Онасин исини олган гўдакдек
Энтикиб яшайман! Чамансан Ватан!
Эй, райҳон ислари уфурган диёр,
Бағрингга бос мени! Онамсан Ватан!
Субҳидам димоғим қитиқлар бир ҳис:
Ширмойнон исига талпинади тан,
Во ажаб! Шабнамда сомоннинг тафти:
Бир донни нон қилган нонвойсан Ватан!
Сув хидсиз унсур деб айтган аллома,
Бир ҳидлаб кўрсайди зилол сувингдан!
Энг хушбўй ислардан таралган ифор,
Эй мушки-анбарим, гулобим Ватан!
Муаттар, мунаввар Онам бағридан
Ортиқроқ ватанни топарман қайдан?
Жаннатлар исидан келтирган салом,
Бағрингда туғилган гўдагим Ватан!
Кўксимни тўлдириб оламан нафас:
Осмонинг жой олар менинг кўксимдан,
Энг хушбўй атирлар қилсинлар ҳавас:
Танимга йўғрилган исларинг Ватан!
45-ҳафта, 2015 йил.