(Асаби бўшлар, иродаси сустлар, қўрқоқлар ўқимасин.)
Мана бир неча кундирки тобим йўқ. Болалигимда қаттиқ кулганимдан қувонч касалини орттириб олган эканман. Вақтида даволатмаганимни оқибати, мана ёш ўтган сари тез тез шодлик қўзғалиб безовта қилиб туради.
Қани энди дунё ташвишларидан бўшаб бемалол бир оз дам ололсанг... Қайда?! Барибир бирор бир ташвиш топилади-да, касалингни ҳам унутасан.
Касалини яширсанг иситмаси ошкор қилади. Минг карра ҳақ сўз. Ўтган ҳафта дўстлар билан чойхонада бир улфатчилик қилгандик. Бир оз тўрига чиқиб олган эканманми, миямга хурсандчилик ўрнашиб қолибди. Ўтиб кетар деб эътибор бермадим. Иш билан овора бўлиб унутгандек бўлдим. ҳафта охирига бориб бир кучайдию, йиқитди қўйди. Шу баҳона бўлдию ишхонадан рухсат олиб ҳали у дўстимни шифохонасида, ҳали бу дўстимни қабулхонасида маслаҳат олиб юрибман. Психологга боришни маслаҳат беришди. Бордим. Бормаганимга қўйишмади. Мана натижа: Шодлантирилган Бахт Саодат Синдроми. Хушим бошимдан учай деди. (Биров эшитса борми, нақ жиннига чиқаради).
Хуллас бўлар иш бўлди: жон керак бўлса жонингни жабборга бераркансан. Мана бир неча кундан бери куним мева ва сабзавотларга қолган. Нонуштага қовун ва тандирдан янги узилган ширмой нон, тушликка тарвуз ва бошқа мевалар, кечки овқатга эса олма, нок ва цитрус мевалар. Янаям хурсанд бўламан, сутга чўмилтиришмаганига. Лекин барибир сал ўзимни тортаман: ҳар қандай дорини ҳам соғлиққа таъсири бор дейишади. Врачга билдирмай секин ҳамшира қиздан сўраб билиб олдим: бунақа муолажа таъсирида кайфият кўтарилиб кетиш хавфи бор экан. Бир марта ҳатто шундай бўлибди ҳам, ўзим сезмабман.
Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан. Иссиқ жон, ҳаммада ҳам дард бор. Ҳамкасбларим ҳам хонамга тез тез кирадиган бўлиб қолишди. Эмишки, бу касаллик ўта юқумли ва бир оғиз гапдан ҳам юқармиш. Ҳатто котиба қизни севганига турмушга чиқиб кетганини ҳам мени дардимга боғлашиб миш-миш тарқатишди. Хатто киши билмас карантин ҳам эълон қилишибди. Ҳамма киши билмас бирин кетин меҳнат таътилига чиқиб кетишди.
Мана, бугун ҳам бир ўзим ҳамма учун ишлаб ўтирибман. Ҳаммани мижози мени олдимда: бирига у кам, бирига бу. Мижозлар билан бўлиб дардимни ҳам бир оз унутаман. Лекин ишдан бир оз чалғидимми, тамом: қувонч ёки шодлик безовта қила бошлайди. Дам олиш кунлари хам ўзимга бирор иш топишга ҳаракат қиламан. Акс ҳолда Шодлантирилган Бахт Саодат Синдроми яна авж оладию, каминани яна осмону фалакда кўрасиз. Кеча интернетдан бир хабарни ўқиб ташвишга тушиб қолдим: бу дард виртуал йўл билан ҳам юқар экан. Нима бўлганда ҳам эҳтиёт бўлган яхши.
Дарвоқе, хабаримни ўқиганингиздан сўнг ўзингизга бир эътибор бериб қўйинг: юзингизда табассум аломатларини кўрсангиз ёки кайфият кўтарилишини ҳис қилсангиз тезда мутахассисга учрашинг ёки менга мурожаат қилинг. Бошдан ўтган табиб дейишади.
4-октябрь 2011 йил.