Ўзига жалб қилувчи асосий хусусияти: Виждонийлик.
Паризод буржи вакилларининг шахсий муаммолари ҳар доим уларнинг ички дунёсида бўлади. Сиз ташқи дунёга ўзингизни хотиржам ва ўзингизни қўлга олган ҳолда намоён этасиз, бироқ ўзингиз қалбингизда асабий ва шиддатли кучингизни, ҳаракат қилишга бўлган жўшқин истагингизни, дунёни ўзгартириш ва яхшилашга бўлган интилишингизни ҳис этиб турасиз.
Агар сиз бир жойда узоқ ўтириб қолсангиз, сиз бошқа бурж вакиллари шиддатли ҳаракатлардан чарчашларидан ҳам кўпроқ толиқиб кетасиз.
Паризод ва Эгизаклар буржларини бошқарарувчи Меркурий (шарқона номи Уторуд) сайёраси сизни доимий ҳаракат қилишга туртиб туради. Бироқ, Паризодлар бу иштиёқни ҳаяжон ва саргузаштларга йўналтирган бўлсалар, Эгизаклар бу энергия камолотга олиб борувчи ишларга сарфлашади. Паризод буржи вакиллари ҳеч қачон бугунги ишни эртага қолдирмайдилар, дарҳол бажаришга тайёр турадилар. Қисқа қилиб айтганда, сиз ўта тартиблисиз. Сиз учун енгиллик ҳисси берувчи машғулотлар бошқалар учун қаттиқ меҳнатдек туюлади. Сиз орзуларга берилувчи эмас, балки амалда ҳаракат қилувчи шахссиз.
Сизнинг руҳий, ҳиссий ҳаётингиз доимо тартибга солишга бўлган интилишдан иборат. Сиз кучли севишга қодир бўлсангиз-да, тўлиқ бахт учун муҳаббатнинг ўзи етарли бўлмайди. Сизга турмуш ўртоғи, уй, фарзандлар, дўстлардан кўра яна кўпроқ нарса керак. Сиз ҳаётингиз маънога эга эканини кўриб туриш учун ҳаракат қиласиз. Сиз нафақат ҳаётий ёки моддий жиҳатдан олға силжишга интиласиз, балки билим олишга, ақл-заковат тўплашга ва уни амалда қўллашга ҳаракат қиласиз.
Мунажжимликда Паризод буржи рамзи бўлган «қиз» образи кўпинча нотўғри тушунилади. Рамзнинг бокираликка, содда ҳиссиётларга алоқаси йўқ. Паризод буржи мақсадларнинг поклиги учун курашади. Сиз ҳаётда маккорлик қилиш ёки бошқалардан фойдаланиш керак бўладиган ўйинларни ўйнамайсиз. Сизнинг мақсадларингиз юқори туради. Сиз фойдали бўлишни истайсиз. Қадим замонларда Паризод буржини ҳосилдорлик билан боғлашган: ёш қиз буғдой бошоқларини қўлларида тутиб туради. Бу Паризодлар экилган донни (билимлар, маълумотлар, кўникмаларни) ҳосилини йиғиб олиб, бу ҳосилни фойдали ишларга сарфлайдилар. Қандай қилиб буғдой нонга айланиб, инсон танасини озиқлантирса, худди шундай сиз ҳам туғма истеъдодларингизни бу дунёни яхшилашга йўналтиришни хоҳлайсиз.


