Ўзига жалб қилувчи асосий хусусияти: Босиқлик
Тоғ эгаси буржида туғилган инсонлар бир оз шуҳрастпараст бўлишади. Уларнинг ҳаёти ўз олдига қўйган мақсадлари сари интилиш билан ўтади. Сизнинг ҳаётингиз давомида муваффақиятга эришиш, бойлик, юқори мавқе, ҳокимият ва муҳаббатга (сиз буни сезмасангиз ҳам) интилиш билан яшайсиз.
Тоғ эгаси буржида кардинал (бошқарувчи) буржларнинг ташаббускорлиги ва ер унсурининг амалийлиги уйғунлашган, бу эса сизнинг етакчилик ва ҳокимиятга бўлган йўналишингизни кўрсатиб туради. Юлдузлар буржида Сатурн сайёраси энг юқори нуқта билан боғланган бўлиб, бу юқори нуқта улкан ютуқларни англатади. Сиз туғма ижтимоий альпинист, барча чўққиларни забт этишга интилувчи инсонсиз, оддий водийларда сайр қилиш билан чекланиб қолмайсиз. Агар қаршингизда қандайдир чўққи пайдо бўлса, сиз уни забт этишга интиласиз. Сизнинг рамзингиз — тоғ эчкиси. Ҳамма биладики, тоғ эчкилари ҳар қандай баландликка, ҳатто бошқалар назаридан яширин бўлган қийин йўллардан ҳам, маҳорат билан чиқа оладилар. Сиз дунёда муҳим вазифалар борлигини доим эслаб турасиз. Агар бирор тоғни ўрнидан қўзғата олмасангиз, ҳеч бўлмаганда унга кўтарилишингиз мумкин деган қоидага амал қиласиз.
Сизнинг Сатурн сайёраси бошқаради. У чекловлар, шунингдек, вақт билан боғлиқ чегараларнинг рамзий ифодаси саналади. (Сатурннинг юнон мифологиясидаги муқобили — вақт худоси Кронос.) Сиз вақтнинг қадрини яхши биласиз, шу боис ўзингиз ва атрофингиздаги одамларнинг ҳаракатларини ташкиллаштириш ва режалаштиришда устасиз. Бошқалар бир ойдан кейинги режаларни тасаввур қилолмаса, сиз ўз мақсадингизни аниқ ўрганасиз, унга етиш йўлини аниқ қадамларга ажратасиз ва кўпинча бир неча йилга мўлжалланган батафсил режалар тузасиз. Тоғ эчкисининг сабри чексиз. Тоғ эчкисининг муҳим жиҳатларидан бири – кутилаётган нарсани қанча керак бўлса, шунча сабр қилиб кута олишида. Сиз эртанги мукофот учун бугунги лаззатлардан воз кечишга тайёр инсонсиз.
Сизни кўпинча тушкунлик, жиддийлик кайфияти ўраб туради. Сатурнни "осмондаги назоратчи" деб аташади, чунки у масъулият, интизом ва ҳаракат эркинлигини чеклашни ифодалайди. Сатурннинг фарзанди сифатида, сиз доим ҳамма нарсани яхшилашга ва такомиллаштиришга интиласиз.


Сиз шуҳратпараст, амалий ва қатъиятлисиз. Ноаниқ абстракт назариялар сизни қизиқтирмайди, сиз олинган билимларни амалиётда қўллашни истайсиз. Қизиқувчан ақлингиз ғояларни тез англаб олади, сизда ҳавас қилишга арзигулик диққатни жамлаш қобилияти бор. Аниқлик ва тартиб сиз учун жуда зарур, сиз одатда муҳим ишларни бошқаларга ишониб топшира олмайсиз. Агар бирор нима ваъда қилган бўлсангиз, уни албатта бажарасиз, агар бирор вазифани ўз зиммангизга олган бўлсангиз, уни энг яхши натижа билан якунлашга интиласиз. Сиз майда жиҳатларга ҳам катта эътибор берасиз, барча кутилмаган ҳолатларни аввалдан олдини олишга интиласиз. Бу сиз учун барча нарсани назоратда ушлаб туриш усулидир.
Ҳар нарсага ўта диққат билан эътибор беришингиз шунчалик ёрқин кўзга ташланадики, унинг ортидан одамлар ижодий қобилиятингиз кўпинча сезмай қолишади. Лекин сиз ҳақиқатан ҳам ижодкор инсонсиз, шунингдек, ўз ижодингиз маҳсулини аниқ шаклга келтиришни биласиз. Сизнинг ўзингизга хос истеъдодингиз — орзуларни ҳақиқатга айлантиришдир. Шунинг учун ҳам сизни томошабоп санъат турлари кўпроқ ўзига жалб қилади.
Сиз ўзингизни жиддий ҳаётда яшайдиган, орзу осмонларида учиб юрмайдиган инсон деб ҳисоблайсиз, ҳаётдан завқ қидиришга вақтингиз етмайди. Ҳар бир Тоғ эчкиси қалбида жиддий ва қаттиққўл «ота» — Сатурн яшайди. Сиз фақат ўзингизга ишонишингиз мумкинлигини яхши биласиз. Сизнинг ички оламингизда “ёш бола” ҳам бор, лекин у ўзини доим ночор ҳис қилади. Ҳаётингиздаги энг муҳим дарслардан бири бу ночорлик ҳиссини енгиш ва ўзингизни севишни ўрганишдир. Ўзингизга ўзингиз қаттиққўл, чизган чизиғидан юришга мажбур қиладиган «ота» бўлишдан воз кечинг, сизни доим тартибга риоя қилишни талаб қилувчи ички назоратчидан қутилинг. Сиз ўзингизга эркинлик беришингиз, истаган вақтингизда югуриш ва ўйнашга рухсат беришингиз керак.
