Дўстим кўрдим кўзларингда қатра-қатра ёш,
Танинг беҳол, турадирсан маъюс эгиб бош.
Нечун бу хол? Билолмасман, айтақол сирдош,
Айтгин дўстим, чидолмасман, кўрсам кўзда ёш.
Айтдинг: «Дўстим, дўстлар сендек ҳолим сўрмаслар,
Мен қоқилсам очиқ кўзлар буни кўрмаслар,
Душманларим бу ҳолимга кулиб тўймаслар,
Дўстдан ғариб дўстман, шундан кўзларимда ёш.
Ёрдан сўрсам ёр васлини, бўлса бевафо,
Хаста кўнглим дардига ёр бўлмаса даво,
Илҳом бўлиб наво эмас, келтирса жафо,
Ёрдан ғариб ёрман, шундан кўзларимда ёш.
Қайга бормай қадрим топмай бошим ёраман,
Тахтим учун бахтимни ҳам лойга қораман,
Халқман дейман, лекин йўлда танҳо бораман,
Элдан ғариб элман, шундан кўзларимда ёш…»
Дўстим, билдим, нечун сенинг кўзларингда ёш,
Нечун беҳол турадирсан маъюс эгиб бош,
Сирдош эмас, энди мен ҳам сенга бир дарддош,
Сендек менинг кўзларимда қатра-қатра ёш…
Октябрь, 2003 йил.