Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

Муҳаммад Юсуфга мактуб

Муҳаммад Юсуфга мактуб

Салом ака, Муҳаммад Юсуф,
Бир мухлисдан саломнома хат.
Сиздан мерос ҳар кунга салом,
Менга сизни ёд этмоқ фақат.

Ака, ростдан соғиниб кетдим.
Қани битта янги шеър бўлса,
Эрталабда бир ўқисаму,
Кўнгил яна қувончга тўлса.

Хар куни иш. Шеър ёзгим келар.
Вақт етмайди ё мен дангаса.
Бир бир келиб ёзиб қўяман:
Деса десин ким нима деса.

Шеър деганим: мақтагувчим кўп.
Офарин кўп. Ўқигувчим йўқ.
Шеър ёзма деб айтмайсиз энди,
Сиздек бошқа ўқитувчим йўқ.

Тўйиб кетдим шеърлар ўқишдан,
Баъзилардан кўнглим озади.
Онасига хат ёзмаганлар,
Она ҳақда шеърлар ёзади.

Биз бошқамиз ёки сиз бошқа:
Асфальт йўлда сакрайди жайрон.
Бизда ўсар фақат қизғалдоқ,
Қишин ёзин гуллайди райҳон.

Тавба? Қандай ёзгансиз ака
Ота она, бола ҳақида?
Онам ўтди, отамсиз, етим:
Алла ёздим чинор ҳақида.

Ака, ростдан ўкиниб кетдим.
Сиздан таскин: йўқотмоқ-топмоқ.
Худди атаб ёзгансиз менга:
Сиздан ўгит: топмоқ – йўқотмоқ.

Ака, сизсиз кўнглим тўлмайди:
Дўстларим кўп, шоир улар ҳам.
Кўп ақлли, зиёли, хушли.
Сиздек содда, ғалатиси кам.

Кулманг ака, дард йиққаним йўқ!
Қувончларим бир дунё, уммон!
Сизга Хайём, менга сиз, ака,
Майни канда қилмасим ёмон.

Нима қолар? Бир сиқим тупроқ.
Сиздан мерос қолган китоблар.
Икки мисра шеърингиздаги,
Минг қувончу, минг изтироблар.

Ҳа. Ўзбекнинг мероси чексиз,
Отаси хам, Онаси ҳам ер,
Шоири бор, Муҳаммад Юсуф.
Фарзанди бор, содда Алишер.

Хатим тамом, Ака, ҳуш қолинг.
Ёзолмадим содда ва нафис.
Имзо қўйдим, Али Ал Меҳр,
Мухлисингиз, оддий муҳандис.

11.11.2016 й.

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?