Сизнинг четда туришингиз кўпинча атрофдагилар томонидан совуқ муносабат сифатида нотўғри талқин қилинади. Аммо сиз совуқ эмассиз, балки ўзингизга ўзингиз етарли инсонсиз. Ўз муҳитингизни ташкил этиш ва уни тўғри йўналтириш зарур бўлган вазиятларда сиз баъзан бошқаларнинг ҳаётига ўринсиз аралашиб кетишингиз мумкин. Бу сизга худди уларга ёрдам сифатида кўринади, босим сифатида эмас. Сизнинг босиқлик ниқобингиз ортида таъсирчан ва ҳамдард инсон яшайди. Агар бировга суяниш учун ишончли елка керак бўлса, Тоғ эчкиси бу вазифага энг мос келадиган инсон бўлади.
Сизни қуруқ ёки қовоғи солиқ инсон деб билиш нотўғри. Аслида, сизда ажойиб юмор ҳисси мавжуд. Сизнинг ҳазилларингиз баъзан ўткир ёки ачитиб айтилгандек туюлиши мумкин, аммо улар жуда ҳам кулгили бўлади. Сиз кутилмаган вақтда ўта ақлли ҳазиллар билан атрофдагиларни кулдириб турасиз.
Пул, маблағ масаласида ҳам, ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби эҳтиёткор инсонсиз, ўзгаришларни хушламайсиз. Сизнинг бойлик орттириш имконингиз жуда юқори (айниқса, катта ёшларда), чунки сиз маблағларни ишончли жойларга сармоя қилишни яхши биласиз. Бизнесда сиз муваффақиятга эришиш учун тайёргарликка катта эътибор қаратасиз. Ўн минг километрлик сафарлар биринчи қадамдан бошланади, аммо сиз мақсадингизни аниқ тасаввур қилмаган ҳолда ҳеч қачон йўлга чиқмайсиз. Бошқалар вазиятни сиздан тезроқ тушуниб ҳаракат бошлашлари мумкин, аммо сиз шошилмай, аввало, илгари қилинган ишлар билан танишасиз, ишончли маълумотлар тўплайсиз. Бу сизнинг ютиғингиз бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ана шундан сўнг, ҳар бир майда-чуйда масалани чуқур ўрганиб чиққанингиздан кейингина ҳаракатга ўтасиз. Ва сиз энди мақсадингизга етмагунча тўхтамайсиз.
Ҳар қандай ноаниқлик сизни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Сиз доимо ҳимояланишни ўйлайсиз, ҳамма нарсани оқ ва қорага ажратасиз. Инсон ҳис туйғуларининг "кулранг соҳалари" сизга хатарли бўлиб кўринади ва сиз улардан четланишга ҳаракат қиласиз. Камолотга етмаган тоғ эчкиси фақат ўз ҳақиқатини тан олади холос. Баъзан, тоғ эчкилари ёпиқ ва танқидий муносабатда бўлишади, баъзилари эса фақат ҳокимият ва муваффақиятни қадрлашади.
Сизнинг энг биринчи ташвишингиз – хавфсизликни таъминлаш. Одатда, сиз моддиятга таянувчи инсонсиз. Ўз йўлингизда ғов бўлиб қолган инсонларга нисбатан шавқатсиз бўлишингиз мумкин. Сиз жуда ғурурлисиз, сизга нисбатан паст назар билан қарашларини ёки ҳақорат қилишларини кечирмайсиз. Шу билан бирга, сизга ёрдам кўрсатган инсонларнинг яхшилигини унутмайсиз, уларнинг кўрсатган меҳр-мурувватни юз баробар ортиғи билан қайтаришга интиласиз. Чаён буржи вакиллари ҳам яхшиликка муносиб жавоб қайтаришади, фақат улар ўзларининг садоқати ва эътирофи сабаблигина миннатдорчилик билдиришади. Сизда эса бошқалар олдида қарздор бўлиб қолишга ғурурингиз йўл қўймайди.
Тоғ эчкилари бошқа буржларга қараганда кўпроқ бойлик ва обрў-эътибор учун оила қурадилар. Муносабатларда сиз, одатда, устунликка эришишга ҳаракат қиласиз, бу сизга бошқа бировнинг таъсирига тушиб қолишдан ҳимоя қилади. Сиз ўз яқинларингизнинг садоқатини доимо, ўзларига сездирмасдан синовдан ўтказиб турасиз. Сиз юлдуз буржлари орасида энг ёлғиз инсонсиз, сиз муҳаббатга ва сизни юқори баҳолашларига муҳтожсиз. Афсуски, сиз бу эҳтиёжингизни ошкор қилмайсиз, аксинча, уни ҳаммадан яширишга ҳаракат қиласиз.
Бу ниқоб остида сизнинг яна бошқа кўплаб ниқобларингиз бор, атрофдагилар сиз қандай инсон эканингизни дарҳол англашмайди. Сизнинг оғир босиқ характерингиз сабабли сизни такаббур, беэътибор ва ўзини баланд тутадиган инсон деб қабул қилишади. Аммо айнан мана шу бошқалардан узоқлик хислати бошқа инсонларни гипноз таъсирига тушгандек тоғ эчкилари шахсиятига тортиб туради.
Ҳимоя қалқонингиз ёриб ўта оладиган даражада сизни сева олган инсон беқиёс мукофотга эришади. Сиз кучли муҳаббат ва садоқатга қодирсиз. Сиз суйган инсонларингизга меҳрибонлик билан ғамхўрлик қиласиз, уларни ҳимоя қиласиз ва қийин дамларда доимо ёндош бўласиз.