Ўзига жалб қилувчи асосий хусусияти: Оптимизм
Сизга Юпитер, яъни Зуҳро – омад сайёраси ҳукмронлик қилади, ҳаётингиз енгиллик билан кечади. Сиз омад танлаб олган инсонсиз, сиз ҳар доим керакли вақтда керакли жойда бўласиз. Мунажжимлар таъкидлашича, сизда келажакни кўра олиш қобилияти бор ва омад сизга доим кулиб боқади. Иш ва молиявий соҳада, меҳнат ва дўстлик муносабатларида барча эшиклар сизга зарур бўлиши билан ланг очилади.
Бунинг натижасида шиддатли фаолиятга созланган қувноқ характер шаклланади. Ҳар бир инсонда бўлгани каби, сизда ҳам тушкун дақиқалар бўлиши мумкин, аммо улар булутлар каби тез тарқалиб кетади. Сиз эртанги куннинг воқеалари кўпроқ қизиқтиргани боис, бугунги омадсизликлардан узоқ тушкунликка тушмайсиз. Сиз ҳар доим кейинги чорраҳада сизни мўъжизалар кутаётганига ишонасиз.
Ўқотар буржида олув унсурига тегишли кучли иштиёқ, тиниб тинчимас мослашувчанлик ва Юпитернинг қувноқ таъсири уйғунлашган. Бу хусусиятлар уйғунлиги ҳеч қандай чегарада тутиб бўлмайдиган серҳаракат шахсиятни яратади. Мустақиллик – сиз учун йўл кўрсатувчи юлдуз. Сиз илғор фикрли, ҳаётни ардоқловчи тиниб тинчимас руҳиятга эга, эркин саргузашт изловчи, янги ғояларни ёқтирувчи, жойини ўзгартиришга ишқибоз инсонсиз. Сизнинг қалбингизда саёҳатларга бўлган сурункали иштиёқ мавжуд ва сиз бу иштиёқдан даволанишни истамайсиз. Сизнингча, “бошқа жойда хўроз бошқача қичқиради”. Шунинг учун ҳам сизнинг серҳаракат, қизиқувчан табиатингиз турли саргузаштлар, ҳайратли воқеалар ва ноодатий ҳодисаларни талаб қилиб туради. Ўқотар буржига қарама қарши турган Эгизаклар буржи вакиллари каби сиз ҳам билимга чанқоқсиз. Аммо Эгизаклар учун янги ғоя билан танишишнинг ўзи етарли бўлса, Ўқотар бу ғоянинг тагига етиб, унинг изидан боришга тайёр туради. Юлдузлар буржида Ўқотар донолик излашни англатади, у – файласуфлар ва тадқиқотчилар буржидир.


Ўқотарни ҳис-туйғулар билан боғлаб қўйиш қийин. У эҳтиросларнинг чалкаш калавасига ўралашиб қолишни истамайди. Унинг боришга арзийдиган жойлари бор, шунинг учун уни тўхтатиб қоладиган ҳеч қандай нарсага рози бўлмайди. Озодликни йўқотмасликнинг йўли сиз учун – бу ҳис-туйғуларга берилмасликдир. Ўқотарлар кўпинча ҳис-туйғулар ҳақида эмас, балки ўз ҳис-туйғулари ҳақида қандай фикрда эканликлари ҳақида гапиришни маъқул кўрадилар. Вақт-вақти билан Ўқотарнинг суюкли инсонлари ундан эҳтирос ёки садоқат талаб қилишса, у бироз саросимага тушиб қолиши мумкин. Сиз узоқ муддатли ва чуқур муносабатларга тайёр эмассиз, шунинг учун доимо чиқиш эшигини кўздан қочирмайсиз, эртами-кечми, ўзингизни боғлаб турган ришталардан халос бўлишга ҳаракат қиласиз.
Бироқ бу дўстлик муносабатларига тааллуқли эмас. Сиз доим дўстона муносабатларга очиқсиз ва бутун буржлар орасида энг яхши дўст ҳисобланасиз. Сиз меҳрибон, самимий, ҳаётда қувноқ ва ёмон ниятлардан мутлақо холи инсонсиз, бошқаларга ёрдам беришга доим тайёрсиз. Сизнинг ёрдамингиз инсонларни ҳеч қачон қарздор қилиб қўймайди. Ўқотар буржининг шиори - «Ҳеч қандай мажбуриятларсиз».
Сизнинг энг қимматбаҳо хазинангиз - озодлик. Агар танлашга тўғри келса, фақат ўзингиз учунгина жавобгар бўлсангиз, сиз оғир йўлни танлашингиз, пулсиз қолишингиз ёки хавф-хатарга тик боришингиз мумкин. Эркинликка бўлган иштиёқ сизнинг барча бошқа хислатларингизнинг асосидир. Сиз уни шу қадар қадрлайсизки, бошқаларга ҳам худди шундай эркинлик берасиз. Сиз бошқаларнинг режаларига аралашмайсиз, ўз фикрингизни мажбуран ўтказмайсиз, ўзингизни рашкчидек ёки бошқаларга хўжайинчилик қиладигандек тутмайсиз.
Сизнинг энг яхши хислатларингиздан бири – юмор ҳиссидир. Сиз иқтидорли суҳбатдош, ажойиб ҳикоячи, туғма шоумен, қувноқ ва дўстона инсонсиз. Ўқотарлар орасида адабиёт ва нашриёт соҳаларида, телевидение, журналистика каби ижодий йўналишларда фаолият юритувчи кўплаб истеъдодли шахслар учрайди. Энг машҳурларидан баъзилари — Ноэль Ковард, Жеймс Тербер, Марк Твен, Гарсон Канин, Уильям Бакли ва Вуди Аллен.