Сизнинг буржингизнинг ўзига хос хусусияти – ақл-заковат. Сизда ажойиб хотира, таҳлилий фикрлаш қобилияти ва олмосдек тиниқ тафаккур бор. Бундан ташқари, сиз одамларнинг истакларини аниқ ҳис қилишга қодирсиз. Яқинларингиз ўз режаларини амалга оширишдан аввал сиз билан маслаҳатлашадилар, чунки барча камчиликлар сизга микроскоп остидаги каби яққол кўриниб туради. Сизнинг шубҳасиз таҳлилий қобилиятингиз тушунарсиз фикрлар булутларини қуёш нуридек сочиб юборади. Қийин вазифани кўрганингизда, сиз дарҳол диққатингизни жамлаб, мураккаб бўғинларни олиб ташлайсиз ёки уларнинг ўрнини ўзгартириб, ҳаммасини оддий занжирга айлантирасиз. Сиз ҳаётга мантиқий ёндашиш керак деб ўйлайсиз, шу боис мураккаб муаммоларни ёки боши берк кўчага кириб қолган баҳсларни ҳал этишда сизга тенг келадиганлар йўқ. Сиз агар қарши томонга фактларни асосли равишда тушунтириб берсангиз, ҳар қандай зиддиятларни йўқ қилиш мумкин деб ўйлайсиз. Барча фактлар қўлингизда бўлмаган вазиятларда қарор қабул қилишдан воз кечасиз, сизга барча «Нима?», «Қачон?» ва «Қаерда?» каби саволларга жавобларни бошидан охиригача билишингиз керак. Сиз башоратларга эмас, аниқ далилларга асосланасиз, танқидий таҳлилдан ўтолмаган ғояларга ва одамларнинг ҳиссиётларга тўла фикрларига ишонмайсиз.
Паризод буржи вакиллари учун нафақат ҳаётий воқеа-ҳодисаларига, балки уларнинг табиий уйғунлигига нисбатан ишончни ошириш фойдадан ҳоли бўлмасди. Энг муҳими - воқеа-ҳодисалар, инсонлар ўртасидаги муносабатлар табиий равишда, бўлиши керак бўлган шаклда юз беришини англаб етиш. Шунда сиз ўз қарашларингизни кенгайтириш, воқеликни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишни ўрганишингиз мумкин бўлади. Паризод буржига Меркурий — ақлий фикрлаш ва концептуал идрок сайёраси ҳукмронлик қилади. Бу сизинг ғояларингиз ҳақиқатни шакллантиришини англатади. Агар сиз дунёга нисбатан салбий муносабатда бўлсангиз, у сиз учун салбий муҳитга айланади.
Сиз ҳамма нарсани инкор қилишга шу қадар берилиб кетгансиз-ки, оқибатда сиз ўзингизнинг ички ҳис-туйғуларингизни ҳам англай олмай қоласиз. «Мен азият чекмаяпман», “Мен азият чекмаяпман, (чунки бу лавозимга мени эмас, бошқа бировни тайинлашди, севгилим бошқа инсон билан кетиб қолди ва ҳоказо)” деб ишонч билан айтасиз. Ўзингизга ҳаммаси жойида эканлигини таъкидлаб, сиз ўзингизга ёқимсиз ҳис-туйғуларни беркитишга уринасиз, уларга эътибор беришни, муҳокама қилишни истамайсиз.
Кўпинча сиз дарахтлар ортидаги катта ўрмонни кўрмай сиз. Тартиб ва аниқликка бўлган иштиёқингиз баъзан дунёқарашингизни тор қилиб қўяди. Мантиққа бўлган кучли ишончингиз тасаввурингизни чеклаб, иштиёқингизни совутиб юборади, шу сабабли сиз кўпинча олдиндан синовдан ўтган усулларга ва йўлларга кўпроқ ишонасиз. Табиатан сиз янги йўналишлар бўйлаб олдинга ҳаракат қилишдан кўра орқага назар ташлаб таҳлил қилишга мойилроқсиз. Сиз воқеа-ҳодисаларни сабабларини тушуниш учун жуда кўп вақт ва куч сарфлайсиз. Бироқ, Паризод буржи — ўзгарувчан, мослашувчан бурж ҳисобланади, шунинг учун ҳам, агар янги вазиятларга мослашишни кун тартибингизга киритиб олсангиз, бундай вазиятларга мослашиш сиз учун қийин бўлмайди.
