Йиғламадим, бошим тошга урса ғанимлар,
Бўзламадим, четга туртса оға инимлар,
Йиғлолмадим, тақдир менга дардин сиқимлар,
Дардинг айтиб йиғлат Она, мен ҳам йиғлайин.
Сабринг айтиб йиғлат Она, йиғлагим келди.
Эрлик қилдим, йиғламадим қабринг бошида,
Қизчаларинг йиғлаб турар ўғлинг қошида,
Отам йиғлар сени қўмсаб улуғ ёшида,
Мардлик қилиб йиғлат она, мен ҳам йиғлайин.
Дардли қилиб йиғлат Она, йиғлагим келди.
Йиғламасман, кўз ёш тўкар сағираларинг,
Сендек содда бўлолмаслар кабираларинг,
Тунда йиғлаб ухлатмайди набираларинг,
Алла айтиб йиғлат она, мен ҳам йиғлайин.
Меҳринг бериб йиғлат она, йиғлагим келди.
Йиғлат она, юрак эриб оқсин кўз ёшим,
Йиғлай она, сендан ўзга йўқдир сирдошим,
Дўст билмаган, ғанимдан сир, тугар бардошим,
Йиғлат она, тўйиб тўйиб йиғлагим келди....
31-август, 2012 йил.