Одамлар. Меҳрингиз ташлаб кетинглар,
Кетсангиз ватанга мерос қолдириб.
Шуниси яхшироқ қолган элимга,
Кетгандан қасрдек уйлар солдириб.
Одамлар. Олинглар ўзингиз билан
Киндик қон тўкилган ер тупроғидан.
Олинглар Онангиз пилта чироғин,
Кечсангиз Отангиз ер чорбоғидан.
Одамлар. Кетсангиз кетинглар майли,
Билимни хор қилманг аро йўлларда,
Қолдириб кетингиз ҳунарингизни,
Ватанга тош терган қора қўлларда.
Одамлар. Кетсангиз чақиринг мени,
Буғдойи зўр бўлса сомонларимдан.
Қадримдан воз кечиб борайин майли,
Ажабмас қутилсам ёмонларимдан.
Одамлар. Кетсангиз дилим оғримас,
Бир ватан бўлмадим ўзим ўзимга.
Бир куни нон сўраб учрашиб қолсак
Майлига қараманг, сиз ҳам кўзимга.
Одамлар. Кетсангиз қайтмангиз ортга,
Ватанга етади тириклар жони.
Шундоқ ҳам кўпайиб кетмоқда асли
Ватанда ватансиз қабрлар сони.
4 февраль, 2009 йил.