Мен сизни бир бора кўришим керак.
Ўйламанг, жон эмас, ўтинар нигоҳ.
Роз беринг, нигоҳлар учрашсин илк бор,
Ва улар қалбларни этсинлар огоҳ.
Мен сизни бир бора кўришим керак.
Англамади қулоқ, айтолмади тил,
На мазмун, моҳият қолди сўзларда,
Ишончсиз ишончдан очилмади дил.
Мен сизни бир бора кўришим керак.
Ўйламанг, бу шарпа неларни хоҳлар.
Биз бирга яшадик, ўлдик, тирилдик,
Фақат учрашмаган қолди нигоҳлар.
Мен сизни бир бора кўришим керак.
Ўйламанг, жон ширин ва осмон узоқ.
Ягона имконим қолди нигоҳдан,
Дил очиб сўз айтмоқ беҳуда тузоқ.
Мен сизни бир бора кўришим керак.
Ўйламанг,.нигоҳлар йўлдан уради.
Бир имкон, нигоҳлар англар бир бирин,
Кўзларда дил акси ошкор туради.
Мен сизни бир бора кўришим керак.
Ўйламанг, беҳуда, йўқ деманг фақат,
Фақат кўзларимда қолди сўнгги сўз,
Мен сизга айтмоқчи бўлган ҳақиқат.
25-декабрь, 2019 йил.