Умумий тавсиф
(1909, 1921, 1933, 1945, 1957, 1969, 1981, 1993, 2005, 2017, 2029, 2041)
Товуқ мучал вакилларини бир томондан, ҳаракатчан, тезкор, сухбатга осон киришувчан, ҳатто вайсақи дейиш мумкин. Бошқа томондан эса улар синчков, хотиржам ва кузатувчан инсонлар. Ҳар икки жиҳатдаги Товуқлар билан муносабатни йўлга қўйиш баъзан жуда қийин бўлиши мумкин.
Товуқ мучалида туғилган инсонлар кўнгли тоза ва самимий бўладилар. Улар кўпинча баҳс-тортишувларга мойил бўлишади, ҳар қандай баҳсларда фаол иштирок этишади, ўз фикрларини жуда ишончли, тўғридан-тўғри, кескин, баъзан ўта тартибсиз ифодалайдилар. Аммо уларнинг ташқи жасурлиги ортида жуда катта ўзига ишончсизлик яширинган бўлади, агрессив хулқлари эса ўзига хос ҳимоя воситаси ҳисобланади. Товуқлар ёрқин шахслар бўлиб, бу ҳатто уларнинг кийиниш услубида ҳам намоён бўлади. Улар яхши ҳазил ҳиссига эга. Бошқаларнинг ҳиссиётлари уларни деярли қизиқтирмайди, улар кўпинча бошқаларни эҳтиёт қилишни хаёлига ҳам келтиришмайди.
Жанговар Товуқ қизғин баҳсларни яхши кўради, тортишув орқали бутун дунёга ўзини ҳақлигини исботлашга ҳаракат қилади. Атрофидаги одамларга уларнинг мажбуриятлари ҳақида тўхтовсиз эслатиб туришлари сабабли уларга баъзида чидаб бўлмай қолади. Товуқ бировларнинг хатоларини танқид қилишни яхши кўради, лекин ўзига нисбатан айтилган танқидларни мутлақо қабул қила олмайди. Агар кимдир унинг шахсий ҳаётига аралашмоқчи бўлса, ўша заҳотиёқ тегишли жавобини олади.
Бу мучал вакиллари – экстравертлар, жамият билан тез тил топишадилар, доимо диққат марказда бўлишни яхши кўрадилар. Инсонлар билан осонгина танишиб, кўплаб дўстлар даврасида умр кечирадилар.


Ишқий муносабатларда бу мучал вакиллари билан ниҳоятда очиқ ва ростгўй бўлиш керак, чунки у гап тагидаги гапларни англолмайдилар, нозик ишораларни тушунмайдилар. Улар яхши кўрган одамларига содиқ қолишади, ҳеч ким уларни енгилтаклик ёки масъулиятсизликда айблай олмайди, лекин вақт ўтиши билан улар ўта ҳукмрон, консерватив, яъни ўзгаришларни хушламайдиган бўлиб қолишади. Одатда, товуқ мучали вакиллари оиласи катта бўлади. Улар ўз жуфтларига юксак садоқати билан ажралиб туришади, фарзандлари ҳаётида фаол иштирок этишади. Товуқ мучали вакиллари яхши оила хўжайини бўлиб, оиласи ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги учун ҳаракат қилишади.
Товуқ мучали вакиллари учун бир қадамини режалаштириш, барча ишни синчковлик билан, тартибли ва батафсил бажариш ўзига хос фазилатдир. Бу мучал вакиллари ҳеч қачон режалаштирилган ишларни кейинга суриб қўймайдилар, уларнинг шиори: «Бугун ёки ҳеч қачон». Улар ҳамма ишни қалбдан, пухта, масаланинг моҳияти ва майда-чуйда жиҳатларигача чуқур ўрганиб бажаришади, муваффақиятга эришиш учун нафақат ўз танишларидан, балки бошқаларнинг танишларини ҳам ишга солишади. Уларда ижобий хислатлар кўп: ишчанлик, босиқлик, қатъият, мислсиз меҳнат қобилияти. Раҳбарлик салоҳиятини эса умр бўйи ривожлантиришга интилишади. Улар одатда ҳеч кимга ишонмайдилар, фақат ўз кучларига таянишади, чунки ягона тўғри қарорни фақат ўзлари бериши мумкин деб ўйлашади.
Бу мучал вакиллари омадга умид боғламасликлари керак. Улар бойликка фақат фаолият учун қулай шароитларда узоқ вақт давомида кўп меҳнат қилиб эришишлари мумкин. Шунингдек, шуҳратпараст Товуқ мучали вакиллари ўзлари амалга ошира олмайдиган юксак мақсадларга интилмасликлари жуда муҳимдир.
Бу йилларда туғилган одамларга ишончлилик, ҳалоллик ва тўғри очиқсўзлик хосдир. Товуқ мучали вакилларидан яхши дипломатлар чиқмайди, чунки улар аввал гапирадилар, кейин ўйлайдилар ва керакли пайтда жим туришни билишмайди. Лекин бу уларнинг ҳаётига зиён етказмайди, уларнинг ҳаёти муваффақият ва мағлубиятлар кетма-кетлигидан иборат. Уларнинг вақти-вақти билан кўрсатадиган ўжарлиги ва худбинлигига атрофидагилар одатда енгиллик билан қарашади.
Товуқ мучали вакиллари ўта жасур бўлиб, руҳини туширмай, юзидаги табассумни йўқотмай иш учун ҳаётини хавф остига қўйишга қодир, улардан ажойиб жангчилар чиқиши мумкин. Товуқ мучали вакиллари жамиятда юқори мавқе эгаллашга, обрўли касбга эга бўлишга интиладилар. Улар ҳар доим ўз ишларини муҳим деб ҳисоблашади.
Улардан яхши амалдор чиқади, чунки бошқарув санъатида уларга тенг келадигани йўқ. Улар масъулиятли ишларни яхши кўрадилар – раҳбарлик курсисини эгаллашга ёки, ҳеч бўлмаганда, юқори тоифали мутахассис бўлишга ҳаракат қилишади.

Товуқ ва бошқа мучаллар муносабатлари
Товуқ учун энг муваффақиятли оилавий уйғунлик – Илон билан мос келади. Товуқ Илоннинг ҳаётини ёрқин ранглар билан бойитади, Илон эса унинг очиқкўнгил ва ўтли табиатини жуда ҳурмат қилади.
Сигир билан ҳам Товуқнинг қизиқишлари кўп жиҳатдан ўзаро мос келади - бу жуфтликда ўзаро тушуниш кучли бўлади.
Аждар билан эса улар улкан режалар ва катта мақсадлар сари бирга интиладилар - ҳар иккаласи ҳам жонкуяр, ғайратли ва бир-бирини руҳлантира оладилар.
Тўнғиз билан муносабатлар ҳам анча муносиб — бир-бирларини қийнамайдиган, тинчликка мойил жуфтлик бўлишади.
От билан ўзаро ҳурмат асосида яхши муносабат шаклланиши мумкин.
Бироқ икки жанговар Товуқни бир катакка қамаш мутлақо мумкин эмас — бир неча дақиқа ичида атрофда қуюндай чанг тўзон кўтарилиши турган гап.
Сичқон ва Товуқ бир-бирига чидашади, лекин муносабатларда бир оз масофа сақлашади.
Товуқ эса Қуёнга бахт ва хотиржамлик олиб келиши даргумон, уларнинг табиатлари кўпинча бир бирига зид келади.