, 2007 йил.

Муаллиф изоҳи:
Яна бир бор Эркин Воҳидов устоздан, ўқувчилардан, барчадан Донишқишлоқлик Матмуса образини олганим учун узр сўрайман. Матмуса образи учун ўқувчилар мени маломат қилмасинлар, илтимос.
Матмуса банк картасини олганига тўрт йил бўлди. Аммо орадан шунча вақт ўтса ҳам, унинг муаммолари ечилмади. (Бу даврларни ўша замон одамлари яхши билишади.)
Картада пул бор, лекин байрамга, рўзғорга, оилага — ҳаммасига барибир нақд пул керак.
Демак, Матмусанинг карта билан боғлиқ саргузаштлари давом этади.
"Матмусанинг картаси" - биринчи саргузаштни ҳам ўқиб кўринг.
