Шеър ёзгим келади, топилмас мавзу,
Сийқаси чиққанга етишмас мантиқ.
Ўзимча фалсафа қиламан аммо,
Бир сатри пойандоз, бир сатри қийтиқ.
Шеърларим
Шоирлар нима учун шеър ёзишларини билмадиму, лекин илҳом париси каминани ёд этиб, юрагимда алланечук чексизлик ҳис қилганимда бир неча сатр қоралашга жазм этаман.Чунки айнан мана шу чексизлик менга юрагим излаган чексиз озодлик ҳис туйғусини ҳадя этади.
Қизим ёши ўн бешга тўлди.
“Эркалатманг” - дейди онаси.
Қўғирчоғи бир четда қолиб,
Сирдош энди амма, холаси.
Куз ёмғири деразамни чертиб ёғар.
Атай отар томчиларин кўз ёш мисол.
Деразамни чертар худди пинҳон ошиқ,
Юзларимни соғингандай излар висол.
Ўйласам уялдим, борсам титрадим,
Сатрингдан тутгани тополмадим куч.
Ўрадим, чирмадим, яширдим кўздан:
Мана энди ошкор шеърим, мени қуч.
Ҳай ҳай ўлан жон ўлан, келин бўлар ёр-ёр,
Ўз уйидан ўзгага кўчиб келар ёр-ёр.
Бахти қўниб бошига, қувончдан кўз ёшига,
Отасини йиғлатиб уйдан кетар ёр-ёр.
Қўшиқдан...
Ўзбегим, бўз кўйлак кийиб ўсгансан.
Атласинг бор эди тахмонларингда.
Бир куни келинлик юзин очгани
Оқ кўйлак сақлардинг жавонларингда.
Гуноҳини орқалаганча
Кетиб борар ёлғиз йўловчи.
Қарамайди на ён, на ортга,
На айтгувчи, на йўл сўровчи.
Тунга кундан жой талаштириб,
Қалдирғочга йўл қараштириб,
Баҳоримни бир яраштириб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Ҳар тонг саҳар ризқим очиб кутиб олсам,
Сиздан ибрат хуш ниятни дилга солсам,
Шул ниятни дилда мангу тутиб қолсам,
Висолингиз ширин-ширин Эй Рамазон!
Бугун байрам. Аёлларнинг чеҳрасида табассум,
Бири танноз, бири шодон, бири ҳуш, бири маъсум,
Лов-лов ёниб турганига келди менинг ҳавасим,
Эй гўзаллар, азиз қизлар, сизга байрам муборак!
Йиғлагим келади. Сабаб номаълум.
Дод солгим келади оламни бузиб.
Жонимдан тўймадим, лекин негадир
Отворгим келади юрагим узиб.
Одамлар. Меҳрингиз ташлаб кетинглар,
Кетсангиз ватанга мерос қолдириб.
Шуниси яхшироқ қолган элимга,
Кетгандан қасрдек уйлар солдириб.
Кўрмаганнинг кўргани қурсин:
Кўрсатади қарамаганга,
Бордан четда, йўқнинг олдида,
Мақтанади ярамаганга.
Танҳоман яна мен, саҳрода қолган
Қудуқдек, сувлари қуриган.
Танҳоман, кимсасиз, овлоқ уй каби
Қаровсиз, устуни чириган.
Тан бераман Асакамнинг йигитларига,
Камтар эмас, мақтанишар жавоби билан.
Керак бўлса уриб-туртар ерга урмасдан,
Душманга ҳам ош едирар савоби билан.