Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

Республика ёш ижодкорларининг «Зомин-2005» семинар танловида 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси тавсияси билан 2005-2007 ўқув йиллари «Олий адабиёт» курсида таълим олган.

2015 йилдан буён Марғилон шаҳар «Баркамол авлод» болалар марказида тўгарак раҳбари лавозимида ишлаган. Фаолияти давомида «Увайсий издошлари» адабий тўгарагини ташкил этиб, ўндан ортиқ шогирдларининг илк шеърий тўпламларини нашрдан чиқаришга муяссар бўлган.Ҳозирда Тошкент Амалий фанлар Университетида фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Ўлмасой Нишонованинг «Муҳаббат бекати», «Ҳарорат» шеърий тўпламлари чоп этилган. Оилали.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ўлмасой Нишонова ҳозирда турмуш ўртоғи шоир Абдулла Боқий билан тўрт нафар фарзандни тарбиялаб келишмоқда

Дунё билан келишув

Бир бор экан, баъзан йўқ экан... 
Эртакларинг битмайди, дунё. 
Менга бўлар гаплардан гапир, 
Бунақаси кетмайди, дунё. 

Энг чиройли дамларда яшат, 
Жоним ёқар оташлар юбор.
Аросатда қолдирма, майли, 
Ёнсам ёнай такрор ва такрор. 

Қаро тунлар ёришиб кетсин
Тушларимнинг тароватидан. 
Кундузларим бахтга қориштир, 
Яшай ишқнинг ҳароратида. 

Бахт берсанг бер, тўлалигича, 
Ёнсам ёнай, музласам музлай. 
Мен бағрингда юрмай бунақа
Ўзимдан ҳам айрога ўхшаб. 

Сени кутиб турибди дегин, 
Энг оташин, энг ёрқин дамлар. 
Ва умримни гўзал қилиб қўй, 
Отсин фақат энг ёруғ тонглар. 

Кел, келишиб олайлик дунё, 
Тортишишга ахир вақтим йўқ. 
Мен ҳам кўнай сенинг шартингга, 
Сен ҳам менга ураверма дўқ. 

Кўзларимга бундай боқмагин, 
Яшаш мумкин муроса қилиб. 
Чарчаганман, мени ҳам тушун, 
Енгим билан ёшим сидириб. 

Кипригимда тебранар илинж, 
Ёлғонларга овутма, дунё. 
Ўтинаман, шу умид ҳаққи
Мени ишқдан совутма, дунё! 

Абдул Боқийга аталган шеърлар туркумидан

Зикр айтсам, бармоғингиз тасбеҳ қилиб...
Хонзодабегим Жамолова

Кўзларимда кўзингизнинг акси бўлса,
Юрагимда ишқингизнинг нақши бўлса,
Ибодатда мен ҳаммадан яхши бўлсам,
Зикр айтсам, бармоғингиз тасбеҳ қилиб.

Яратганга етиб борса ҳар оҳларим,
Битта-битта тўкилсайди гуноҳларим,
Қўлингизни топиб бориб, бармоқларим,
Зикр айтсам, бармоғингиз тасбеҳ қилиб.

Жаннатларга етакласа каломларим,
Расулимга етиб борса саломларим,
Бутун умр, шом-у саҳар, оқшомлари
Зикр айтсам, бармоғингиз тасбеҳ қилиб.

Билмам, сизга ёқармикин бу одатлар,
Яратганга бўлсин барча итоатлар.
Асли сизни севмоқлик ҳам ибодатдай,
Зикр айтсам, бармоғингиз тасбеҳ қилиб.

Шукр айтсам, бармоғингиз тасбеҳ қилиб.

Сен азон чақирсанг...

Сен азон чақирсанг, уйғонса руҳим,
Томиримда қонмас, югурса оят.
Борлиққа таралса соҳир овозинг,
Бор вужудим билан қилсам ибодат.

Сен азон чақирсанг, уйғонса руҳим,
Кўнглимга туташса ишқнинг гулҳани.
Тафти етиб бориб юрагимгача,
Куйида кул бўлсам, қул бўлсам қани.

Сен азон чақирсанг, уйғонса руҳим,
Кўнглимни бошласанг хидоят сари.
Саловатлар айтсам бармоғинг санаб,
Шайтон тополмаса мени ахтариб.

