Йил даврларини юлдузлар ҳамда сайёралар буржларига тақсимлаш – инсоният цивилизациясининг энг қадимий астрономик тизимларидан бири ҳисобланади. Бу тушунчанинг илдизи минглаб йиллар аввалги осмон кузатувларига, инсоннинг вақтни белгилаш, фаслларни ажратиш ва табиатдаги даврийликни англаш эҳтиёжига бориб тақалади.
“Зодиак” сўзи қадимги юнончадаги “ζῳδιακός κύκλος” (zōidiakós kúklos) атамасидан келиб чиққан бўлиб, “ҳайвонларга оид доира” деган маънони англатади.
Қадимда одамлар Қуёш, Ой ва сайёраларнинг осмондаги ҳаракатини кузатиб, улар ўтадиган йўл бўйлаб турли шакл ва образларни тасаввур қилганлар. Шу тариқа осмон 12 қисмига бўлинган ва ҳар бир қисми муайян рамз билан аталган. Бу бўлиниш кейинчалик биринчи календар тизимларини яратишда муҳим асос бўлди.
Замонавий зодиак тизимининг илк кўриниши Қадимги Бобилда (милоддан аввалги II минг йиллик) шаклланган. Бобиллик астрономлар йил давомида Қуёш ҳаракат қиладиган йўлни 12 тенг қисмга ажратиб, уларга ном ва рамз берганлар. Шу 12 бўлим — бугунги буржлар тизимининг тўғридан-тўғри аждодидир.

Буржлар жадвали
| Арабча | Ўзбекча | Бурж даври |
|---|---|---|
| Ҳамал | Қўй | 21 Март ~ 20 Апрель |
| Савр | Бузоқ | 21 Апрель ~ 20 Май |
| Жавзо | Эгизаклар | 21 Май ~ 21 Июнь |
| Саратон | Қисқичбақа | 22 Июнь ~ 22 Июль |
| Асад | Арслон | 23 Июль ~ 22 Август |
| Сунбула | Паризод | 23 Август ~ 23 Сентябрь |
| Мезон | Тарози | 24 Сентябрь ~ 23 Октябрь |
| Ақраб | Чаён | 24 Октябрь ~ 22 Ноябрь |
| Қавс | Ўқотар | 23 Ноябрь ~ 21 Декабрь |
| Жадий | Тоғ эчкиси | 22 Декабрь ~ 20 Январь |
| Далв | Қовға | 21 Январь ~ 18 Февраль |
| Ҳут | Балиқ | 19 Февраль ~ 20 Март |


Қадимий буржлар аввало амалий вазифа бажарган: фаслларни белгилаш, қишлоқ хўжалиги ишларини режалаштириш, диний маросимлар вақтларини аниқлаш ва ой-йил ҳисобини юритиш. Бобилликлар буржларнинг рамзларини табиат, ҳайвонот дунёси ва мифологик қаҳрамонлар билан боғлаганлар — бу анъана кейинчалик Яқин Шарқ, Миср ва Оврупо цивилизациялари орқали тарқалган.
Қадимги Мисрда Бобил зодиак тизимига маҳаллий маънавий-мифологик маънолар қўшилди. Мисрликлар осмондаги белгиларни Нил тошқини, қишлоқ хўжалиги цикли ва худолар фаолияти билан боғлаб талқин қилганлар.
Юнон олимлари эса астрономия ва астрологияни тизимлаштириб, илмий асосга солишга ҳаракат қилдилар. Гиппарх ва Птолемей буржлар доирасини аниқ ҳисоблаб, ҳозирги астрономияда ҳам қўлланадиган геометрик моделларни шакллантирдилар. Птолемейнинг “Тетрабиблос” асари Европа астрологиясининг асосий манбасига айланди.
Римликлар зодиак тизимини ҳаётнинг кўп соҳаларида қўлладилар — армия юришлари, давлат ишлари, санъат, тангачалар дизайни ва меъморчиликда. Зодиак рамзлари Рим маданиятининг ажралмас қисмига айланган.
Уйғониш даври ва XVIII асрдан бошлаб, европалик олимлар астрологияни астрономиядан ажратиб, уни илмий соҳа сифатида эмас, балки оммавий эзотерик амалиёт сифатида баҳолай бошладилар. Кейинчалик газеталарда кунлик гороскоплар пайдо бўлиб, астрология оммалашди. ХХ асрда у психология элементлари билан уйғунлашди, XXI асрда эса интернет ва ижтимоий тармоқлар туфайли янада кенг тарқалди.
Ҳозирги кунда буржлар — маданий рамз, оммавий вақт ўтказиш воситаси ва психологик қизиқиш объекти сифатида яшашда давом этмоқда.