Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

«Маънавият» керакми?

Маънавият керакми?

Замона зайли билан ҳақиқатга ўхшаган ҳазил шеър...

Ҳазил қилиб хотинга айтдим:
- Маънавият керакми сенга?
Хотин ҳайрон. Кейин аламдан,
Бир оз қўрқиб портлади менга:

- Қайдан бу гап? Устимдан кулиш?!
Маънавият етмай қолдими?!
Шукр, онам тарбияси бор,
Ё бошқа ёр кўнгил олдими?!

Қачон китоб ўқидим, айтинг?
Сиздан ортиб, боладан ортиб?
«Рўзғор бу ғор» деган сизмасми?
Қўш ҳўкиздек юрибмиз тортиб!

Отанг бозор, онанг бозор деб,
Сиз айтгансиз. Нархлар осмонда.
Шукр, Аллоҳ бериб турибди,
Бир бўлак гўшт қайнар қозонда.

Гул бергансиз сўнгги бор тўйда,
Шундан бери қозон - тоғора,
Бир концертга борайлик десам,
«Маош олсам» деган ноғора.

Мен ҳам концерт кўргим келади,
Индамайман. Шунга кўнглиз тўқ.
Тошкент узоқ, Андижон ўлган,
Чипта олсак, йўлкирага йўқ,

Қачон кўрдим битта сериал?
Сув ташийман белимни бойлаб.
Нима фойда уйда жўмракдан,
Сув келмаса ҳафталаб, ойлаб.

«Кир машина бор» деманг фақат!
Мен уйдаман, сиз кўча куйда.
Кирим кутиб турмайди - «Қачон
Чироқ ёнар экан?» - деб уйда.

Пишир куйдир, чой дамла, ош қил,
Зора дадил ёнса газ баллон?!
Ҳаво қўшиб дамлаганми ит,
Асабимга тегади ёмон!

Кеча уйга МИБдан келибди,
Ҳужжатларни қўлига бердим.
Газимиз йўқ, сувимиз гумон,
Бир «баклашка» бензин бор дедим.

Қиш келяпти, уйда ўтин йўқ,
Уйда дарахт қолмади ҳисоб,
Ҳозир арзон, кузда осмонда,
Қилинг сиз ҳам бир ҳисоб китоб.

Маънавият?! Қани? Йўқ имкон!
Қани ўша буюк қадрият?
Қилиб беринг «нормал» шароит.
«Элга келган тўй» деманг фақат.

Қизиз катта бўляпти, қаранг,
Сеп сидирға қилиш керакми?
Ё маданий мода бўлволиб,
Китоб ўқиб ётиш керакми?

Жаҳлим чиқар, «Нимага эрим,
Ишлаб яхши кўйлак киймайди?!».
Қадр топинг дейману, четга
Кетказгани кўзим қиймайди.

Ё кўнмайсиз кетайлик десам,
Уй жой қилиб яхши жойлардан,
Айтинг, бизни қаеримиз кам
«Ватан» деган ўша «бой»лардан?

Кредитга югурмадингиз,
Таниш билиш қилганлар олди.
Сизга ўхшаб ишониб юрган
«Ҳақиқатлар» кўчада қолди.

Рост-да, сизлар ҳаммангиз бир гўр.
Биз хотинлар, бирга бўлишиб,
Сизлар тўртта яқин ошнани,
«Ватанпайпоқ» деймиз кулишиб.

Бўлди, бўлди, жаҳлиз чиқмасин,
Ҳазиллашдим. Тиқманг мозорга.
Маънавият керак бўлса-чи,
Ана, сиз ҳам боринг бозорга!»

Хуллас, ҳазил бўлмасин деб зил,
«Маданият» кўрсатиб турдим.
Тўртта «Ватанпайпоқ»ни чорлаб,
«Маънавият» қилгани сурдим.

27.07.2019 йил.

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?