Юпитер ҳимоясида бўлган инсонлар мутлақо кўп қиррали бўлишади. Сизнинг қизиқишларингиз кенг қамровли — мусиқа, табиат, фалсафа, компьютер технологиялари, театр, ҳайвонот олами каби соҳаларни ўз ичига олади. Сизда бир вақтнинг ўзида бир неча иш билан шуғулланишга етарлича қувват мавжуд. Фақат сизда сабр етишмайди. Бир лойиҳани тугатишга улгурмасдан, янгисига интиласиз. Бунинг сабабларидан бири — сизга узоқ вақт битта иш билан шуғулланиш зерикарли туюлади. Умуман олганда, зерикиш сиз учун энг хавфли душман. Яна бир сабаб эса, доимий равишда олдинга ва юқорига интилишга бўлган талабингиз.
Бизнесда сиз тасаввур ва тезкор фикрлаш қобилиятингизни кўрсата оласиз, янгиликларни очиқ қарши олиш ва уларни амалда қўллашга тайёрлик билан ажралиб турасиз. Бироқ, ўртага ҳақиқатдан ҳам арзийдиган бирор бир нарса қўйилгандагина сиз энг яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиласиз. «Ҳозир ёки ҳеч қачон» каби вазиятларда, ғалаба учун фақат биттагина имкониятингиз бўлса ҳам, сиз таваккал қилиб, ўртага икки баравар кўпроқ тикасиз. Чунки сиз омадингиз келишига ишонасиз.
Сиз ҳаққоний ва самимий инсонсиз. Сиз билан ҳамкорлик қилиш осон: очиқ гапиришингиз сабабли суҳбатдошингиз сизнинг гапингиздан яширин маъно топишга уриниши шарт эмас. Сизнинг гапларингизда ҳеч қандай сир, яширин маъно бўлмайди. Сиз ўйлаганингизни очиқ айтасиз. Сиз савол берганларга фикрингизни борича, уларнинг ўзи, ҳаёт тарзи, соч турмаги, шахсий муносабатлари ёки шу кабилар ҳақидаги фикрингизни тўғридан-тўғри билдиришни афзал кўрасиз. Буни шуниси яхшики, инсонлар сиз айтган гапларга ишонишлари мумкин. Сиз кескин фикрларингизни танқид қилиш мақсадида эмас, балки ҳақиқатни айтмоқчи бўлганингиз учун айтасиз. Тақдир ҳазили шундаки, сиз ўзингиз таъсирчан инсонсиз. Бирор бир ножўя қилмиш ёки рад этиш сизни жуда тез ранжитиб қўйиши мумкин.
Ўқотар буржини тушунишга ёрдам берувчи калит сўз — имконият. Чекловлар ва танловнинг камлиги сизга салбий таъсир қилади. Сиз ҳаётни борича эмас, ўзингиз хоҳлагандек кўришга, истакни ҳақиқатдек қабул қилишга мойил инсонсиз. Бир маънода, сиз катта бўлишни истамайдиган ёш болага ўхшайсиз. Шу билан бирга, сиз одамлар ёки лойиҳалар учун масъулиятни зиммангизга олишни биласиз ва муваффақиятсизлик олдида таслим бўлмайсиз. Инқирозли вазиятларда сиз ўзингизни энг яхши хислатларингизни намойиш қиласиз, бироқ кундалик одатий ишлар қувватингизга салбий таъсир кўрсатади. Сизда улкан карьера қилиш, орзудаги жамият қуриш ёки дунёни яхшилаш каби ажойиб ва катта ғоялар мавжуд. Бироқ сиз бу режаларни амалга оширишни орқага суриб, уларга қизиқишингизни йўқотасиз, ишни бошқаларга топширасиз ва нима учун бир жойда туриб қолганингизга ҳайрон бўлиб тураверасиз.
Ўқотарлар юлдуз буржлари орасида энг ёқимли белгилардан бири ҳисобланади. Ҳа, сиз кўпинча ғайритабиий ва исрофгарчиликка мойилроқ бўласиз, баъзан ҳатто хавфли ёки масъулиятсиз ҳаракатлар қиласиз. Ҳа, ҳаётингизда амалга ошмаган учрашувлар кўп бўлади, ўз вақтида тугатилмай қолиб кетган ишларингиз кўп, амалга оширилмаган режаларингиз тўлиб тошиб ётибди. Ҳа, ҳисларингиз баъзан юзаки бўлади, жиддий ниятлар эса сизга бегона.Аммо буларга қарамай, сизнинг борлигингиз одамларга завқ беради. Агар сиз одамларга осмондаги ойни олиб бераман деб ваъда бериб, бу ваъдани бажара олмаслигингизни ҳамма билса нима бўлибди? Сиз ўзингиз ҳам буни яхши биласиз. Сиз ҳеч нарсани яширишингиз шарт эмас, барча карталарингиз ҳаммага ошкор бўлган.
Бир маромда бўлмаган шиддатли, ҳаётни яхши кўрадиган ва жозибали Ўқотар ҳаёт чархпалагига ҳеч иккиланмай чиқиб олиб, унда бамайлихотир жозиба билан айланаверади.