Болам тезроқ дарсингни қил,
Қишда кунлар қисқароқ.
Китобингни эрта ўқи,
Кўз оғритар шамчироқ.
Мана сенга янги пальто,
Тунда кийиб ётгани.
Боболардан мерос сандал
Ҳисоб тонгни отгани.
Ўзбекни қўй, тилни ўрган
Инглиз, рус, испанни,
Араб, хитой, бошқани бил,
Таниш учун ватанни.
Балки сен хам куни келиб
Яхши олим бўларсан,
Янги кучни топиб олиб
Балки Нобель оларсан.
Ана шу кун келганида,
Ўзбекни хам ёдга ол,
Кимга сотсанг кашфиётинг
Бугунингни эсга сол.
Тўғри, бизда олим бўлиб
Олис кета олмайсан.
Олим бўлсанг, ишон болам,
Бир чеккада қолмайсан.
Менга муҳим инсон бўлсанг,
Миллатингни фарқи йўқ,
Иймонингда турсанг етар,
Ўзбекликнинг дахли йўқ.
Энди ухла, мен ўтиндан
Хабар олай, ўчмасин.
Зимистон бу фикрларим
Тилдан дилга кўчмасин.
21-ноябрь, 2020 йил,
Зимистон Асака.