Сиз ҳамма ишларни мураккаблаштириб юборасиз, оқибатда бу сизга қўшимча муаммолар келтириб чиқаради. Паризод буржи вакиллари учун ҳеч бир вазифа осон туюлмайди. Ҳар бир жавобга сизда янги савол тайёр туради, «пашшадан фил ясаш» сизнинг севимли одатларингиздан бири.
Сиз табиатан камтар ва босиқ инсонсиз. Озгина танаффус қилиб дам олиш, ишларни бир четга суриб туриш ёки бегоналар билан шунчаки суҳбат қуриш сиз учун осон иш эмас. Сиз юзма-юз мулоқотларни афзал кўрасиз, чунки айнан шундай вазиятларда ўзингизнинг донолик ва зийраклик фазилатларингиздан самарали фойдаланасиз. Айнан шундай мулоқотларда бошқалар сиздаги истеъдод, ҳиссиёт ва ҳазил туйғусини кўра олишади.
Сиз пул инсон ҳаётида қанчалик аҳамиятга эга эканлигини яхши биласиз. Сиз ўз молиявий бошқарув қобилиятингизни танқидий баҳолайсиз, аммо маблағларни даромадларга кўра тақсимлашда сиздан ўтадиган инсон йўқ. Сиз аҳмоқона саргузаштларга берилмайсиз. Сизнинг ҳисоб-китобингиз ҳар доим бир тийингача аниқ ва тўғри чиқади. Сиз энг яхшисини сотиб олишни хоҳлайсиз, аммо бир сўм ортиқча тўлов қилмайсиз. Шахсий истакларга бўйсунмаслик - сизга хос туғма қобилият.
Сиз воқеа-ҳодисалар ўртасидаги фарқларни яхши англайсиз, бу хислат аслида ортиқча талаб ва танқидий қарашдан келиб чиқади. Мавжуд вазиятлардан доимо норози бўласиз, сиз доимо инсонларни ва вазиятларни яхшилаш йўлларини топиш умидида уларни таҳлил қилиб юрасиз. Лекин ортиқча таъсирчанлик реал ҳаётда мавжуд камчиликларни яққол кўрсатиб қўйиши сабабли, сизга кўпинча дунёнинг гўзаллигидан завқ олишга халақит беради. Лекин, сизнинг ўзингизни танқид қилишса, сиз танқидни кўтара олмай, қаршилик қилишни бошлайсиз. Камдан-кам Паризод буржи вакиллари танқидни тўғри қабул қилишади ва хатоларини тан олишади.
Сиз соғлиғингизга бефарқ эмассиз, етарлича витаминлар истеъмол қилишга эътибор берасиз, тиш шифокорига боришни канда қилмайсиз. Бироқ ҳаётнинг бошқа жабҳаларида бўлгани каби, бу масалада ҳам сиз ортиқча инжиқ, талабчансиз. Шу сабабли сизга доим хавотирлар ва асабийлик ҳолатлари ҳамроҳлик қилади. Ипохондрия, яъни ўз соғлиғи ҳақида ҳаддан ташқари ортиқ қайғуриш, касалликдан ҳаддан ташқари қўрқиш (бу аниқ руҳий касаллик) Паризод буржи вакиллари орасида жуда кенг тарқалган.
Меҳр ва муҳаббатли илиқ муносабатлар Паризодлардаги энг яхши хислатларни юзага чиқаради, чунки улар табиатан меҳрибон ва ўта садоқатли инсонлар саналишади. Агар сизнинг муҳаббатингизга муносиб жавоб қайтаришса, сиз жуфтингизга ғамхўрлик қилишдан ҳеч қачон чарчамайсиз. Сизнинг яқинларингиз рўзғордаги молиявий масалалар, бемор бўлишса ким ёрдам бериши ҳақида умуман ўйламасалар ҳам бўлаверади. Сиз бу вазифаларнинг беками-кўст ўзингиз бажарасиз.