Биласанми, кимни соғиндим?
Соғинч бору, соғинганим йўқ.
Орзу қилдим соғинчни, афсус,
Мен висолга топинганим йўқ.
Аламимни жондан оламан:
«Соғингансан!» дейман ошириб.
Мен йиғлайман жондан йироқда,
Жон йиғлайди мендан яшириб.
Мен кўнглимни кўйига юрдим,
Кўнглим айтолмайдики “Кўндим”
Мен кўнглимдан меҳр излайман,
Шафқат кутиб яшайди кўнглим.
Мен ўзимни севсам, мен ўзим,
Мендан баҳра олиб яшайди.
Мен юрагим алдаб яшасам,
Юрак мендан тониб яшайди.
Ахир кимдир соғиниш керак,
Кимдир кимни кутишга мажбур.
“Соғиндим!” деб айтмоқлигим шарт,
Висол кутган борига масрур.
Ёлғон!
Ёлғон!
Ҳаммаси ёлғон!
Биласанми, кимни соғиндим?!
Кимдир эмас, нимадир эмас,
Мен ҳам соғинишни соғиндим.
26 апрель 2022 йил.