Умумий тавсиф
(1910, 1922, 1934, 1946, 1958, 1970, 1982, 1994, 2006, 2018, 2030, 2042)
Ит мучалида туғилганлар — ғамхўрлик ва садоқат рамзи остида дунёга келган инсонлардир. Бу мучал вакиллари доимо ҳушёр, сергак, вақтини беҳуда сарфламайдиган ва масъулиятни юксак қадрлайдиган табиатга эга.
Ит мучалидагилар инсоний фазилатларнинг энг юксакларини ўзида мужассам этган: улар содиқ, олижаноб, самимий, ҳалол ва кечиримли. Улар адолатсизликка тоқат қилолмайдилар, ҳар доим ҳақиқатни очиқ айтадилар ва ниятларини яширишмайди.
Бу йилларда туғилган одамлар муттаҳамликдан йироқ бўлиб, эҳтиёжмандларга ёрдам беришга доим тайёр турадилар. Улар маслаҳат бериши ҳам мумкин, аммо ҳеч қачон уни мажбурлаб тиқиштирмайдилар — фақат сўралгана маслаҳат беришади ҳолос. Умуман олганда, Ит мучалидагилар дўстона, очиққўл ва хушмуомала бўладилар, бироқ жуда тўғрисўз ва баъзан ўта ўжар бўлишлари ҳам мумкин. Шу билан бирга, улар сўзи, нияти ва қилмиши учун жавоб бера оладиган мустаҳкам характер эгалари. Суҳбатдошининг фикрини тинглашга, унинг қарашларини инобатга олишга ҳаракат қиладилар ва доимо адолатли бўлишни истайдилар.
Ит йилида туғилганлар бутун умр изланишда юрадилар ва ўзларига тинчлик бермайдилар. Ҳатто барча ишлари яхши кетиб турганида ҳам, улар доимо безовталаниб: ҳаммаси бажарилганми, нимадир қолиб кетмади, яна ниманидир яхшилаш мумкинми - деб ўйлаб юрадилар. Улар доимо айбдорлик ҳисси ва қондирилмаган истаклари билан курашиб яшайдилар. Ит мучалидагилар доим шошилишади, баъзан кеч қолишади, уйқусизликка мойил бўладилар ва ҳатто арзимаган нарсаларга ҳам хавотирланиб ўзига азоб берадилар. Кўп одам тўпланадиган жойлар, катта гуруҳлар уларга ёқмайди. Бундай камгап кишилар сокин, камтарона муҳитни афзал кўрадилар. Бироқ жамоада бўлганда, Ит мучали вакиллари ўзини аъло даражадаги суҳбатдош сифатида кўрсата олади: кўплаб қизиқарли воқеалар, кулгили ҳикоялар айтиб беради. Унинг ўткир сезгиси ким билан иш тутаётганини жуда тез англашга ёрдам беради.


Ит мучалида туғилганларнинг дўстлари кўп бўлади, уларга нисбатан чуқур, самимий садоқат намоён қиладилар. Аммо бундай инсон билан ёнма-ён яшаш осон эмас: унинг атрофдагиларга бўлган талаблари жуда баланд, баъзан жуда бетайин бўлиб қолиши, кайфияти тез-тез ўзгариб туриши мумкин. Бироқ Ит мучалидагилар ҳеч қачон хиёнат қилмайди ва яқинларининг ишониб топширган барча сирларини асраб-авайлайдилар. Шу билан бирга, улар юрагини очиб дийдиё қиладиганларни хушлашмайди, ўзлари ҳам бировга юрагини очмайдилар. Баъзан Ит мучали вакиллари бир оз ўйинқароқдек туюлиши мумкин, аммо улар қадрли инсонларига доимо содиқ бўлиб қоладилар. Ит мучали вакилининг дўсти бўлиш - катта бахт.
Бу мучал вакилларининг яна бир жиҳати - ўта ўжарлиги. Бироқ улар ўз мақсадларини жуда аниқ англайдилар. Одатда улар маълум бир йўналишда, ҳатто жуда тор соҳадаги мутахассисликка эга бўлишади. Моддий фаровонлик улар учун ҳаётнинг асосий мақсади эмас, мол тўплашга қизиқмайдилар. Шу билан бирга, улар жуда садоқатли, барқарор, меҳнаткаш ва масъулият ҳисси кучли бўлади. Ҳар қандай ишда ўз кучига таянадиган инсонлардир.
