Боғимга қайтганда саболар
Қайтадан яралди наволар
Шабнамга тўйганда ҳаволар,
Муҳаббат ортига қайтмади.
Қаерда қолганин айтмади.
Келганда ғунча деб узмадим
Юракнинг зулфинин бузмадим
Муҳаббат эканин сезмадим.
Адашдим. Кетди-ю, қайтмади.
Севгилим эканин айтмади.
Зор бўлиб кутганим етмасдан
Ўзгага парво ҳам этмасдан
Ортидан эргашиб кетмасдан
Қолгандим. У эса қайтмади,
«Юр бирга кетдик» - деб айтмади.
Ажиб сўқмоқларда қоқинди юрак…
Муҳаббат боғида ёлғончи юрак
Бўлганда мен эмас, у менга керак,
Муҳаббат ортига қайтмади.
Қайтса ҳам манзилин айтмади.
Азимга айланди нозик бўй ниҳол…
Бир умр ҳижронда тўлғониб беҳол
Бўлганда дилпора етишмай висол
Муҳаббат ортига қайтмади.
Ортига қайтмасин айтмади.
14 Август, 2001 йил.