Ҳай ҳай ўлан жон ўлан, келин бўлар ёр-ёр,
Ўз уйидан ўзгага кўчиб келар ёр-ёр.
Бахти қўниб бошига, қувончдан кўз ёшига,
Отасини йиғлатиб уйдан кетар ёр-ёр.
Қўшиқдан...
Бугун тўйинг жон қизим, узатяпман куёвга,
Сени асраб авайлаб қиз қиляпман бировга.
Қиз узатмоқ отага берилган бир синовга,
Отанг учун битта фарз, палахмон тош жон қизим.
Қувонаман бахтингдан, келар кулиб ўйнагим,
Бир чеккада яшриниб тўйиб тўйиб йиғлагим.
Бугун тўйинг қизгинам, келмайди ҳеч ўйлагим,
Йиғласам ҳам бахтингдан йиғлайманда жон қизим.
Паранжига ўрашиб етаклашар янгалар,
Пойандозлар солишиб, сочиб гуллар, тангалар.
Ҳар қадаминг юрагим парча парча майдалар,
Чидайманда, сенингдек йиғлолмайман жон қизим.
Остонага етганда «Келинг, келинг» дейдилар,
«Ойдек келин қизингиз дуо қилинг» дейдилар.
Билмайдилар янгалар, ич этимни ейдилар,
Эй худойим сабр бер: Бахтли бўлгин жон қизим.
Ўзинг эдинг, жон қизим, менинг яхши, ёмоним,
Юрагимнинг парчаси, меҳрибоним, мезбоним,
Лаббай деган, хўп деган, менинг ширин забоним,
Остонадан саломинг соғинаман жон қизим.
Бўйним қучиб йиғлайсан: «Йўқ, кетмайман Отажон!»
Бўлди қизим, бас қизим, она қизим, онажон!
Осон тутма жон болам, менда ҳам йўқ қирқта жон!
Йиғлаб кетма, отангни юпатиб кет, жон қизим!
Момо қизим, ой қизим, келин бўлган бой қизим,
Бўлсин куёв муборак, ўз уйингга бор қизим.
Ўғил кўргин, қиз кўргин, умринг бўлсин тўй қизим,
Сенга берган тарбиям, одобингда тур қизим.
Карнай, сурнай, ноғора чақиради тўйингга.
Бугун фарзим жон қизим, кузатяпман уйингга.
Юрагимнинг парчасин сочиб қўйдим йўлингга,
Ҳали бир кун ўтмасдан соғиняпман жон қизим.
Туйинг кўриб бахтимдан овуняпман жон қизим.
16 ноябрь, 2017 йил.