Айтардим: “Ишингиз бўлмасин,
Ишимга бурнингиз тиқманг сиз!”
Адашган эканман, англадим,
Одамлар, сиз менга кераксиз!
“Маслаҳат керакмас” - дер эдим,
“Тошингиз кўчада теринглар!”
Шу жойда адашган эканман,
Одамлар, маслаҳат беринглар.
“Мен сизга тегмайман, сиз менга,
Мен ҳақда тилингиз тийинглар.”
Эндичи? Мен кимман билмайман,
Мени ҳам бир ғийбат қилинглар.
Тўй-тўркин, ур йиқит, кўз ёшдан,
Юрганман ғалвадан узоқроқ.
Шу кунлар завқини англадим,
Минг найдан бир карнай яхшироқ.
Манманлик ёки бу худбинлик,
Гўёки ўзга бир оламман.
Одамлар, менга хам қаранглар:
Сиз каби мен хам бир одамман.
Англадим, фарқим йўқ сизлардан
Хар қанча мезонга солмайин.
Одамлар, мени ҳам чақиринг,
Қатордан ажралиб қолмайин.
24-сентябрь, 2014 йил.