Дунёни сув босди. Ҳамма ёқда сув.
Заминдек тоғора тўла балиқлар.
Бўрон йўқ, қулашар бўрон қушлари,
Ёмғир йўқ, чўкишар бир бир қайиқлар.
Қоялар қирғоқсиз, тоғлар имконсиз,
Осмонда сукунат, сув ости шовқин.
Ой ўзга тортмайди, шамол туртмайди,
Шунчаки мавжланар ғарқ бўлган тўлқин.
Маёқлар бузилган, гулханлар ўчган,
Чўкмаган кемалар эшкак, елкансиз.
Булоқдан умидвор телба дарғалар,
Чучук сув қолмаган, шўр сув ҳам танқис.
Денгиз ўтларидан сармаст юлдузлар,
Чавоқларга ошно қисқичбақалар.
Наҳанглар ов қилмас, саратон сарсон,
Қурбақа тополмай ўлган лаққалар.
Сув босса дунёни ўрдакка не ғам?!
Пат қалам учишга яраб турибди.
Кўлмакни уммон деб айтган ўпкалар
Тўпиғин чиқариб сузиб юрибди.
Дунёни сув босди. Ҳамма ёқда сув.
Мени ҳам чўкишга ундар қарорлар.
Ё наҳанг ютади, ёки балиқлар,
Уммонда ҳаммаси ҳожатбарорлар.
Саратон, 2026 йил.