Сабрим, косанг тўлмай туриб тўкар эдим,
Зумда портлаб сўнг тубингга чўкар эдим,
Ақл бўлсанг ёш боладек сўкар эдим,
Сабр қилган сабрим, яна бир оз чида.
Шеърларим
Шоирлар нима учун шеър ёзишларини билмадиму, лекин илҳом париси каминани ёд этиб, юрагимда алланечук чексизлик ҳис қилганимда бир неча сатр қоралашга жазм этаман.Чунки айнан мана шу чексизлик менга юрагим излаган чексиз озодлик ҳис туйғусини ҳадя этади.
Дунёни сув босди. Ҳамма ёқда сув.
Заминдек тоғора тўла балиқлар.
Бўрон йўқ, қулашар бўрон қушлари,
Ёмғир йўқ, чўкишар бир бир қайиқлар.
Онасин исини олган гўдакдек
Энтикиб яшайман! Чамансан Ватан!
Эй, райҳон ислари уфурган диёр,
Бағрингга бос мени! Онамсан Ватан!
Илҳом парилари ранжидим сиздан,
Малаклар олдига кетаман энди,
Сиз айтган эртаклар ёлғонларидан
Уларга хонишлар этаман энди.
Жон нотинч, рух беҳол, ишонч безовта,
Меҳрнинг умиди сўнган батамом.
Муҳаббат бош қўйган совуқ кўксимга:
Эй разил ниятлар, салом, ассалом!
Айтардим: “Ишингиз бўлмасин,
Ишимга бурнингиз тиқманг сиз!”
Адашган эканман, англадим,
Одамлар, сиз менга кераксиз!
Мен йиғлай бошласам овутолмайсиз,
Менда ҳам сизлардек бир дунё ғам бор.
Сиз топа олмаган даво менда йўқ,
Менда сиз қолдирган дунё, бир кам бор.
Эшитганман. Кимдир айтган, кимдир ўргатган:
Оқ шеър деган шеър бўлармиш. Эркин ва озод.
Унда на қофия, на вазн хоким.
На бирор қоида тўхтатолмасмиш.
Йигитлар ҳам айтар, ҳам қайтар деган,
Зўрни деб ғўрларни ошини еган,
Уйидан оч кетиб, қорни тўқ келган
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Мен ёлғиз қолмадим аро йўлларда,
Кимсасиз чўлларда бўлдим ҳамрохим.
Юлдузсиз тунларда дардларим тинглаб,
Тасалли беролдим, кетди фироқим.
Ранжитсам бехосдан ёки атайлаб,
Кўп хато қилсам ҳам, кўнглимга қараб,
Хафа бўлсангиз ҳам, мени авайлаб,
Айтмайсиз юзимга: “Хафа бўлади”.
Биласанми, кимни соғиндим?
Соғинч бору, соғинганим йўқ.
Орзу қилдим соғинчни, афсус,
Мен висолга топинганим йўқ.
Юрак маҳзун. Хафа қилдим бир сўз учун.
Билиб туриб аламимни олдим сендан.
Биласанку? Ўйлаб нетмай гапиришинг
Биламанку?! Хафа бўлма сен ҳам мендан.
Мен сизни бир бора кўришим керак.
Ўйламанг, жон эмас, ўтинар нигоҳ.
Роз беринг, нигоҳлар учрашсин илк бор,
Ва улар қалбларни этсинлар огоҳ.