Раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман.
Ҳайрон этиб икки дунё ғалвасига,
Ошиқ қилдинг бу дунёнинг бандасига.
Эй Аллоҳим, мурувватинг этма дариғ,
Зор қилмагин бир фарзанднинг жандасига.
Онам меҳрин олиб қўйдинг, кўндим нетай?
Отам савдо солса кўндим, қайга кетай?
Фақат сендан паноҳ сўрар бўлдим Эгам,
Тирноққа зор қилма, мен ҳам ният етай.
Сурур бердинг, кўз-кўз қилдим этиб зийнат,
Шуур бердинг, этдим эҳсон, гоҳи миннат.
Тавба қилдим, кеч гуноҳим энди Оллоҳ,
Фарзанд бергин, бу ҳам менга бир омонат.
Гуноҳларим ўзим билдим, ўзга билар,
Кимдир менга фарзанд тилар, ким ёв тилар.
Ижобат қил ҳар икки дил тилак қилса,
Ёв дўст бўлса, Фарзандимнинг бошин силар.
Ёлғизлатиб қўйма мени, зурриёт бер!
Бу дунёдан кетар бўлсам, аҳли ёд бер!
Исминг айтиб бир мўминга бир ном берай,
Менга берсанг, унга мендан ҳам зиёд бер!
Омин, Аллоҳу Акбар!
7 август, 2006 йил.