Ўзбегим, бўз кўйлак кийиб ўсгансан.
Атласинг бор эди тахмонларингда.
Бир куни келинлик юзин очгани
Оқ кўйлак сақлардинг жавонларингда.
Эндичи, ёқасиз, енгсиз, тугмасиз,
Калта тор кўйлакка кунинг қолдими?
Иффатинг берганинг, орингни олган
Даюслар сени шу куйга солдими?
Бувимиз ўрарди катта оқ рўмол,
Жон иссиқ, кафансиз қолмайин дея.
Чимматинг ечганинг етмаганмиди?
Кийганинг уст-бошинг ташламас соя...
Ўзбегим, номаҳрам кўрмасди юзинг,
Кўрмасдак уйлансак қилмасди алам!
Кўчага чиққанда майлига эди:
Акангни шимини кийиб юрсанг ҳам.
Ой попук тақардинг сунбулларингга...
Эндичи? Тақибсан сирға авратга...
Тиллақош қидирсам, нигоҳим тушди
Хилватга чизилган нозик суратга.
Ўзбегим, кенг кўрпа етмасди аввал
Иффатинг кўзгудан яширмоқ учун.
Наҳотки бир лахтак яшира олса
Бутун бир орингни дунёдан бугун?
На қилай, Сингилжон, айбинг эркалик,
Бувам ҳам, отам ҳам, мен ҳам айбдор.
Қиёмат юзимиз кўрмоқчи бўлсанг,
Этагинг ёпиб ол, ҳали вақтинг бор.
10 Сентябрь, 2009 йил.