Тушунмадинг сенга ёзган шеъримга,
Қарамадинг олиб келган гулимга.
Ўйлаб қолдим, қараб турсанг қўлимга,
Келганмидинг ошиқ бўлиб пулимга?!
Шеърларим
Шоирлар нима учун шеър ёзишларини билмадиму, лекин илҳом париси каминани ёд этиб, юрагимда алланечук чексизлик ҳис қилганимда бир неча сатр қоралашга жазм этаман.Чунки айнан мана шу чексизлик менга юрагим излаган чексиз озодлик ҳис туйғусини ҳадя этади.
Муҳаббатга зорланади ташна юрагим,
Тополмайин ишқ саҳроси ичра бир булоқ.
Сарсон юрар висол излаб тунамоқ учун,
Йўлларида вафо бўлиб ястанар қумлоқ.
Ишонмадинг севаман десам,
Ишонмадинг ёнса юрагим,
Ёлғон бўлди сен учун қасам
Рўё бўлиб қолди тилагим.
Олисдаги қояларга боқсам термилиб,
Ё шарқираб оқар сувга тушса нигоҳим,
Хотиралар юрагимни ўтади тилиб,
Наҳот сени учратганим бўлди гуноҳим.
Муҳаббат дўстликнинг ниҳоясидир…
Дўст дедиму севгим менга бегона бўлди,
Ниш урдию, муҳаббатим очилмай сўлди,
Висол эмас, уқубатга паймонам тўлди.
Мени эмас, ўз-ўзингни алдадинг гўзал.
Эсингдами? Куз оқшоми анҳор бўйига
Сўнгги бора учрашувга танҳо келганинг?
Эсингдами, ўшал оқшом келиб ёнимга
- Сен эмассан менинг ёрим, ўзга, - деганинг?
Гулғунчага ўхшатманг севгим,
Мен гулларга қилмайман ҳавас.
Тоғлар каби мустаҳкам деманг,
Чунки улар абадий эмас.
Сўзларимга ишонма гўзал.
Кўзларимда ёлғончи нигоҳ.
Кўкрагимга қўйма бошингни
Сирларимдан этмайди огоҳ.
Боғимда очилган бир туп атиргул
Гулбаргин офтобга солганча маъюс
Шаббода ишқига этмайин парво
Ошиқ булбулини кутади ҳануз.
Синиқ кўнглим ўксиб кетди. Меҳрим ўлди.
Тўлиб кетди бу паймона. Завқим сўлди.
Умидларим, орзуларим нима бўлди?
Тушларимда жавобини бергин Она!
Алла айтиб ухлатардинг, кўнмас эдим...
Энди эса аллаларга зорман ОНА...
Ялла айтиб уйғотардинг, кўнмас эдим...
Сенсиз мерос яллаларга торман ОНА...
Бир кун ота, бир кун она бўлсак эҳтимол,
Бир кун бизни йўқламаса фарзандларимиз,
Ўшал кунлар бизлар бир оз ранжисак агар,
Ўз отамиз, ўз онамиз эслармиканмиз?
Йиғламадим, бошим тошга урса ғанимлар,
Бўзламадим, четга туртса оға инимлар,
Йиғлолмадим, тақдир менга дардин сиқимлар,
Дардинг айтиб йиғлат Она, мен ҳам йиғлайин.
Сабринг айтиб йиғлат Она, йиғлагим келди.
Сўзларим етмади Онажон
Тарифинг эътироф этмоққа.
Сен айтган эртаклар етмади
Орзуда висолга етмоққа.