Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
Барча доно фикрини бир мезонга солибди.
- Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?
Мен хам энди бойвачча болалардек бўлайин,
«Асака банк» пластик сўм картасин олайин.
Уч фоиздан ҳар ойда фойда зарар қилмайди,
Энг муҳими, хотиним пул олганим билмайди!
Бир миллион бўлса ҳам чўнтакка жой бўлади
Агар нақд пул бўлса борми, сомон қопга тўлади.
Буни казо казолар «Авторитет» дейишар
Матмусанинг кимлигин ана шунда билишар».
Шу хаёлда Матмуса «cўм карточка» олибди,
Барча ойлик маошин шу ҳисобга солибди.
Пул кўпайиб ҳисобда юрар оғзи қулоқда.
Бироқ, тингланг, ҳангоманинг энг қизиғи бу ёқда.
Энди дўстим Матмуса чойхонага бормайди,
Сабаби чойхонада «сўм карточка» олмайди.
Банкоматда нақд пул йўқ, кассир бола аврайди,
Уйга борса хотини пул беринг деб жаврайди.
Ичмай қўйди ароқ ҳам, нос хумори қилмайди,
Ахир оддий носфуруш терминални билмайди.
Карточкада маблағи кундан кунга ошади,
Лек қарздор ҳаммадан, сабр коса тошади.
Хуллас дўстим Матмуса пул тополмай нетади?
Ташлаб бола чақани Тошкент томон кетади!
Шундай қилиб Матмуса бой бўлибди ниҳоят,
Айтиб берсам йўлини, бўлар янги ҳикоят.
19 август, 2003 йил.

Муаллиф изоҳи:
Аввало Эркин Воҳидов устоздан, ўқувчилардан, барчадан Донишқишлоқлик Матмуса образини олганим учун узр сўрайман. Матмуса образи учун ўқувчилар мени маломат қилмасинлар, илтимос.
Бу шеър 2003 йилда, Ўзбекистонда пластик карталар энди-энди ҳаётимизга кириб келаётган даврда ёзилган. Ўша пайтларда иш ҳақи картага тушар, аммо шаҳарларда банкоматлар кам, дўкон ва бозорларда эса карта орқали тўлов қилиш имконияти деярли йўқ эди.
Бу даврларни биринчилардан бўлиб маошини банк картасига ўтказиб олганлар яхши билишади. Картада пули бор «бойваччалар»нинг бозорда нақд пулсиз сарсон бўлиб, асабийлашишларини кузатишнинг ўзи бир томоша эди. Албатта, бу томошанинг иштирокчиси бўлганлар ҳам кам эмас. Ўзим қанча асабийлашганимнинг саноғи йўқ!
Нақд пул керак бўлиб қолса, картанинг пулини нақд қилиб берадиган одамни топиш керак эди. Бу хизмат ҳам текин эмасди. Айрим уддабуронлар 10, ҳатто 30 фоизгача устама олишарди. Бугунги кун билан солиштирганда, ўша пайтда картадаги пулни нақд қилиш муаммо бўлган бўлса, ҳозир баъзан аксинча, картага пул туширишнинг ўзи муаммога айланиб қолади.
Шеър қаҳрамони Матмуса ҳам янги замонга мослашиб, ўзини бойваччалардек ҳис қилиш учун пластик карта олади. Ҳатто ойлигини хотинидан яширишнинг ҳам уддасидан чиқмоқчи бўлади. Аммо тез орада бир нарсани тушунади: картада миллион бўлгани билан, чойхонада чой ичиш, бозордан нарса олиш ёки нос сотиб олиш учун барибир нақд пул керак!
Шу тариқа, Матмуса ҳисобида бойиб боради, ҳаётда эса қарзга ботади. Охирида чорасиз қолиб, Тошкент томон йўл олади. Катта шаҳарларда банкда ёки банкоматда пул бўлиши эҳтимоли юқори эди-да!
Бугунги ўқувчиларга бу воқеалар бироз эскирган ёки кулгили туюлиши мумкин. Лекин ҳар бир даврнинг ўз муаммоси, ўз «замонавий қулайликлари» бўлади. Матмуса ҳам ўша даврнинг замонавий бойваччаси эди. Фақат бир камчилиги бор эди: пули картада, ҳаёти эса нақд пулда эди! Бу ҳазил, лекин ўша даврнинг аламли шеъри, хотираси бўлиб қолган.
Матмусанинг кейинги саргузаштини ҳам ўқиб кўринг "Матмусанинг картаси - 2"
