Ўзига жалб қилувчи асосий хусусияти: Садоқат
Қисқичбақа буржи вакилини тушуниш осон иш эмаслиги ҳамма билади. Сиз мулойим, меҳрибон, ҳамдард ва сабрли тингловчи сифатида кўринишингиз мумкин. Бироқ, баъзида кимдир сиздан маслаҳат сўраб қолса, бирданига асабийлашиб, қўпол жавоб бериб қўясиз. Гўёки сизга фақат ўз муаммоларингиздан бошқаси умуман қизиқ эмасдек.
Баъзан ўзингизга ачиниб, бутун дунё сизга нисбатан адолатсиз экани ҳақида шикоят қилиб, чуқур ғамга ботиб кетасиз. Бироқ, бир кун ўтар ўтмас, сиз яна меҳрибон, мурувватли бўлиб, атрофдагиларнинг ҳар қандай илтимосини бажаришга шай турасиз. Қисқичбақалар ҳар қандай буржга нисбатан кўпроқ ички зиддиятларга эга бўлишади. Сиз хавфсизликни ҳамма нарсадан юқори қўясиз, лекин шу билан бирга янги саргузаштларни ҳам яхши кўрасиз. Сиз эҳтиёткор бўлсангиз-да, баъзан жасорат кўрсатиб ўзингизнинг қулай ҳудудингиздан ташқарига чиқишингиз, қийинчиликларни енгиб ўтиб бўлсада нимадир янги ишни бошлашингиз мумкин.
Қисқичбақанинг сир-асрори нимада? Ой ва сув унсури бошқарувида бўлган Қисқичбақа сув ости оқимлари билан тўлган, қирғоқдан кўтарилиб ёки тушиб турадиган денгизга ўхшайди. Бу кучли ички қувватлар буржи, бироқ уларга етишиш осон эмас. Қисқичбақалар ҳиссиётлари ва сезгирлигини мустаҳкам қалъа ичида яширгандек ҳимоя қилишади.
Мураккаб, нозик, олдиндан айтиб бўлмайдиган ва қайноқ мижозли Қисқичбақани доимий қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб туриш керак. Ўзингизга нисбатан муҳаббат беришларини ва эътироф этишларини жуда жуда хоҳлайсиз, бироқ бу хоҳишингизда ўзингизнинг жаҳлингиз чиқади. Сиз қалбингиз тубидаги яширин ғазабингизни сезишингиз, уни ташқарига чиқиб, атрофингиздаги одамлар билан муносабатингизни бузишига йўл қўймасликни ўрганишингиз лозим. Чунки айнан ўша муносабатлардан сиз ўзингиз излаётган туйғуларни, ёрдамни топишингиз мумкин.


Яхши сифатингиз шундаки, сизга кимдир ёрдам берса, қўллаб қувватласа, сиз уларга ўзингизда борини энг яхшисини раво кўрасиз. Сизга ҳақиқий хавфсизлик ҳиссини берган инсон сизнинг доимий садоқатингизга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Агар кимнидир чиндан ҳам яхши кўрсангиз, ҳеч қандай маслаҳат ёки ишонтиришлар сизни бу муносабатдан воз кечишга мажбур қилолмайди. Сиз ўзингиз севган инсонларнинг камчиликларини кўрмайсиз. Агар сиз сеҳрли таёқчани бир силтаб ягона орзуингизни амалга ошириш имкониятига эга бўлганингизда, шу ондаёқ сизни яшириб турган чиғаноғингиздан чиқиб, имкониятлар дунёси бўйлаб ажойиб саёҳатга отланган бўлардингиз. Руҳий ва жисмоний ёпиқлик сизда қўрқув ва ишончсизлик ҳиссини юзага келтиради. Қисқичбақаларнинг хавотирлари ишончсизликдан келиб чиқади. Сиз одамларга, бу оламга ва ҳатто ўзингизга ҳам тўлиқ ишонмайсиз.
Қисқичбақа буржи вакиллари руҳиятига турли туман афсоналар, ёлғонлар, ишончсиз маълумотлар кўп зиён етказади. Ҳамма нарса ёлғон, сароб деган дунёқараш орқали ҳеч қандай фаровонликка йўл топиб бўлмайди. Агар бу дунё фақат куч ва яшаш учун курашга асосланади деб ҳисобласангиз, яқин инсонларингиздан келадиган меҳр-шафқатни ҳам, бошқаларнинг сахийлигини ҳам, қийин вазиятдаги омад имкониятини ҳам кўришингиз қийин бўлади.
Шунга қарамай, сизнинг муҳтожларга беғараз ёрдам бериш қобилиятингизга ҳайрон қолиш мумкин. Сиз инсоний муносабатларга бебаҳо ҳисса қўшасиз, инсонларга улар ҳақида ғамхўрлик қилишларини, уларни тушунишларини қалбан ҳис этишларига имкон берасиз. Садоқат — сиздаги энг қадрли хислатлардан биридир.
Сиз бир вақтнинг ўзида ҳам мардона жангчи, ҳам сукут сақлаб турувчи донишманд инсонсиз. Одамлар сизга ўз дардларини айтишади, аммо сиз уларга ҳеч қачон дардингизни тўкиб солмайсиз. Сиз ўз сирларингизни бошқаларга ошкор этмасликни маъқул кўрасиз ва уларни эҳтиёткорлик билан сақлайсиз.
