- Она қизим, момо қизим, йиғламасдан
Қани айтинг: “Оқ йўл дада!” - айтинг қизим.
Сизга катта бир қўғирчоқ олиб келай,
Эргашмасдан остонадан қайтинг қизим!
Кўз ёшингиз артиб олай рўмолчамга,
Исингизни ҳидлаб олай, кулинг қизим.
Мунчоққинам, юрагимда туморимсиз,
Мен қайтгунча ўйнаб кулиб юринг қизим!
Онажони, меҳрибони, қараб туринг,
Сочларини оғритмасдан таранг қизим.
Биргалашиб дарс қилинглар, ўйнанг ўйин,
Қаранг, қандай кулгулари жаранг қизим!
Осмон узоқ, ер қаттиқлик қилар энди.
Олислардан топган ишим кимга керак?!
Сабр дейман, аммо гапга кўнмас соғинч,
Қизим билан уйда қолган ҳатто юрак.
Қўлим ишга бормас, хаёл мунчоғимда:
Нима қилди? Нима кийди? Нима еди?
Мактабичи? Муаллими мажлисга деб
Чақиртирса содда қизим нима деди?
Тушларимда арз қилади айиқчаси:
“Менга ҳатто қарамайди сизни ўйлаб”.
Уйқу қочар, соғинч эзар, чарчоқ ғолиб,
Ухлатаман ўз-ўзимга эртак сўйлаб.
Қуриб кетсин рўзғори ҳам, тирикчилик,
Қуриб кетсин орзу ҳавас, топиш-тутиш.
Фарзандидан узоқ бўлса оталарнинг
Ҳаёти ҳам ит ётишу, мирза туриш.
Ишим тугаб тез қайтаман, бағрим тўлар.
- Отасини меҳрибони бўлган қизим!
Келинг битта ачом қилай, соғинганман,
Жажжи қўли дуоларга тўлган қизим!
25-Июль, 2017 йил.
Соғинчли тун.