18 Январь, 2018 йил манзилга ета олмаган 52 мусофир юртдошларим хотирасига бағишланади.
2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Иргиз туманида салонидаги 52 йўловчиси билан автобус ёниб кетди. Бу фожиани, бу йўқотишни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшатли, оғриқли эди. Юраклар зирқиради, аламлар тилка пора қилди, иложсизлик, тақдир, қисмат олдида ноилож қолди инсонлар. Бу барча учун оғир синов бўлди. Манзилга ета олмаган 52 мусофир юртдошларимнинг охирати обод бўлсин.
Кўргулик дейсизда? Тақдир дейсизда?
Юз эдик. Бехосдан қолдик қирқ саккиз.
Ажалга юзлашиб, олов ўйнашиб,
Манзилга етволдик эллик иккимиз.
На илож? Биз қадам ташлаймиз ҳамон.
Куйганлар ўрнига куйиб кетяпмиз.
Элликка етмасдан элакдан ўтиб,
Буғдой деб сомонни туюб кетяпмиз.
Қисматда бор экан дейсиз-да? Ҳақ гап!
Тақдирга таваккал қилиб турибмиз.
Баъзида ҳавас деб бир биримизга,
Дунёни хуржунга солиб юрибмиз.
Ачинманг бизларга. Қолганга қийин.
Тўйга деб тикилган тўннинг кўнгли ғаш.
Ўн саккиз ёшга ҳам тўлмаган қизнинг
Сочига оқ тушди. Севгани оташ.
Момиқ қор устига тўшалган кўрпа.
- Иссиқ чой дамлайми?
- Ухла Барчиной.
Оймомо аксини қучиб йиғлайди
Эрталаб қуйилган бир пиёла чой.
Майлида. Вақтимиз олий бир ҳакам.
Соқолин тутамлаб ўтирибди чол.
Кампири ҳассасин олиб кетибди
«Аёлку чидайди, менинг жоним ол».
Сиз ҳақсиз. Соғинч бор. Айтишга осон.
Дилбандим исига қачон тўяман?
- Дадангни эси йўқ, ҳали келганда
Қулоғин мен ўзим чўзиб қўяман.
Куламан. Худойим ризқ берганида
Фаришта атайлаб тешик қоп олган.
Келгунча ризқимиз сочгани етмай
Шу ерга етганда ухлабла қолган.
Тириклик айб эмас, кетмоклик ҳавас.
Дарахтнинг баргидек жонимиз ҳалак.
Арзийдими дерсиз битта ажинга?
Хуш қолинг. Бу дунё битта чархфалак.
Ҳа энди... Кетибмиз эллик иккимиз.
Бизларга қолгани бир мерос буюк:
Манзилгача олиб бора олсак бас
Эллик икки карвон, эллик икки юк.
20-Январь, 2018 йил.
![]()
Орадан ойлар ўтди, йиллар ўтди, гўёки ҳаммаси унут бўлди. Лекин бу даҳшатли фожиа кўпларнинг қалбида битмас жароҳат қолдирди. Бу тақдирларни унутиб бўлмайди. Бу аламларни унутиб бўлмайди.
Ватандошлар хотираси учун.
Эллик икки юкни орқалаб
Бир маромда кетмоқда карвон.
Ҳар қўноқда ошар туяси,
Манзил олис, иложсиз сарбон.
Карвонсарой бўлмас бошпана,
Таваккалга тикилган бозор,
Ким харидор, кимдир сотувчи,
Кимга қаср, кимгадир мозор.
Юкин ортиб борадилар жим,
Қайга бошлаб кетса сарбонлар.
Ҳар манзилдан топгунча маёқ
Изсиз кетар минглаб карвонлар.
05.01.2020