Илон мучали Шарқ мучал тизимида зукколик, синчковлик, вазминлик ва чуқур мушоҳада билан боғланади. Илон мучали вакилларининг феъл-атворида эҳтиёткорлик ва вазиятни кузатиб, кейин ҳаракат қилиш каби жиҳатлар алоҳида намоён бўлиши мумкин.
Илон мучали Сув, Олов, Тупроқ, Металл ва Ёғоч унсурлари билан боғлиқ. Қайси унсурга мансубликка қараб, Илон мучали вакилининг дунёқараши, муносабатлари, қарор қабул қилиши ва ҳаётга ёндашувида турли хусусиятлар кўриниши мумкин.
Сиз Сув, Олов, Тупроқ, Металл ёки Ёғоч Илон эканингизни аниқланг ва ўз унсурингизга хос жиҳатлар ҳақида кўпроқ билиб олинг.

Металл Илон (1941, 2001, 2061)
Металл Илонлар одатда камтар, сокин, кўзга ташланмайдиган шахслар бўлиб, бошқалардан ўзларининг мустақиллиги билан ажралиб турадилар. Улар қалбларини фақат ўзлари ишонган бир неча инсонга очадилар, бу ишончни қозониш эса осон эмас. Металл Илонлар тижоратда фойдали ва муваффақиятли лойиҳаларни аниқлаш қобилиятига эга, улар бу ишларга катта иштиёқ ва қатъият билан ёндашадилар.
Улар, айниқса, якка тартибда ишлашни маъқул кўришади. Ҳар қандай вазиятда тез ва осон йўл топа оладилар. Молиявий масалаларда Металл Илонлар жуда билимдон ва фойдали инвестицияларни амалга оширишда тенги йўқдир. Металл бу мучал вакилларига ҳақиқий метин ирода ва матонат бахш этади. Бошқа металл мучаллар каби, Металл Илонлар ҳар қандай салбий шароитларни енгиб ўтиб, мақсадига етишга қодир бўладилар.
Металл Илонлар ҳашаматли ҳаётни, санъатни қадрлайди, мусиқани яхши тушунади. Улар ўзларини қулай ва чиройли муҳит билан ўраб олишни яхши кўрадилар ва бу борада юқори таъбга эга бўлишади.
Металл Илонларнинг дўстлари кам, аммо улар синалган ва ишончли инсонлардир. Улар севган одамларига нисбатан жуда саховатли ва ҳимматли бўлишади.


Сув Илон (1953, 2013, 2073)
Сув Илон – барча Илонлар орасида энг маккор ва энг кучли ҳисобланади. Бу мучал вакиллари, бошқа Илонлар каби, яққол индивидуалист бўлиб, атрофидагиларни ўз манфаатлари йўлида моҳирлик билан бошқара олади. Сув Илон кечиримли бўлишга мойил эмас, хато ёки адолатсизликни ҳеч қачон унутмайди. Улар қасосни пухта ўйлаб, зарур пайт келгунига қадар йиллаб кутиши мумкин.
Сув Илонлар жуда кўп қизиқишларга эга бўлиб, билим олиш ва ўзини ўзи ривожлантиришга бўлган интилиши умрининг охиригача сақланиб қолади. Бу мучал вакиллари тадқиқот ишларига қизиқади ва бу йўналишда катта муваффақиятларга эришади. Улар аъло даражада хотирага, ақл-заковатга, ҳамда молия ва бизнесни яхши тушуниш қобилиятига эга.
Сув Илонларнинг хатти-ҳаракатлари ва нутқи жуда сокин ва вазмин кўринишда бўлади, бироқ уларнинг феъли ва иродаси қўйилган мақсадга эришиш учун етарлидир.
Сув Илонлар ўз оилалари ва дўстларига нисбатан беқиёс садоқатли инсонлар ҳисобланишади.

