Бир вазиятнинг шоирона беш хил таърифи, ёки замонавий ўзбек шеъриятида юзага келган ижодий муҳитнинг ўзига хос хусусиятларини таҳлил қилиш оқибатида, ёки реал ижтимоий сиёсий вазиятга асосланмаган оддий воқеликни ёритиш мақсадида, ёки шунчаки бекорчиликдан ёки уйқусизликдан ёзилган илмий фалсафий бўлмаган шеърсимон шеър.
Ҳаваскор шоир:
Ишламасанг пул беришмайди,
Ёр бўлмасанг гул беришмайди,
Чўнтагингда пулинг бўлмаса,
Бирорта бир иш юришмайди.
Ёш шоир:
Муҳаббатдир энг қудратли куч,
Бирлаштирган қанча бошларни.
Ширин ишқи бўлмаса Фарҳод,
Кесармиди тоғу тошларни?
Шоир:
О, қалбимни асир айлаган
Ёр васлига сарбон сайлади.
Ой тўлғониб, қуёш ўртаниб,
Ҳижрон мени хароб айлади.
“Машҳур” шоир:
О, юрагим! Нафсимнинг қули!
Ишқ дема сен, боқмайман қиё!
Хилқат эмас, излайман сароб,
Девонаман! Йўлим зим зиё!
Шоирлик қилмасдан, оддий қилиб айтганда:
Хотин тушун, ойнинг охири,
Чўнтак бўшаб қолган кунларим.
Жағинг тиниб турсин синмасдан,
Сенсиз ўтса ўтсин тунларим.
21.12.2024 йил.