Агар сизни хафа қилишса, сиз жавоб қайтармайсиз. Бундай муносабатга жавобан сиз қовоғингизни солиб, хафа бўлиб, ўз кулбангизга кириб кетасиз. Бу кўпинча жуда таъсирли томоша бўлади. Бу худди хафа қилган одамни бошини силаб жазолагандек туюлади.
Бурж рамзи ҳисобланган Саратон, Краб, Қисқичбақа ички юмшоқ қисмини ҳимоя қила оладиган қаттиқ пўстлоққа эга бўлади. Бу Қисқичбақа буржида туғилган инсонларга ҳам тегишли. Улар кўпинча қаттиққўл, норози ёки бадқовоқ кўринишади, аммо уларнинг қалбида ҳақиқий меҳр ва муҳаббат ётади. Сизнинг ташқи қўполлигингиз ортида ҳиссиётларга бой мулойимлик яширинган, сиз қийин вазиятга тушиб қолган инсон учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёрсиз. Агар кимдир сиздан ёрдам сўраса, аввалига рад жавоби беришингиз мумкин, аммо охир-оқибат сиз барибир рози бўласиз. Сизни ишингизга қараб баҳо бериш керак, гапингизга қараб эмас.
Қисқичбақалар табиатан ҳамма нарсани ўзиники қилишни исташади. Агар бирор инсон ҳаётингизга кириб келса, у ҳеч қачон эркин, мустақил бўла олмайди. Сиз дўстлар, улфатлар, ўтмишдаги муҳаббат, собиқ турмуш ўртоқ, ҳамкорлар, болаликдаги таниш билишлар билан алоқани сақлаб қолишга ҳаракат қиласиз. Агар кимнидир ҳаётингиздан чиқариб юборсангиз ҳам, буни ўзингиз хоҳламай амалга оширасиз, шунда ҳам бутунлай эмас. Сиз ҳеч кимни ўз ихтиёрингиз билан, узоқ муддатга, заруриятсиз ҳаётингиздан чиқариб юбормайсиз.
Бу ҳолат сизни ўтмишга қаттиқ боғланиб қолишингизни акс эттиради. Сиз соғинч, қўмсаш туйғулари билан яшайсиз:, ўтмиш воқеалари, аввалги танишлар хотирангизни тарк этишмайди, вақт ўтиши билан улар сиз учун янада қадрли бўлиб бораверади. Сиз оилага, уйингизга содиқсиз, никоҳнинг абадийлигига ишонасиз, ҳатто шахсий ҳаётингизда бу тасдиқ ўз исботини топмаса ҳам.
Сизни алдаш қийин, чунки сиз инсонларнинг хатти-ҳаракатларидаги энг нозик жиҳатларни сезишга қодирсиз. Сизнинг сезгиларингиз деярли олдиндан билиш қобилиятига тенг. Фотосурат каби аниқ хотира ва ўткир кузатувчанлик сизни одамларнинг ички мақсадларини аниқ билиб олишга имкон беради.
Мақсадингизга эришиш йўлида сиз худди қисқичбақа каби, эгри бугри чизиқ бўйлаб ҳаракатланасиз. Денгиз қирғоғида қумда кетаётган қисқичбақани кузатинг — унинг қандай қилиб ғалати айланма йўллар билан ҳаракат қилишини кўрасиз. Қисқичбақа буржида туғилганлар ҳеч қачон тўғридан-тўғри ёндашувни танламайдилар. Улар аввал бир томонга, кейин бошқа томонга ҳаракат қилишади, ҳатто баъзан қарама-қарши йўналишда кетишлари ҳам мумкин. Аммо охир-оқибат, эртами, кечми, улар мақсадга эришадилар.
Агар сиз ўзингизнинг ҳаддан ташқари сезгирлигингизни тўғри йўналишга йўналтирсангиз, у улкан куч манбаи бўлиши мумкин. Қачонки сиз ўта тортинчоқлик, тез хафа бўлиш одати ва тўфондай ҳиссиётларингизни енга олсангиз, ақл-заковатингиз ва тасаввурингиз сизга деярли ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришишга ёрдам беради. Ўз ички дунёнгизга чуқур кириб, ижодий салоҳиятингизни амалда намоён қилишингиз мумкин. Бизнесда сиз ҳисоб-китобли ва амалий бўлишингиз мумкин, гарчи биринчи қарашда бундай кўринмасангиз ҳам. Сиз эҳтиёткор, эскича консерватив ёндашувларга амал қиласиз, бироқ жамиятнинг дидини жуда аниқ ҳис қиласиз, сизда янгиликларни тезда ушлайдиган «антенна» бор. Бундай ишбилармонлик ва тасаввурнинг уйғунлиги ҳақиқий мўъжизалар яратишга қодир. Қисқичбақа буржи «пул буржи» деб ҳисобланади, чунки бу бурж вакиллари бойликни ўзларига жалб қилиш қобилиятига эга бўлишади.
Қисқичбақалар уларга тегишли бўлган ҳар қандай нарса қаттиқ ушлагандек, пулни ҳам қаттиқ ушлаб турадилар. Сиз учун пул — хавфсизлик кафолати, аммо қанча мол мулкка эга бўлманг, барибир ўзингизни буткул таъминланган ҳис қилмайсиз. Худди шундай ҳолат руҳий ҳимояда ҳам акс этади. Қисқичбақаларга ҳар доим муҳаббат ва эътибор етишмайди, улар доимо кўпроғини қидиришади. Сиздек содиқ, вафодор, меҳрибон ва ғамхўр «Ой фарзанди»га ошиқ бўлиб қолишлари жуда осон.