Тунга кундан жой талаштириб,
Қалдирғочга йўл қараштириб,
Баҳоримни бир яраштириб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Йиғиштириб қорли тўшаклар,
Қир адирга ёйиб чечаклар,
Ушалтириб эзгу тилаклар,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Оқ булутлар ёйиб осмонга,
Сумалаклар солиб қозонга,
Ризқ тарқатиб бутун жаҳонга,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Замин бағрин нурга ийдириб,
Майсалардан атлас кийдириб,
Ёмғирлардан сувга тўйдириб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Жон бағишлаб ердаги донга,
Майсаларни тортиб осмонга,
Уйғон дея танти деҳқонга,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Чумолига ташвишни бошлаб,
Боларига қанот бағишлаб,
Шижоатга жонни олқишлаб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Чирой бериб қалам қошларга,
Завқ улашиб йигит бошларга,
Муҳаббатдан куйлаб ёшларга,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Хар қадамда сайллар бошлаб,
Элу-юртни кўнглини хушлаб,
Баҳорини қўлидан ушлаб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
Аё дўстлар, келинг, биз билан
Қучоқ очинг нону туз билан.
Қаршилайлик очиқ юз билан,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!
16 март, 2010 йил.