Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

Эркин Воҳидов - Инсон қасидаси

Эркин Воҳидов - Инсон қасидаси

Собит-ул сайёрада инсон ўзинг, инсон ўзинг,
Мулки олам ичра бир хоқон ўзинг, султон ўзинг.

Собит ўз маъвосида, сайёр фазо дунёсида,
Коинот саҳросида карвон ўзинг, сарбон ўзинг.

Шамс — дил тафтингдадур, сайёралар кафтингдадур,
Кенг жаҳон забтингдадур, боғбон ўзинг, посбон ўзинг.

Бу ёруғ дунё надур? Кошонадур, вайронадур,
Сенга меҳмонхонадур, меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг.

Бунда оқ бирла қаро, зулмат, зиё, шоҳу гадо,
Жанг қилурлар доимо ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.

Сен бало, ҳам мубтало, хайр ила кин, росту риё,
Фитнагар олам аро фаттон ўзинг, қурбон ўзинг.

Гоҳ адолат боғида, пири адоват гоҳида,
Ўз дилинг даргоҳида шайтон ўзинг, ғилмон ўзинг.  

Хормисан ё гулмисан, тождормисан ё қулмисан,
Чўғзмисан, булбулмисан, нодон ўзинг, хушхон ўзинг.  

Бу ҳаёт ўрмон экан, жон борки, қасди жон экан,
Бунда қатл осон экан, сиртлон ўзинг, жайрон ўзинг.  

Бу ҳаёт уммон экан, уммон абад гардон экан,
Қатрадек сарсон экан, сарсон ўзинг, гардон ўзинг.  

Машъали фикрат — сенинг, ҳам чангали ваҳшат сенинг,
Ғайрату ғафлат сенинг, жавлон ўзинг, урён ўзинг.  

Қилдингу ойда хиром, ҳам ерда қон тўкдинг ҳаром,
Ушбу ҳолингдан мудом хандон ўзинг, гирён ўзинг.

 Миндинг илм нарвонига, чиқдинг фунун осмонига,
Бу жаҳон айвонига аркон ўзинг, вайрон ўзинг.  

Заррани ижод этиб, даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб, ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.  

Боғи арз обод эрур сендин агар имдод эрур,
Йўқса у барбод эрур, тўфон ўзинг, тўғон ўзинг.  

Сен ҳилол, юлдуз, салиб, Таврот, Забурдин юксалиб,
Боймисан ёки ғариб, комрон ўзинг, яксон ўзинг.  

Ким фаранги, ким ҳабаш, ирқ, қон талаш, иймон талаш,
Шулми инсондек яшаш, армон ўзинг, афғон ўзинг.  

Мамлакатга мамлакат, миллатга миллат бўлса қасд,
Қилғучи сўнг оқибат армон ўзинг, афғон ўзинг.  

Онайизоринг — замин, танҳо йўғу боринг — замин,
Хаста беморинг — замин, ўғлон ўзинг, дармон ўзинг.  

Бағрида ётқучи — сен, неъматларин тотқучи — сен,
Тиғ бўлиб ботқучи — сен, пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.  

Марсга тўп отқучи — сен, Зуҳрони уйғотқучи — сен,
Уйқуда қотқучи — сен, уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.  

Келдинг оламга, демак, этмас уни сўрмак, емак,
Ерни этмоғинг керак бўстон ўзинг, ризвон ўзинг.  

Сўзга ҳам поён бўлур, ёзсам яна девон бўлур,
Рустами достон бўлур, достон ўзинг, девон ўзинг.  

Бўлмасин субҳинг қаро, бор бўл мудом борлиқ аро,
Ўзни этгил доимо инсон ўзинг, инсон ўзинг.  

Эй, сен Эркин, сен букун ёздинг дилингдан бир тугун,
Сен киму не даҳри дун, бийрон ўзинг, нодон o‘zing.

Эркин Воҳидов (28 декабрь 1936 – 30 май 2016) 

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?