Онажон.... Бунчалар бағритош эдинг?
Бунчалар меҳрингни қизғондинг мендан?
Болам ёш, бор ҳақдан қўрқмасин дея,
Олисда жон бердинг. Хафаман сендан.
Онажон. Бунчалар қаттиққўл эдинг?
Йигит деб тегирмон тошга солдирдинг.
Ҳаётни ўргансин ўғил болам деб
Чархфалак замонда ёлғиз қолдирдинг.
Онажон, бунчалар меҳри тош эдинг?
Бор меҳринг юкладинг. Мен қотмаган жон.
Меҳрингга зорман-у, тоғдек меҳрингни,
Елкамда кўтариб юрибман ҳамон.
Онажон, бунчалар меҳрибон эдинг:
Бир борга бир йўқдир тақдири азал.
Бир бора шапалоқ урсанг яшардим,
Меҳрингни соғиниб ўлгандан афзал.
Онажон? Бунчалар аразчи эдинг?
Аразлаб кетгансан. Кўргим келади.
Тонг саҳар қуймоқлар егим келса йўқ,
Мени ҳам аразлаб юргим келади.
"Оналар оёғи остида жаннат".
Бунчалар нодонман, энди билибман.
Сен кетган сўқмоқдан топиб олганим
Ҳали ҳам ковушинг кийиб юрибман...
8-Август, 2012 йил.