Мусулмонсан гар мусофир бўлсанг деди.
Ота-онам, ёрни ташлаб юртлар кездим.
Ярашади “Мерс”лар миниб юрсанг деди,
Топганимда соғинч эмас, нафсни сездим.
Пул аслида қўлнинг кири дейди халқим:
Қўлим кири пул бўлганда бўлдим устун.
Соғиндим деб сим қоқсалар сингилларим,
Даста даста пул жўнатдим сеплар учун.
Сеп чимматга буркаб қўйиб сингилларим,
Тўйларида телефонда айтдим ўлан.
Ишласин деб олиб кетдим укаларим
Жуфтларини тийиб тилло занжир билан.
Ўғил бўйдоқ, дўриллабди бобосига,
У ҳам тезроқ бир ёнимга кирсин дедим.
Бўйи етган қизим сирдош момосига,
Айтиб қўйинг, рўмол ўраб юрсин дедим.
Гоҳи гуллаб, гоҳи сўлиб пулсиз қолсам
Сингилларим туртишади аканглар деб.
Жуфтларидан ҳадиксирар укаларим,
Ёлғиз пулсиз нима қилди эканлар деб.
«Кел» дединглар боролмадим вақтим тиғиз,
Жаҳлим чиқиб «Тирикчилик» деб қўяман.
«Ҳали борай, элу юртга тўйлар қилиб,
Қатор-қатор қўчқор, новвос, нор сўяман!»
Вақти келиб белдан қувват, шиддат кетди.
Укалар ҳам йўлин топиб меҳри кетди.
Ўйладимки, энди қайтар муддат етди,
Бу юртларни қизиқтирган сеҳри кетди.
Бор бисотим тугиб келсам уйларимга:
Бирор инсон кутиб олмас остонада
Хотин қайда, ўғил қайда, қизим қайда?
Совуқ зулмат шундай катта кошонада.
Олиб келсам шохи атлас кийсин дея,
Кафан кийиб кетибдику онажоним?
Уйлар қурсам даврон суриб юрсин дея,
Ўз қабрига етибдику отажоним?
Йиғлаб келди кичик синглим эрдан қочиб,
Айтиб берди турмадаги ўғлим ҳолин.
Қизим кетган мени излаб бошқа юртга.
Айтолмади, билдим қайга кетган хотин.
Мусулмонсан гар мусофир бўлсанг деди.
Лек мусофир бўлдим муслим бўлолмадим.
Одам бўлдим кимлар учун инсон эмас,
Аллоҳимдан ҳатто тавба сўролмадим.
Эйки дўстлар, мен ғарибни билинг холин,
Етмас энди токи умрим тавба қилсам.
Англаганим адашганим бўлди асли,
Бу дунёга мусофирман асли билсам.
8 июнь, 2007 йил.