Сен азон чақирсанг, уйғонса руҳим,
Атрофни шу садо тутса ягона.
Чорловчи овозинг кўнглимга етиб
Қалбимдан тўкилса фақат шукрона.

Овози Билолим, ҳусни Юсуфим,
Сен азон чақиргин, уйғонсин руҳим.

08.12.2025

Боряпман

Тушун, шунча меҳринг кетмагай беиз,
Ишон, менмас эркам, дунёлар беҳис.
Бугунги шамоллар эсмади бежиз,
Боряпман.

Ялмоғиз ҳижрондан бездими кўнглинг,
Сарғайган соғинчлар эздими кўнглинг,
Тонгда ниманидир сездими кўнглинг,
Боряпман.

Менга муҳаббатдан сўйлама, дунё,
Севги, садоқатдан сўйлама дунё,
Меҳр, оқибатдан сўйлама дунё,
Боряпман.

Азизим, ягонам, ёлғизим мани,
Кўзлари тўрт бўлиб йўллар кутганим,
Бугун бир умрга қўлинг тутгани
Боряпман.

26.02.2026

Ёмғир

Марғилонда ёмғир ёғар эзиб-эзиб,
Юрагимга ханжар каби ботар соғинч.
Суратингиз кўргим келиб шу кунларда
Кўзларимда эркаланиб ётар соғинч.

Оҳлар урсам, оҳларимнинг поёни йўқ,
Шамлар янглиғ тугаб борар бардошларим.
Агар сизга етиб борса ёмғир деманг,
Улар маним кўз ёшларим, кўз ёшларим!

Марғилонда ёмғир ёғар эзиб-эзиб,
Ҳаволарнинг кўнглим каби бир чети ғаш.
Сизга заҳмат етмасин деб ҳавотирман,
Гоҳи ўйлаб ўйларимга дардлар туташ.

Қадамлардан ўтлар чақнаб келсангиз гар,
Изингизни ёмғир ювиб кетмасмикин?
Ҳаволарда ҳаволанган севдим деган
Сўзингизни ёмғир ювиб кетмасмикин?

Марғилонда ёмғир ёғар эзиб-эзиб,
Сиз ёқларда офтоб кулиб турганмикин?
Билармисиз, шу ёмғирда кўргим келиб,
Йўл бошида сизни кутиб турганимни?

Марғилонда ёмғир ёғар эзиб-эзиб...

Сиз ўшами?

Бугун менга кулиб боқди баланд иқбол,
Эркаланиб, бахт қўйнида сурдим хаёл,
Кўзларимга ишонмайин бердим савол,
"Сиз ўшами, сиз ўшами, сиз ўшами?"

Тушларимда кўрган эдим бир пайтлари,
Ёғилдими Худойимнинг раҳматлари,
Яширолмай қолдим илк бор ҳайратларим,
"Сиз ўшами, сиз ўшами, сиз ўшами?"

Қошингизга юриб эмас, чопиб бордим
Юрагимни армонларга ёпиб бордим,
Кўнглим кўзи билан излаб, топиб бордим,
"Сиз ўшами, сиз ўшами, сиз ўшами?"

Маржон мисол тизилганда бу байтларим,
Исмингизга тўлиб кетди дил дафтарим,
Ҳеч кимсага ўхшамаган кабутарим,
"Сиз ўшами, сиз ўшами, сиз ўшами?"

15.02.2026 йил.

Абдул Боқийга

Инсон ўзининг бахтли эканлигини билмагани учунгина бахтсиз. Бахт бу- ҳамма нарса, ҳамма нарса!
Достоевский

Кел, сайр қиламиз боғларда,
Завқ билан дарёлар кечамиз.
Унутиб дунёнинг ташвишин
Қуёшнинг нурларин ичамиз.

Тоғларга чиқамиз, тонглари
Юзимни чаяман булоқда.
Чечаклар терасан менга деб,
Аламлар чекинар йироққа.

Қўлимга тутасан бахтларни
Қиқирлаб куламан сой каби.
Юрагим севгига лиммо-лим
Қолмайди бошқа ҳеч матлаби.

Мириқиб тинглайман гоҳида
Берилиб китоблар ўқийсан. 
Оқшомлар сенга деб меҳрла
Энг гўзал бўйинбоғ тўқийман.

Ҳисларинг соласан шеърларга,
Келтириб бераман қаҳвангни.
Хонада кезинар нафис куй
Ва яна сукунат жаранги*.

