Олисдаги қояларга боқсам термилиб,
Ё шарқираб оқар сувга тушса нигоҳим,
Хотиралар юрагимни ўтади тилиб,
Наҳот сени учратганим бўлди гуноҳим.
Юлдузларга термилганча ўйлайман сени.
Фақат улар гувоҳ бўлган висол онимга.
Қўшиқ айтсам оҳангидан қувнарди дилим,
Нечун энди азоб берар улар жонимга?
Узоқларга кетсам таъқиб этар хаёллар.
Тушларимда тинчлик бермас «Висол» деб юрак.
Сен томонга тортқилайди ўйноқ шамоллар,
Пинҳон бўлган севгим менинг сенга-ми керак?!
Юрагимга ошно бўлди қўлда қаламим,
Шеърларимда баён этдим оҳу зоримни.
Дил қулфини очолмаган тилми айбдор,
Айтганимда бўлмасмиди дилда боримни?!
Айтолмасдим. Нигоҳингда яширин маъно.
Сўзларингда муҳаббатга чексиз эҳтиром.
Вужудингда ишқ ўтидан таралган ёғду
Фақат ўзга муҳаббатга берарди ором.
Сентябрь, 1999 йил.