- Дада, менга арча олиб келинг, - деди,
Ўйинчоқлар ясаб қўйдим новдасига,
Заррин кокил қирқдим ўзим зар қоғоздан,
Жой қолдирдим чироқчалар шодасига...
- Дада, сиз ҳам ўйинчоқлар сотиб олинг,
Қорбобо ҳам, Қорқизи ҳам бўлсин, - деди.
Мен кўрсатган юлдузчадан кўпроқ олинг,
Ҳар бир шохи қор парчага тўлсин, - деди.
- Кейин яна, пақилдоқ ҳам топинг кўпроқ,
Мушакбозлик қилсак нима мазза қилиб?!
Шоколадга ўхшагани бор эди-ку?!
Зўр бўлади шохларига қўйсак илиб.
Кейин бир зум жим қолади... «Ало?» - дейман...
- Қизим, айтинг, яна нима олай? -дейман...
Бир оздан сўнг пиққиллаган овоз келар,
Бир хўрлигим келиб жонсиз қолай дейман...
- Арча олманг, ўйинчоқ ҳам керак эмас,
Қорбобо ҳам, Қорқизи ҳам керак эмас,
Менга сиздан бошқа совға керак эмас,
Дадажоним, фақат тезроқ келсангиз бас...
18-декабрь, 2018 йил.