Ишқингни куйлайсан баралла,
Дунёни тутади бу қўшиқ.
У файзли кунларда яшайди
Фақат мен, фақат сен, фақат ишқ...

Елкамни босар ҳижрон, 
Қаддим букилиб кетар. 
Сен десам кўзларимдан 
Ёшим тўкилиб кетар. 
Сен! 

Аямасдан кўксимга
Тиғ каби ботар соғинч. 
Кетгиси келмай сира
Кўнглимда ётар соғинч. 
Кел! 

Келақолгин, кел энди
Қувонтириб кўзимни. 
Ўзимнинг чиройлигим, 
Бағритошим ўзимни, 
Эй!

Ногоҳ кулгуларим сўнса, йўқолса, 
Кўзларим кўзингни ахтариб толса, 
Соғинчинг дилимга ўрнашиб олса, 
«Ўзингга кел», дема, ўзингга борай. 

Кўнглинг сезиб қолса кўнглимни беҳос, 
Айламоқчи бўлсанг дардимдан халос. 
Азизим, ёлғизим, сендан илтимос, 
«Ўзингга кел», дема, ўзингга борай.

Шоирим

Кўзингиз осмонида кунлар кулиб келодир, 
Лабингизда ишқ янглиғ унлар кулиб келодир, 
Ёлғиз менга аталган гуллар кулиб келодир, 
Сиз шунақа бахт билан келасизми, шоирим? 

Келинг, кўнглим боғининг кўшки сизга аталган, 
Жон томирда жўш урган ишқим сизга аталган, 
Бирорта ёмоним йўқ, яхшим сизга аталган
Фақат менга кўнглингиз берасизми, шоирим?

Ёзсангиз қоғозларда ишқлар уфуриб кетса, 
Қушлардек қанот қоқиб, бахтлар югуриб кетса, 
Аразларим ўшал чоғ юзини буриб кетса, 
Сиз шунақа бошқача севасизми, шоирим? 
Сиз шунақа бошқача севасизми, шоирим?

Мен осон бормадим сенга, азизим, 
Оловли чўллардан югуриб ўтдим. 
Қишларда музладим юрагимгача, 
Баҳорда ёмғирдай тўкилиб ўтдим. 

Мен осон бормадим, балки англарсан 
Қанча дарёларни симирганимни. 
Тирноқларим қонаб чўққига чиқиб, 
Дуч келган тошларни кемирганимни.

Мен осон бормадим сенга, азизим, 
Соғиниб, ичикиб ва ёниб бордим. 
Йиқита олмади мени гумонлар, 
Бир кун етишимга ишониб бордим. 

Ниҳоят дийдоринг бўлди насибим, 
Барча азобларни енгиб ўтдим жим. 
Лаҳзаларни санаб, кунларни санаб, 
Сен осон кутмадинг мени, азизим, 
Сен осон кутмадинг мени, азизим.

22.04.2026 йил. 

Кундалик

Турмуш ўртоғим мисолида оиласи учун ҳалол ризқ топиш мақсадида кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилаётган қадрлиларимизга бағишлайман!

Сен ишдан келасан ҳар куни ҳориб, 
Аста ёнбошлайсан салқин сўрига. 
Дастурхонда тайёр меҳр ва таом,
Ҳозир пишиб чиққан қалбим қўрида.

Тамадди қиласан иштаҳа билан
Қўясан менимас, таомни мақтаб. 
Кўзингга термулиб ўтираман жим, 
Ўтган дамлар ҳаққи ўзингга маҳтал. 

Уйқу торта бошлар сени ётоққа, 
Қалбингни сокинлик эгаллай бошлар. 
Дунё ҳасратлари эзган азизим, 
Менинг ғамим йўқдир ўзингдан бошқа. 

Сен шундай интилиб яшайсан ҳар кун
Ҳаёт пойгасида олға боришга.
Тунда чекинади ташвишлар бироз,
Эрта отланасан сўнг яна ишга. 

Мен эса тинчгина уйда ўтириб, 
Сенинг меҳринг билан оламан ором. 
Тартибга соламан яна уйларни, 
Яна тайёрлайман сен учун таом. 

Аритмоқчи бўлиб чарчоқларингни
Гоҳ ўқиб бераман ажиб китоблар. 
Сўнг ухлаб қоласан, тушингга кирар
Битмаган ишлар-у, ҳисоб китоблар. 

