Эй дўст...
Бошдан ўтган табиб дейишади.
Минг бор ёзайлик, қалбимизни ҳар он тирнаган дардни ўзгага бера олмаймиз, кўрсата олмаймиз. Бир кун келадики, бу дарддан йиқилганда бизлар бу дардни қандоқ кўтариб юрганимизга лол қолишади.
Нома ёздим Онажонимга,
Саболардан йўлладим, бироқ,
Тополмади борар манзилин
Ёд айлади уни бўз тупроқ.
Бўз тупроққа бошим қўйиб нима қилдим? Аламимни тошдан олиб нима қилдим? Юрагимга ханжар урса чидайман бас, икки опам йиғлаб турса нима қилдим?
Юпатолмай бир шапалоқ уролмасам, Онам ўлди, қайтмас десам юпанмаса, юпанишиб ухлаб қолса опаларим йиғлаб келса тор бўғзимга ўз юрагим нима қилдим?
Салом ёздим Онажонимга.
Қалбим ярим, армоним бутун.
Кундуз меҳрим тушган қоғозга
Кўз ёшини артди қора тун.
Кундуз кунни ишга талаш қилиб юраверсам, тунни ёрга талаш қилиб юраверсам, ёлғиз қолсам онам излаб юраверсам, бир меҳрини топалмасдан тураверсам ой нурида, кун тиғида нима қилдим?
Иш ташвишга чидаш керак, чидайвердим, Ёр ишқига меҳрим керак, сийлайвердим, фарзандимга қувонч керак ўйнайвердим. Тили чиқиб бийрон бийрон мунчоғимни, "Дада сени онанг қани?" деса йиғлаб нима қилдим?
Армон ёздим Онажонимга.
Ёшим сиёҳ, кўзим сиёҳдон,
Юрак бўлди эриб битган шам,
Қалбим эса қоп-қора шамдон.
Дардларимни шеърга солиб нима қилдим? Ўйлаб ўйлаб ёзган соғинч дард бўлмаса нима қилдим? Шеърларимни ўқиб кимлар дод солсалар Онамлар деб, йиғлолмасам, дардим оғир, дардим айтиб нима қилдим?
Ха юрак.
Кечиролмаймиз.
Аллохнинг иродаси деб кўнамиз, лекин, тушларимда "Ўғлим!" деб чақирсалар…
Тонгни кутиб нима қилдим?
Юрагим, дод дема, йиғлама бир он.
Онамнинг рухлари безовта бу он: ўғлимнинг бағрини ким тирнади деб покиза рухлари қилмоқда исён.
Юрагим, дод дема, йиғлама бир он: Онамиз рухлари безовта, сарсон ва ҳайрон: биласанми, кулсам улар ором оларлар, мен қувонсам онам рухи қувонар экан. Гар йиғласам бошимизга бош эгиб келиб, юпатмоқ чун Аллоҳимга топинар экан.
Юрагим, дод дема, йиғламайлик дўст!
Токи соғинч қалбимизни ёндирган экан, онам ҳаққи онт ичаман, кулиб чидайман.
Юраккинам, йиғламайлик, кулайлик бир он.
Эсга олсак болаликдан ширин дамларни, оналар пиширган сутлик ошларни, оналар қучоғи, беланчагини, онамнинг қўлидан олган бурда нон.
Армонни унутиб кулайлик дўстим, токи бошқа сарсон қилмай онам рухини, шодлантириб қувонтириб соғиндим дейлик.
Чунки бизда онамлардек меҳр нури бор, онамлардек сабр тоқат, қувонч сеҳри бор.
Бизлар дўстим онам каби бир дунё асли — бир эмасмиз онасидан эрта айрилган.
Юраккинам, йиғламайлик, кулайлик бир он. Токи биздек онам рухи бўлсинлар шодон.
(Бу юпанчми, ўтинчми, қалб исёними, ўзим ҳам билмайман... Али Ал Меҳр).