Ит мучалидагилар учун шахсий ҳаёт ва муҳаббат муносабатлари ҳар доим бироз мураккаб масаладир. Чунки бу йилларда туғилган инсонлар доимо ҳамма нарса ҳақида қайғуриб юришади. Шунга қарамай, оила қуриш уларни бирмунча тинчлантиради, қалбдаги изтиробни камайтиради ва руҳий барқарорликка олиб келади.
Ит мучали вакиллари содиқ ва вафодор бўлишади, хиёнат ва ноҳақликни ҳеч қачон кечиришмайди. Агар уларга хиёнат қилинса, бошқаларга ишончи сўнади, атрофдагилар билан муносабати кескин чекланади ва улар узоқ вақт ёлғизликда қолиб кетишади. Ит мучали вакилларининг ўз жуфтларига бўлган садоқати ниҳоятда кучли. Улар болаларини жон-дилидан севади, доимо ғамхўрлик қилади ва улар билан умумий тил топишиш улар учун муаммо бўлмайди.
Ит йилида туғилганларни меҳнат жамоаси жуда ҳурмат қилади. Уларни ҳатто муҳим ва алмаштириб бўлмайдиган ходим деб ҳисоблайдилар, чунки уларда масъулият ҳисси кучли, меҳнатсеварлик, ўз ишига муҳаббат ва яхши ташкилотчилик қобилияти мавжуд. Ит мучалидагилар асосан аниқ фанлар билан боғлиқ бўлмаган соҳаларда юқори натижаларга эришадилар. Улар ҳуқуқ, таълим, сиёсат ва жамият ишлари, одамлар билан доимий муносабатларни талаб қилувчи бошқа соҳаларда ажойиб мутахассис бўлиб етишадилар.
Умуман олганда, Ит мучалидагилар ғамхўрлиги ва садоқати билан ажралиб туради, шу билан бирга доимо хавотир ва асабий тангликда яшайдилар. Чунки улар ҳар бир адолатсизлик ҳолатини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиладилар. Шундай вазиятга тушганда, улар уни тузатишга интилади ва мақсадларига эришгунча ором олмайдилар.
Бу мучал вакиллари бошқаларни тинглай олади, чуқур ақлга ва камтарликка эгадир. Кўпинча улар ҳаётга нисбатан салбий қарашга эга бўлиб, ундан катта умид қилмасликка мойилроқ бўлишади.

Ит ва бошқа мучаллар муносабатлари
Ит мучали кучли энергияга эга От мучали билан жуда яхши тил топишади. От унга кенг қамровли муҳитга киришга ёрдам беради. Уларни умумий жиҳатлари, меҳнатсеварлик, бизнесга қизиқиш ва фаол ҳаёт тарзи яқинлаштириб туради. Ит ва От мучаллари вакиллари иш жамоасида ҳам, оила қурганда ҳам барқарор ва муваффақиятли жуфтлик бўла оладилар.
Ит мучали вакиллари Қуён мучали билан ҳам яқинлашиши мумкин — улар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, руҳлантириб турадилар.
Йўлбарс билан Ит жуда яхши келишади, бундай оилавий жуфтлик бахтли ва саодатли бўлади.
Энг қийин муносабатлар Аждар билан бўлади. Аждар билан мулоқот қилиш Итдан катта сабр ва куч талаб қилади. Ит Аждарнинг доно фикрларини, қарашларини инобатга олмайди, деярли ҳеч бир масалада уни қўллаб қувватламайди, улар орасида тез-тез можаролар келиб чиқади.
Қўй мучали Ит билан мутлақо мос келмайди. Ит мучали вакиллари интиладиган ҳаётий қадриятлар Қўйнинг хаёлий орзуларини парчалаб ташлайди.
Итлар Маймун билан ҳам осонликча тил топиша олишмайди. Уларнинг сифатлари, характери ва дунёқараши орасида жуда катта фарқ бор.