Тонгда туриб ухламаган оромидан нола қилар,
Дуоларда не сўрашин фақат ўзи, Тангри билар.
Кўзлар мунгли, титроқ қўллар ёстиғини аста силар,
Боласининг орқасидан қолмасин Она.
Ўнта бўлса ўрни бошқа, ўхшатолмас донасига,
Дастурхонда нонга эмас, термулар остонасига,
Танҳо қолар суҳбатларда йўлатмай ғамхонасига,
Боласининг орқасидан қолмасин Она.
Меҳрин бериб бир қисмини олиб қўяр боласига,
Унутмайди оқ тушса ҳам сочларининг орасига.
Ҳижронлари парда солар кўзларининг қорасига,
Боласининг орқасидан қолмасин Она.
Ҳандон отиб кулса билинг, яширади армонларин,
Хўрсинганда булут қоплар бизга ёруғ осмонларин,
Уялгандан йиғлар ажал, кўрмайин деб бу онларин,
Боласининг орқасидан қолмасин Она.
Йўқ ачинманг, йиғлаб турса тўй қилсангиз меҳмон бўлиб,
Қўйиб беринг йиғлаб олсин тўйиб-тўйиб, кўнгли тўлиб.
Йиллар деманг олий ҳаким, қолмадику меҳри ўлиб,
Боласининг орқасидан қолмасин Она.
Шеърим ёзиб тирнаб қўйдим Она қалбин, қилдим гуноҳ,
Она бўзлаб турса ёнда ахир қайдан топай паноҳ?
Фарзанд доғин она учун азоб қилиб берма Аллоҳ,
Боласининг орқасидан қолмасин Она!
28 Март, 2006 йил.