Умумий тавсиф
(1903, 1915, 1927, 1939, 1951, 1963, 1975, 1987, 1999, 2011, 2023)
Айрим шарқ мамлакатларда Қуён мучалини Мушук мучали йили деб ҳам атайдилар. Бу ҳайвонларни умумий хислати – юқоридан сакраганда ҳар доим тўрт оёғи билан ерга тушиш қобилиятидир. Улар ташқи жиҳатдан кучсиз ва ҳимоясиз кўринса-да, жуда мураккаб ички дунё ва сирли кучга эга бўладилар.
Қуёнлар ақл-заковат ва яхшилик рамзи бўлган мучал остида дунёга келадилар. Улар хавфсизликда, тинчликда ва атроф муҳит билан ҳамжиҳатликда яшашни жуда муҳим деб билган ақлли инсонлардир. Қуёнларда ҳеч қандай тажовузкорлик бўлмайди. Жисмоний ва маънавий қулайликка бўлган иштиёқлари уларни ёқимсиз безовталик ва қийин вазиятлардан қочишга ундайди. Қуён баҳс ва мунозараларни ёқтирмайди, улардан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилади. Шунга қарамай, Қуён билан мулоқот қилиш – ҳақиқий завқ, чунки у ёқимли, мулойим, хотиржам ва ақлли инсон. Бу мучал вакиллари ўзларига қаратилган танқидий фикрларни жуда оғриқли қабул қиладилар. Қуёнлар жуда яхши маслаҳатлар бера олишади, кўпчилик уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутади.
Табиий эҳтиёткорлик ва, маълум даражада, виждон амри Қуёнларга барча ҳаётий соҳаларда фаолият бошлашдан аввал, ўз қадамини барча ижобий ва салбий томонларини синчковлик билан ўйлаб кўрмай ҳаракат қилишга йўл қўймайди. Бундай фикрлаш тарзи одатда атрофдагиларга ёқади ва улар бу мучал вакилларига ишонч билан муносабатда бўлишади. Турли халқлар эътиқодларидан маълумки, қуёнлар ва мушуклар жуда ривожланган ички сезги ва олдиндан ҳис қилиш қобилиятига эга жонзотлар. Улар инсонлар ва бошқа нарсаларнинг қувват таъсирини ҳис қила оладилар. Мунажжимлар эса мушук ва қуёнларда махфийлик сифати борлигини ҳам таъкидлайдилар. Улар мулойим ва одобли кўринишади, аммо уларнинг ҳеч қачон ҳеч кимни яқин йўлатмайдиган сирли ҳудудлари ҳам мавжуд бўлади.


Қуёнлар ўз яшаш жойларини, уйларини жуда қаттиқ эътибор билан жиҳозлайдилар. Ўз хонадонларини озода, шинам ва кўркам тутиш учун, уйларида меҳмонларни уялмай қабул қилиш учун Қуёнлар ўз вақтларини ва маблағларини аямайдилар. Улар ҳамма буюмлар, нарсалар жой жойида туришини ёқтирадилар. Қуёнлар доимо хушбичим ва дид билан кийинишади, чиройли кўринишади. Бу мучал вакиллари нуфузли, обрўли жамиятларда, катта компанияларда бўлишни жуда ёқтирадилар.
Уларнинг бу интилиши беҳуда кетмайди, Қуёнлар жамиятнинг эркатойлари, уларни бемалол ўзларини кўрсата оладиган ижтимоий шахслар деб аташ мумкин. Бошқа томондан қараганда, бу Қуёнлар шахсиятида маълум бир юзакилик сифати пайдо бўлишига олиб келади.
Қуёнлар оилавий муносабатлардан кўра кўпроқ ижтимоий ҳаётга кўпроқ интилишади, аммо бу уларнинг ишқий муносабатлари ва никоҳга жиддий ёндашувларига халақит бермайди. Умр йўлдоши танлашда улар узоқ вақт ва жиддийлик билан қарор қабул қиладилар. Одатда, охирги қарорларини жиддий ишқий саргузаштлар оқибатида қабул қилишади. Қуёнлар меҳрибон, ширинсўз, содиқ инсон бўлишга қодир, аммо оила олдидаги масъулиятларини тўлиқ англамайдилар. Қуёнлар учун турмуш ўртоғи билан, фарзандлари билан оила даврасида биргаликда вақт ўтказиш ўрнига дўстлар билан улфатчилик қилиш улар учун табиий ҳолат саналади.
Агар Қуён раҳбар лавозимига ўтиб қолса, ўзининг қўл остидаги ходимларига нисбатан анча бағрикенглик билан муносабатда бўлади, лекин эркин фикр билдиришнинг аниқ чегаралари ҳам бор. Ўз ишларини эпчиллик билан юритиш қобилияти ва фойдали битимларга бўлган ички туйғуси сабабли бу мучал вакиллари доим моддий жиҳатдан яхши таъминланган бўладилар. Қуёнларнинг омади келишига ташқи омиллар ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу инсонлар камдан кам вазиятларда ўзларининг хотиржамлигини ёки тинчлигини бузадилар. Ишчи ходим сифатида улар жуда масъулиятли, меҳнатсевар ва ўта кузатувчан бўладилар. Ушбу сифатлар уларга ҳар қандай профессионал соҳада муайян ютуқларга эришишга ёрдам беради. Қуёнлар учун энг кўп мос келадиган касблар - уларнинг мулоқот қилиш маҳоратидан фойдаланиш мумкин бўлган соҳалардир. Улардан ажойиб дипломатлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, олимлар ва санъаткорлар етишиб чиқади. Ушбу мучал вакиллари ўзига хос диди, нозик таъби туфайли муваффақиятли антиквар дўкон эгалари бўлишлари мумкин. Қуёнлар молиявий ишларида омадли, фойдали битимларни сезади ва керакли пайтда ҳаракат қила оладилар.
Жозибали, меҳрибон ва яхши тарбия кўрган Қуён кучли дипломат бўлиши мумкин, чунки у табиатан энг мураккаб можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва ҳар қандай суҳбатдош билан умумий тил топиш қобилиятига эга.

Қуён ва бошқа мучаллар муносабатлари
Эҳтимол, Қуён учун энг яхши жуфт Қўй бўлиши мумкин. Иккиси ҳам ажойиб дидли, таъби нозик мучаллар, ёқимли ва шинам ҳаётни яхши кўрадилар.
Бир жуфт Қуён ҳам ажойиб уйғунликни ташкил қилиши мумкин.
Ит ва Тўнғиз билан ҳам яхши муносабатлар ўрнатиш мумкин. Ит мучалининг самимияти, Тўнғиз мучалининг чиройли ҳаётга бўлган муҳаббати сабабли Қуён уларга жуда мос келади. Ҳароратли ва кенгфеъл Тўнғиз Қуённинг ҳаётига албатта қувонч олиб кириши мумкин.
Шухратпараст Товуқ билан муносабатлар кўпинча яхши натижа бермайди. Кўзга ташланиб туришни ёқтирмайдиган, сезгир ва камсуқум Қуён хаддан ташқари мақтанчоқ Товуқнинг феъллини ҳазм қила олмайди.
Бу Йўлбарс мучали билан муносабатларга ҳам тегишли. Қуён уни ҳаддан ташқари тажовузкор, хатти-ҳаракатларини эса сунъий, ясама деб ҳисоблайди. Аммо баъзи ҳолатларда, улар бир-бирини ажойиб тарзда тўлдириб, муваффақиятли жуфтликка айланишлари мумкин.