Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

Муҳаммад Юсуф

Муҳаммад Юсуф - Ватаним

Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…

Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдарду ҳамхонам дейми,
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри —
Илиғимсан, Ватаним.

Сен Машрабсан,
Халқда тумор,
Балхда дорга осилган,
Навоийсан, шоҳ ёнида
Фақирни дуо қилган.
Яссавийсан, меники деб,
Кўринган даъво қилган,
Минг бир ёғи очилмаган
Қўриғимсан, Ватаним.

Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарбозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон
Чўлиғимсан, Ватаним.

Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин — Курдистонда,
Бобуринг — Ҳиндистонда,
Бу қандай юз қаролиғ деб,
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…

Ўғлим, десанг осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Навкар бўлиб тушгайман,
Падаркушдан пана қилиб
Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…

Ўтган кунинг — ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам! деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.

Ёнингда қон йиғлаган бир
Шоирингга қараб қўй,
Гар Қўқонга йўлинг тушса,
Детдомларни сўраб қўй.
Ҳеч бўлмаса Усмон хокин
Келтирмоққа яраб қўй,
Олисларда қуриб қолган
Қудуғимсан, Ватаним…

Сен — шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!

Муҳаммад Юсуф

Ўзбекистон халқ шоири

(26-Апрель, 1954 йил ~  29-июль, 2001 йил)

 

decoration

decoration

 

Ватанни қандай англаш керак?

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг «Ватаним» шеърини ўқимаган, Севара Назархон ижросида қўшиғини эшитмаган инсон кам бўлса керак.

Шоир савол беради, мен дунёни нима қилдим?! Ватанни англаш учун аввал инсон ўзига савол бериши керак. Шоир шеърини айнан шу савол билан бошлагани учун ҳам бу шеърга ҳавасим чексиз.

Ватанни нима деб аташ мумкин? Уни қандай севиш мумкин? Шоир бу туйғуни савол қилиб беради: Синглим дейми? Онам дейми? Ҳамдарду ҳамхонам дейми? Чунки муҳаббат турлича, ёрга, сингилга, ота онага, дўстга ва бошқаларга. Ватанга бўлган муҳаббатни англашни фарқлашга ундайди.

Шу муҳаббат сабаб шоир ватанини қизғонади, рашк қилади, ҳар бир тола сочини ўзиники деб билади. "Яссавийсан, меники деб, кўринган даъво қилган, минг бир ёғи очилмаган қўриғимсан, Ватаним. Тарқаб кетган тўқсон олти Уруғимсан, Ватаним…"

Шоир ўзининг ватан ҳимояси йўлидаги изтиробларини эса биргина сатри билан юракларни тирнаб ташлайди "Ғичир-ғичир тишимдаги сўлиғимсан, Ватаним…". Аламларини яна бир сатрда беради "Воҳ болам! деб айтолмаган дудуғимсан, Ватаним."

Шоирнинг сўнгги сатрлари эса келажакка умид бағишлайди, тинчлантиради, юпатади. "Сен — шохлари осмонларга тегиб турган чинорим.

Муҳаммад Юсуфнинг «Ватаним» шеърини ўқиш осон эмас, ёдлаш осон эмас, ҳис қилиш осон эмас. Ватанни англаш учун бу сатрлар етарли эмас. Шоир Муҳаммад Юсуфдек бу кечинмаларини ҳис қилиш осон эмас. Шунинг учун ҳам бу шеърни яхши кўраман.

Али Ал Меҳр

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?