Мен эса... 
Тоғорага солиб кўйлагинг билан, 
Чарчоқларингни ҳам юваман кейин. 
Ва дорга осаман ҳасратларингни,
Дазмоллаб қўяман кўнглингни секин.

Аёл ва иш

(Қизларимга) 

Саҳарлаб кўзларин очар эриниб
Бомдод намозидай ҳузурбахш очун. 
Қуёш эркаланиб чўзар қўлларин 
Борлиққа бермоқ чун ўзгача фусун. 

Тонгдаги юмушлар тугар бирма-бир, 
Тадорик кўраман ишга кетгани. 
Мушукдай суйкалиб оёқларимга
Эритмоқ бўласан, қолинг деб мани. 

Кўзингга оласан уч тўрт томчи ёш, 
Ишга борманг дея ялинасан, сен. 
Юракдан чиқади бу сафар йиғинг
Меҳрингга жавоблар тополмайман мен. 

Тушун, ишлаш керак бошқа илож йўқ, 
Бормасам бўлмайди, бошлиқ уришар. 
Ўзинг ақллисан, эсинг кўп қизим, 
Маош бермайди-да бормасам агар. 

Бугун сал эртароқ қайтасизми-а, 
Англайсан, ялиниш бефойдалигин.
Ўзимни қийнайман, ваъда беролмай
Секин термуламан кўзларингга жим. 

Аслида менинг ҳам ҳар кун шу расмий
Қиёфамни отгим келади, қизим. 
Майсалар бағрида китоб ўқигим, 
Юлдуз санаб ётгим келади, қизим. 

Жимгина термулиб суҳбатларингга, 
Боладай беғубор кўнглим ҳушласам. 
Асабий бетартиб ҳужжатларнимас, 
Нозик қўлларингни маҳкам ушласам. 

Фақат она бўлсам, бошқа ролларни
Ўйнамай, жимгина яшасам бахтли. 
Сен ҳар гал қолинг деб ялинганингда
Бир бир узилмоқда сабрим дарахти. 

Аммо, чорасизман, илтимос, тушун, 
Ҳаёт пойгасида қатнашмоғим шарт. 
Мени ишга олиб кетади дунё
Сенинг юрагингга қилмасдан шафқат.

Кимдир кийимимни этади танқид, 
Кимдир баҳо берар соч турмагимга. 
Менинг сувратимни кузатган одам, 
Боқиб кўрганмисиз ҳеч юрагимга? 

Тахминлар қиласиз нима дейишим, 
Сизга қизиқ кеча кийган кўйлагим. 
Ҳатто эсингизга келиб қўймайди
Бугун мен нима ё кимни ўйлашим.

Нархини сўрайсиз, ё сифатини, 
Бу мода неларни синдириб келган. 
Афсуски, билмайсиз кўйлагим енги
Қанча кўз ёшларим сидириб келган.

Ўйлаб кўрмагансиз, кўзим кулган чоғ
Ичимдан нималар кечаётганин. 
Ўзим сиз-ла қаҳва ичган пайтимда, 
Юрагим зардоблар ичаётганин.
Дилим оловларни кечаётганин... 

Азизим, ўйламанг, нима фарқи бор, 
Сизни қизиқтирмас кўнглим ишлари. 
Сиз ўйланг бугун ҳам одатдагидек, 
Одамлар нималар дейишларини.

Аммо, сизга раҳмим келади менинг,
Билмайсиз дунёнинг кўп рангларини. 
Ўтиб кетаяпти умрингиз шундоқ
Тингламай сукунат жарангларини.

Бугун яшаяпсиз қорин дардида, 
Кераксиз матоҳлар ортидан чопиб. 
Билмайсиз, дунёда энг қимматлироқ
Кўнгил деган мулкни олганман топиб.

Менинг умрим ўтар сой шўхликларин, 
Қуёшнинг ботишин мамнун кузатиб. 
Сиз буни билмайсиз, тушунолмайсиз, 
Афсус, сизни бўлмас энди тузатиб. 

Сизга раҳмим келар мени ишонинг...

© Ўлмасой Нишонова

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?

  • Аталадан чиққан суяк

    Гапда суҳбат авжида улфат
    Гап суққанди “Куйган юрак” деб,
    Жаҳли чиқди улфатларини,
    “Аталадан чиққан суяк” деб.