Йигитлар ҳам айтар, ҳам қайтар деган,
Зўрни деб ғўрларни ошини еган,
Уйидан оч кетиб, қорни тўқ келган
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Бўйнига тиллодан занжир осилган,
Кўкси ё билакка сурат босилган,
Танаю, эгнига тақинчоқ илган
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Ўлдим деб, куйдим деб белбоғин ечган,
Суйдим деб отаю, онадан кечган,
Севгани ёр билан май, шароб ичган
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Менман деб ўзини бозорга солган,
Сепи деб қизларнинг сарасин олган,
Бировнинг номидан ноғора чалган
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Рўзғорни хотиннинг бўйнига илган,
Пул топиб келганин миннат ҳам қилган,
Улфатни уйидан улуғ деб билган
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Йилда бир чўнтаги рўзғорга эриб,
Тўрвани хотиннинг қўлига бериб,
Пул санар бозорда кўксини кериб
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Аёлин жамолин мақтаниб юрган,
Аёллар тўрида даврини сурган,
Аёллар касбидан қандини урган
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Ёрини уйида атаб ялмоғиз,
Уйида сен деган, кўча-куйда сиз,
Уришган ҳалоли туғиб берса қиз
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Отаю, онаси йўлларига зор,
Болаю-чақаси, завжаси бедор,
Кўчанинг хандони, уйидан безор
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
Йигитлик шаънини ўйламасангиз,
Бу каби йигитлик айб демасангиз,
Шундайлар бор экан, қайтармасангиз,
Йигитлар, ҳайф сизга, йигитман деманг.
11 Январь, 2010 йил.