Эшик қоқиб келибди бир дард,
- Хуш келибсиз, киринг, марҳамат.
Билдирмади ҳайрон бўлганин,
- Таклифингиз учун минг раҳмат.
Тўшак солдим, дастурхон ёздим,
Нон ушатдим, қуйдим иссиқ чой.
Ош дамладим, ювингани сув,
Тунагани ҳозирладим жой.
- Мезбон, - деди, - қолсам майлими?
- Қолинг меҳмон, тўрим сизники.
Бир кам бўлса айтинг, бут қилай,
Келиш сиздан, рухсат бизники.
Кўнгли очиқ дард экан меҳмон:
Дилдан суҳбат, ҳангома, алам,
Эслолмайман, нималар дедим,
Сезмай қолдик вақт ўтганин ҳам.
Дард қўзғолди, - аришим керак.
- Ие, меҳмон, бу гап нимаси?
- Раҳмат сизга, менга жон тиккан,
Эгасининг суйган бандаси.
Дард келдию, кетди бесабаб,
Бирор гуноҳ қилганмидим ё?
Шукр суйиб берган дардига:
Уч кун меҳмон, беш кунлик дунё.
13 Сентябрь, 2020 йил.