Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

Муҳаммад Юсуф

Муҳаммад Юсуф - Лолақизғалдоқ

Шавкат Раҳмон хотирасига

Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Мен кетсам, ёмондан
Йироқ бўл, оҳу,
Чунки сен чиройли,
Кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун
Яхши бўлар-у,
Ёмон одам яхши
Бўлмас ҳеч қачон…
Яша чегарада
Тургандек огоҳ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уйда ётибман-у,
Сезиб турипман,
Кўкда келаётир
Қушлар қайтишиб.
Хайрлар ёғдириб
Қанотларидан,
Хаста шоирига
Видо айтишиб.
Бор, менинг учун ҳам
Уларга қўл қоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам
Узатолмадим…
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Бироқ, кўнглим сезар,
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг
Бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Гулим, яқинроқ кел,
Қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни
Дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас,
Кимга мол-дунё,
Менга эса ҳаво
Етмайди, холос.
Тириклар мудроқда,
Ўликлар уйғоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Кўксим куйиб борар,
Кўкрак ёнмоқда,
Айтинг дўхтирларга,
Ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати –
Жондан тонмоқда.
Бечора жон энди
Қаерга борсин.
Энди осмон йироқ,
Энди ер юмшоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Буну хаёт дерлар,
Унутма асло,
Бир кун очиласан,
Бир кун сўласан.
Қалбимда-ку, фақат
Сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам
Ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан
Хотира – байроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Аёл қалбинг билан
Сув кеч, олов кеч,
Ғам келса бошингдан
Хушинг учмасин.
Худодан сўрадим:
Мендан кейин ҳеч,
Номард кимсаларга
Ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида
Ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Ишинг тушса, иним
Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида
Ишонганим шу.
Бироз ичишини
Айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола,
Ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ,
Фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Жон сўнги бошпана
Топаркан онгда,
У юрак остида
Дердим мен бўлсам.
Ажабланма агар
Эртага тонгда
Сени ўпиб, Ўшни
Қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим – тепамда
Йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!


Муҳаммад Юсуф

(26-Апрель, 1954 йил ~  29-июль, 2001 йил)

Decoration

Decoration

Муҳаммад Юсуф ва унинг шеърияти ҳақида...

 

Муҳаммад Юсуф покиза инсон эди. У одамларни ўйлатган, кулдирган, йиғлатган, топган-тутганини одамлар устидан сочган сахийлик тимсоли эди.
Муҳаммад ҳаммани ўзига дўст деб биларди. Ҳеч кимни бегона қилмасди. Қўлида борини дўстларига тарқатмагунча, чўнтаги бўшаб қолмагунча кўнгли тўлмасди.
Муҳаммад Юсуф тез оғизга тушди. Бирорта шоир унингдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди. Аслини олганда, асл шоирлар узоқ яшамайдилар. Аммо ортидан абадий яшайдиган мерос қолдириб кетадилар. У мана шундай ўлмас мерос қолдирди.
Муҳаммад мухлисларининг юрагини ўртаб кетди. Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш Шеърият бор.
Бу шеърият асло завол билмайди.

Саид АҲМАД,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Халқ ёзувчиси

Decoration

Ажал якка ов қилади дейишади. У ҳеч ким билан маслаҳатлашмас, бошқаларнинг иродасини назар-писанд қилмас экан. Бевақт ўлим адабиётимиз гулшанида барқ уриб очилиб, яшнаб турган бир чечакни уздию кетди.
Муҳаммаджонни марҳум дейишга ҳеч тилимиз бормайди. Аммо начораки, бу бор гап. Чинакам шоирнинг қалбида соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг юрагида ошён қурганига мен астойдил ишонганман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилаётгандай эди.
Мен Муҳаммаджон билан узоқ йиллар ёнма-ён яшаб, ёнма-ён ишладим. Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст-оғайниси бисёр ижодкорни кам кўрганман. Санъаткорлар-ку, унинг ҳар бир мисрасини созга олишга тайёр эдилар. Буларнинг сабаби нимада? Биринчи навбатда Муҳаммаджон яхши инсон эди. Яхши инсонларга бошқалар ҳамиша талпинадилар. Одамдан одам узоқлашишини Худойим ҳеч кимга кўрсатмасин.
У обрў талашмас, иззатини сўроқлаб югуриб юришдан ор қиларди. Худди шундоқ яхши инсонгина яхши ижодкор бўлиши табиий ва қонунийдир. Шу каби юксак фазилатлар туфайли Муҳаммад Юсуфни халқимиз ардоқлади. Юртбошимиз унга оталарча меҳр кўргазди, хизматларини давлатимиз муносиб баҳолади. Муҳаммад Юсуф қисқа умр кечирди. Ундан чинакам бетакрор ижодий мерос қолди. Ҳақиқий маънодаги барҳаётлик, завол билмаслик Муҳаммад Юсуф ижодига тааллуқли бўлган десам, иншооллоҳ, хато қилмагайдирман.
Жойинг жаннатда бўлсин, укажоним!

Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Халқ шоири

Decoration

ШОИР ҚАЛБИНИНГ ОТАШИ
Шоир Муҳаммад Юсуфнинг олтмиш йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги муҳтарам Президентимиз Қарори маданий ҳаётимизда улкан воқеа, давлатимиз раҳбарининг адабиёт ва санъатга юксак эътибори ва ғамхўрлиги белгиси бўлди ва ижод ахли, шеърият мухлисларини бениҳоя қувонтирди.
Муҳаммад Юсуфни халқимиз севиб дилида сақлайди, Ватан куйчиси, Истиқлол куйчиси деб ардоқлайди, ўзбек элига улуғ меҳр, садоқат сингиб кетган назокатли, самимият тўла шеърларини қадрлайди, қўшиқ қилиб айтади.
Унинг шеъриятини чин маънода қанотли шеърият, юрт осмонида баланд парвоз қилувчи, юракларга қанот бергувчи шеърият деса бўлади.
Ҳар бир ҳунар умр давомида ўрганиб борилади. Лекин ижодий ҳунарнинг ўз хусусияти бор. Истеъдод туғма бўлади. Инсоннинг зуваласида ижодкор фазилати, олови бўлмаса, ҳавас билан, меҳнат билан шоир бўлиш мумкин эмас. Муҳаммад Юсуф туғма шоир эди. Илк шеърлари биланоқ эл назарига тушган, мухлислар орттирган эди.
Ёдимдан чиқмайди. Саксонинчи йиллар бошида мен «Ёшлик» журналида ишлар эдим. Журналимизга Муҳаммаджон Юсупов имзоси билан бир ёш ҳаваскор шоирнинг шеърлари келди. Шеърларнинг ҳаммаси мағзи тўқ, фикрга бой, теран ва самимий эди. Лекин у замонда белгиланган тартибга кўра ёш ҳаваскорнинг фақат битта, нари борса иккита шеъри босилар, газета ва журналларда катта ўрин фақат катталарга, таниқли шоирларга бериларди. Биз таҳрир ҳайъатида маслаҳатлашиб бу қуюшқонни бузишга қарор бердик. Муҳаммаджоннинг ҳамма шеърлари тўла саҳифа бўлиб «Ёшлик» журналида чиқди. Биз бу ишни ёш шоирга марҳамат сифатида эмас, балки журналнинг обрў-эътибори учун, ёшлар ичида кенг тарқалиши учун қилган эдик. Дарҳақиқат, ўша туркум шеърлар овоза бўлди. Ёш шоир биринчи қадамданоқ эл оғзига тушди. «Тошкент оқшоми», «Ўзбекистон овози» газеталарида босилган шеъру лавҳалари севиб ўқиладиган бўлди.
Муҳаммад Юсуф Истиқлол йилларида баракали ижод қилди. Унинг шеърлари таниқли бастакорлар назарига тушди. Эл севган хонандалар ижросида юракларни забт этди. Шоир, бастакор ва хонанда истеъдодлари туташган жойда қўшиқ дунёга келади. Бунга Муҳаммад Юсуф шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ёрқин мисолдир.
Муҳаммаджон қисқа умр кўрди. Шам сингари ёниб яшади ва ўзидан сўнмас оташ, ёруғ из қолдирди. Бу оташ шоирнинг ёдини, иккинчи умрини асрларга туташтиражак. 

Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Халқ шоири

Decoration

Раҳматли Муҳаммад Юсуфни тушуниш учун унинг даврида яшаш, унинг қалбини тушуниш, унинг фалсафасини англаш шарт эмас. Уни шеърларини ўқиш ва ундан инсон ўзи учун хулоса чиқаришнинг ўзи етарли. 

"Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!"

Мана шу сатрнинг ўзида Инсонни ва туғилишни ("Лола" исми), меҳрни, оқибатни ва яшашни ("лолажоним" эркалаши), ҳаётнинг ибтидоси каби, интиҳоси бўлиши, инсон умрининг нақадар қисқалиги, мўртлиги ва синовларга тўла эканлигини ("лолақизғалдоқ") ёзганини англаш қийин эмас.

"— Она, мени нега туғдинг?
— Зериккандан..."

Бу шеърининг маъносини англаш учун, бир инсон ҳаётини бошидан охиригача таҳлил қилиш, тушуниш, англаш керак. Шеърда инсон бу дунёга нима мақсадда келишини шоир ўзига хос, ўта яширин маъно билан ёзиб кетган.

Бошқа шеърларини санаб ўтмайман.

Шоир ўз фалсафасини шеърларига шундай яширдики, унинг шеърларидаги асл маъно йўқ бўлиб кетишидан қўрқаман.

Али Ал Меҳр
Муҳаммад Юсуф шеърлари муҳлиси

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?