Ёғоч Илон (1905, 1965, 2025)
Ёғоч Илон – барча Илонлар орасидаги энг кам маккорлик ва айёрликка эга бўлган мучал ҳисобланади. Уларда Илон мучали вакиллари учун ғайритаъбий бўлган меҳрибонлик ва қалбдан илиқлик сифатлари мавжуд. Ёғоч Илонларга илм, кучли ақл идрок, ўткир зеҳн, орзу-умидга тўла бўлиш, яхши хулқ-атвор хосдир. Улар жуда самимий бўлишади ва инсонларнинг заифликларига нисбатан анча бағрикенг бўладилар. Бу мучалда туғилганларнинг кўпчилиги кенг доирадаги дўстлар ва уларнинг истеъдодига қойил қолувчи мухлисларга эга.
Шу билан бирга, улар барқарор ва тинч ҳаётни афзал кўрадилар, ортиқча аралашув ва кераксиз маслаҳатлардан қочадилар. Бундай шароитларни яратиш учун улар ўзларидаги барча қобилиятларни, ҳайратланарли даражада ишонтириш маҳоратлари, атрофдаги фикрдошларни жалб қилиш қобилияти, деярли мистик магнитизм, нотиқлик, тезкор фикрлаш, чуқур ақл-заковат ва ривожланган интуиция кабиларни ишга соладилар.
Ёғоч Илонлар кўплаб қизиқишларга эга, бироқ уларни энг кўп жалб қиладиган соҳалар бу санъат ва ижодкорликдир. Суратлар ва қадимий антиквар ашёларни тўплаш уларга ҳақиқий қувонч бахш этади.
Ёғоч Илонлар доимо шон-шарафга интилишади ва жуда катта орзулар қилишади.

Олов Илон (1917, 1977, 2037)
Олов Илон бошқа Илонлардан ўзининг энг юқори даражадаги фаоллиги, ҳаракатчанлиги ва кучли энергияси билан ажралиб туради. Улар ўзига ишонган, кибрли инсонлар бўлиб, ўз фикрларини очиқ ва ошкора айтишади, ҳатто бу фикрлар умумий қарашларга зид бўлса ҳам. Олов Илонларнинг табиати бироз мураккаб – улар жуда танқидчи бўлишади. Ҳар қандай инсон уларнинг ўткир тили ва танқиди остига тушиши мумкин. Бошқа Илонлар билан солиштирганда, унчалик совуққон эмас.
Олов Илон бошқалар билан яқин муносабат ўрнатишда қийинчиликка дуч келади, бироқ ўз танишлари билан осонликча хайрлашади, ҳеч қачон ўз хатоларини тан олмайди. Қарши жинс вакиллари билан муносабатларда эса улар ўта рашкчи ва жуфтлари устидан тўлиқ назорат ўрнатишга ҳаракат қилишади.
Олов Илонлар кучли лидерлик қобилиятига эга. Улар нотиқлик санъатида маҳоратли бўлиб, уларнинг ишончли ва таъсирли нутқлари одамларни ўзига ром этиб қўяди. Бу мучал вакиллари кучли ҳазиллари, жамият ишларида фаоллиги, саёҳатларни жуда яхши кўриши билан ажралиб турадилар.
Агар Олов Илонлар атрофидаги одамлар билан мулоқотда камроқ қатъий ва кескин бўлишни ўргансалар, бу уларнинг ҳаётини янада осон ва самарали қилади.

Тупроқ Илон (1929, 1989, 2049)
Тупроқ Илонлар илонлар орасидаги энг ҳиссиётли ва самимий характерли инсонлар. Улар ёқимтой ва самимий инсонлар бўлиб, масъулиятли ва ишончли ходимлар сифатида танилган. Тупроқ Илонлар ақл ва мантиқий ёндашувга асосланган ҳолда иш кўришади, тезкор қарорлар қабул қилишни ёқтирмайдилар.
Тупроқ Илон йилида туғилган инсонларнинг дунёвий бойликларга – ҳокимият, пул ва улар орқали сотиб олиш мумкин бўлган ҳамма нарсага нисбатан ҳақиқий иштиёқи бўлади. Энг ёмон ҳолатда улар хасис ёки тўпламоқчи бўлган бойликларига мутлақ боғлиқ инсон бўлиб қолиши мумкин. Энг яхши ҳолатда эса улар тежамкор ва ақлли мулкдорлар сифатида ҳаёт кечирадилар.
Кўпинча, Тупроқ Илонлар молиявий барқарорликка осонликча эришадилар ва ҳаётлари кўплаб дўстлар даврасида ўтади. Улар яқинлари ва қариндошлари билан мулоқотда мислсиз сахийлик ва содиқликни намоён қиладилар.
Тупроқ Илонлар ўз ҳаёти сифатини янада яхшилаш учун кўпроқ эҳтиёткорлик ва эътиборни кучайтиришлари зарур.